Ёшлар сиёсати
ЎЗБЕКИСТОННИНГ КЕЛАЖАГИ ЁШ МУҲАНДИС НИГОҲИДА
  • 04.02.2021
  • 663

  Ёдингизда бўлса, 2020 йилнинг 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ёшлари форуми ўтказилган бўлиб, унда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам иштирок этган эди. Форумда келажак эгалари — ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, давлат раҳбари томонидан уларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари тингланган эди. Энг асосийси, ёш авлод билан бундай учрашувлар Президент учун ғайрат-шижоат бағишлаши, ёшлар мамлакатнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси экани таъкидланганди.

 

 «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ҳам 5 минг нафарга яқин ишчи-ходимлар, асосан техник ва муҳандислар, меҳнат фаолияти юритиб, уларнинг қарийб минг нафари аёллар, 800 нафарга яқини эса ёшлардан иборат.

  Жамият uzbekistonmet.uz веб-сайти «Ёшлар сиёсати» рукнининг бугунги меҳмони Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзоси — хорижда ўқиб келиб, ўзининг назарий билимларини амалиётга татбиқ этиш орқали Ўзбекистон тараққиётига кичик бўлса-да ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган ёш кадр, айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида меҳнат фаолияти бошлаган муҳандис Иззатжон Асадов Қобул ўғли...

 

Ахборот хизмати ёш муҳандиснинг баёнларидан иқтибослар келтириш орқали Ватанимизнинг миллионлаб ёшлари дунёқараши ва келажак орзуларини бир нафар ёш мутахассиснинг  ўй-фикрларидан уқиб олишга интилди...

 

«…Болалик орзуларим...

  Болаликдан муайян бир касб соҳиби бўлишни орзу қилмаган бўлсам керак...

  Лицейга киргандан сўнг ва ҳозиргача асосий мақсадим шахс сифатида шаклланиш, ўсиб камолга етиш ва оиламга яхши шароитлар яратиб бериш бўлган. И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ (Миллий тадқиқот университети) университетининг Тошкентдаги филиалида ўқиб юрган давримда нефть ва табиий газнинг атроф-муҳитга катта зарари борлиги ва уларнинг захираси чеклангани сабаб, ўзимни қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида синаб кўришга интилдим.

  2018–2020 йиллар давомида Германиянинг Фрайбург университитетида Қайта тикланувчи энергиялар муҳандислиги ва бошқарув йўналишини тугатиб, магистир унвони соҳибига айландим.

  Гарчи бакалаврда ўқиган соҳамда ишламаётган бўлсам-да, ўқиш давомида дунёқарашим ва билимим анча ошди, десам муболоға бўлмайди.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида эътироф этмасам бўлмас, бу даражага етишимда Қоракўл туманидаги 3-сон академик лицейи ҳақиқий пойдевор вазифасини бажарди. Албатта, оилам қўллаб-қувватлаши ҳамда устозларим ўгитларисиз бу пойдевор ҳам мўрт бўлиши мумкин эди. Академик лицейда физика ва математика фанларини чуқур ўрганганим ҳар доим менга ёрдам бериб келган. Бекорга айтишмас экан, ёшликда олинган билим — тошга ўйиб ишланган нақш, деб. Ўша даврлардан бошлаб физика фанига қизиқиб, фан олимпиадаларда қатнашиб юрганман. Шу жумладан, 2014 йилда физика фанидан ўтказилган республика олимпиадасида қатнашганман. Бакалаврда ўқияётганимда ҳам кўп фанлардан олимпиадаларга қатнашганман. Хуллас, лозим бўлса, қуйидаги фанлар бўйича халқаро интернет олимпиадаларида қатнашиб совриндор бўлганимни санаб ўтсам:

• Иқтисодиёт фанидан олтин медаль;
• Физика фанидан 2 та кумуш медаль;
• Материаллар қаршилиги фанида бир кумуш ва бир бронза медаллари;
• Назарий механика фанидан кумуш медаль;
•  Экология фанидан кумуш медаль;
• Социология фанидан бронза медаль.

 

 

Бундан ташқари, 2016 йилда физика ва назарий механика фанлари бўйича республика олимпиадаларида қатнашганман. Губкин номидаги университетни нафақат қизил диплом билан, балки олтин медаль (почетным знаком “Золотая звезда Губкинского университета”) билан тугатиш бахтига муяссар бўлганман.

 

2018 йил Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари йўналиши бўйича ўтказилган конкурсда қатнашиб, ғолиблар қаторидан жой олганман ҳамда чет элда магистр даражасида таҳсил олиш имконини берувчи грант соҳиби бўлдим.  

 

Фрайбургда ўқиш давомида… албатта ўзига яраша қийинчиликларга дуч келганман.

Хориждаги ўқишимнинг биринчи йилида деярли биронта ҳам ўзбек тилини биладиган киши бўлмагани учун мослашишим бироз қийин кечган. Aммо ўқиш давомида мен учун янги йўналиш — қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича анча билим ва кўникмага эришдим. Бундан ташқари, кўп дўстлар орттирдим ва, шу билан бирга, уларнинг маданияти ва яшаш тарзи билан яқиндан танишдим.

Aйнан “Ўзбекистон МЭТ” AЖга ишга келишимни сабаби…

Яқин танишим «амалий тажриба орттириш учун яхши жой» деб маслаҳат бергани сабаб айни пайтда менга қадрдон бўлишга улгурган жамоага келиб қўшилганман.

