Келиб тушган мурожаатлар
Илғор МФЙда электр энергиясини ўчириб ёқиб, «светофор» ва «светомузика» қилиб ўйнашмоқда
  • 18.11.2019
  • 992

     МУРОЖААТ МАЗМУНИ:

     Ассалому алайкум! Сизларга илтимоснома билан мурожаат қилишимизнинг сабаби, Андижон вилояти Балиқчи тумани, Илғор МФЙда электр энергиясини ўчириб ёқиб, «светофор» ва «светомузика» қилиб ўйнашмоқда. Қўшни Норин тумани Ҳаққулобод шаҳарчасида умуман «свет» ўчмайди. Нима, биз одам эмасмизми ёки шаҳарни ўчирмай қишлоқдагиларни хоҳлаган пайтда электр таъминотидан узиб қўяверадими Андижон вилояти «электросети» раҳбарлари?

     Сабабини суриштирсак, доим вилоят раҳбарларининг топшириғи, дейишади. Келиб ўша раҳбарлар аҳволни кўрсин, бизга ўхшаб газсиз, светсиз, ичимлик сувисиз, ўтин ва кўмир ололмай қишда лой, совуқ, изғирин ва куннинг иссиқ пайтларида чанг-тўзон бўлган маҳаллаларда яшаб кўрсин-чи.

     Сизлардан ушбу масалани доимий назоратга олишингизни илтимос қиламан, минглаб одамлар номидан М.З.Жўраев.

 

     МУРОЖААТГА ЖАВОБ:

     Ассалому алайкум, М.З.Жўраев! Сизнинг мурожаатингиз «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Ахборот хизмати томонидан маълумот ўрнида қабул қилинди ва мурожаат мазмунидаги масала Жамиятимизга турдош ташкилот — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ  ваколатлари доирасида бўлгани боис, мурожаатингиз мазмуни мавжуд тартибга кўра мазкур ташкилотга юборилганини маълум қиламиз. Тез орада мурожаатингизга тегишли тартибда муносабат билдирилади.

     Шу билан бирга, Сизга мамнуният билан билдирамизки, мамлакатимиз аҳолисини электр таъминоти билан таъминлаш, хусусан Фарғона водийси истеъмолчиларини сифатли ва узлуксиз электр энергия билан таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги барча ташкилотлар бир қанча ислоҳотларни амалга оширмоқда.

     Жумладан, Андижон вилоятида жойлашган 220/110/10 кВ ли «Юлдуз» подстанциясида мавжуд 2 та 125 000 кВА қувватли автотрансформаторларнинг биттаси жорий йилнинг 20-26 ноябрь кунлари алмаштирилди, иккинчи автотрансформаторни алмаштириш ишлари 2020 йилнинг дастлабки ойида амалга оширилиши режалаштирилган  бўлиб, ушбу амалиётлар Фарғона водийси истеъмолчиларини сифатли электр энергияси билан узлуксиз равишда таъминлашга хизмат қилиши назарда тутилган.

     Бундан ташқари, турли носозликлар туфайли электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиб туриши табиий ҳол, бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати томонидан ҳар куни расмий баёнотлар бериб борилмоқда, мурожаатларга жавобан тегишли муносабатлар билдирилиб, жойларда мавжуд камчиликлар бартараф этилмоқда.

     Тизимдаги техник ҳолатлар бўйича лозим тушунчалар ҳосил қилишингиз учун Сизга «CHEKLOVLAR O‘RNATILISHIGA MAJBUR BO‘LINMOQDA! yoxud bugungi kun energiya tejamkorligi madaniyati qay ahvolda?» ҳамда «ДИСПЕТЧЕР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ УЗМАСА НИМА БЎЛАДИ? ёхуд тизимидаги йирик аварияларнинг асосий сабаблари» номли мақолалар билан танишишингизни тавсия этамиз.

     «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизматининг расмий телеграм канали: https://t.me/hetmuloqot

     «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ расмий веб-сайти: http://www.het.uz/oz

 

Ҳурмат билан,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>