 

Хуллас, ҳозирда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Марказий бошқарув аппарати таркибидаги Мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ишлаш бўлимида иш фаолиятимни олиб бормоқдаман. Бўлимимиз асосан электр энергиясини сотиб олиш келишувлари ва шунга тааллуқли бўлган барча шартнома ва битимлар устида ишлайди. Шунингдек, биз хорижий инвесторлар билан лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борамиз. Aлбатта, назария билан амалиётнинг ўрни бошқа-бошқа, шунинг учун ҳозирда изланиб, ўз устимда ишлаб, назарий билимларимни амалиётга татбиқ этиш билан бирга соҳада мавжуд иш-тажрибаларни ўрганиш билан машғулман.

 

  Ўзбекистоннинг 2030 йилгача электр энергияси бўйича концепциясига кўра, ҳозиргига нисбатан 2 баровар кўп электр энергияси ишлаб чиқирилиши режалаштирилган, 8 ГВт қайта тикланувчи (қуёш ва шамол) электр станцияларнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳам шу жумладан.

  Aммо, ёш муҳандис сифатида бир нарсани алоҳида таъкидлашим мумкинки, ҳозирда янги қуриладиган фотоэлектрик станциялар ва шамол генераторларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини Ўзбекистон ва Марказий Осиё электр умумтармоғига етказиб берувчи электр узатиш ҳаво линияларининг йўқлиги ҳамда қурилиши режалаштирилган тармоқлар ва подстанцияларнинг қурилиши электр станциянинг қурилишидан бироз орқада қолаётгани келажакда соҳада бирқанча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, қуёш ва шамол электр станцияларининг об-ҳавога боғлиқлигини ҳисобга олсак, улар ишлаб чиқарадиган электр энергиясининг «ўзгарувчан»лигини қоплаш учун насосли сақлаш гидроэлектр станцияларини (pumped storage hydro power plant) ва беқарор электр энергия ишлаб чиқишига тез жавоб бера оладиган иссиқлик электр станцияларини қуриш керак бўлади.

 

Албатта, Президент қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқлари, Энергетика вазирлигининг топшириқ ва кўрсатмаларида айнан шу амалиётлар, айни шу муаммоларнинг ечимларига йўналтирилган ва улар ҳал этилмоқда.

Албатта, бу жараёнда биз, яъни мен меҳнат қилаётган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, қолаверса, бизнинг бўлим мутахассислари фаол иштирок этишмоқда. Камина ҳам шу сафдалигимдан хурсандман!

 

Умуман олганда, қайта тикланувчи энергия дунёда энг арзон электр манбаси ҳисобланади. Бундан ташқари, уларнинг атроф-муҳитга таъсири анъанавий энергия манбаларидан бир неча баробар кам. Биламизки, йилдан йил глобал исиш жараёнининг олдини олиш учун бутун дунё иссиқхона газларини чиқарувчи воситалардан воз кечишмоқда. Шу жумладан, кўмир, нефть ва газ маҳсулотларида ишлайдиган анъанавий электр станциялардан ҳам. Қайта тикланувчи энергия станцияларини қуриш, улардан самарали фойдаланиш йирик инвестицияларни талаб қилувчи ва ўзбекистонлик энергетиклар хорижий ҳамкорларидан ўрганиб олиб, малака ошириши лозим бўлган ўзоқ муддатли жараён.

Хуллас, “яшил энергия” йўналишида ҳали қилинадиган ишлар, ошиб ўnишимиз лозим бўлган турли қийинчиликлар бор. Дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари бу қийин ва машаққатли жараёнлардан бир неча ўн йилликлар орқали ўтиб олишган, ҳозирда уларнинг самарадорлигини янада ошириш ҳисобига, янги технологиялар орқали кам сарфлаб — кўп олиш эвазига ошиб бораётган истеъмолни қондиришга қурби етмоқда. Биз эса ҳам йилдан-йилга, кундан-кунга ошиб бораётган истеъмол ҳажмини ҳам соҳани ривожлантириб, ҳам инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиб, ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда эҳтиёжни қондириб бориб ҳаракат қилишимиз зарур.

Бу анчайин машаққатли иш жараёни бўлиб, соҳа мутахассисларидан туну кун меҳнат, катта билим-тажриба талаб этади. Камина — ёш мутахассис соҳанинг кўринмас ва сезилавермас фронтида туриб бўлса-да, устозларим, ҳамкасбларим, тенгдошларим қаторида меҳнат қилаётганимдан мамнунман. Умид қиламанки, биз дунёнинг илғор тажрибаларини Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига, хусусан электр энергетика тармоғига татбиқ этиб, Халқимиз, Президент ва Ҳукумат олдимизга қўйган марраларга тез орада етиб борамиз.

 

Баландпарвоз гапларни кўп ҳам хушламайман...

Айниқса, кўзим етмаган, ўзим ишонмаган нарсаларим ҳақида фикр билдиришдан тийиламан. Юқорида айтганларим... бу мен ишонган, билган ва ўзим ҳаракат қилаётган марралар!

 

Камина қадим ва ҳамиша Бухоро шаҳрида таваллуд топиб, болалигимдан тиришиб ўқиб-интилиб, олийгоҳда, хорижда таҳсил олиб, пойтахтдаги соҳанинг нуфузли ташкилотида меҳнат қилиб, Ўзбекистоннинг келажаги учун хизмат қиладиган йўналишларда бугун бош қотираётган мутахассислар сафида эканлигимдан фахрланаман! Халқимизнинг фаровон ҳаёти, Ватанимизнинг тараққиётига заррача бўлса-да ўз ҳиссам қўшаётганидан мамнуман.

Энергетика — иқтисодиёт локомотиви, ижтимоий-маданий ҳаёт таянчи!

Барча устозларим ҳамда ҳозирда устозлик қилаётган ҳамкасбларимга ташаккур изҳор этаман! Тенгдошларим қаторида Жонажон Ватанимизга хизмат қиламан!

Юртимиз тинч, халқимиз соғлом, иқтисодиётимиз барқарор бўлсин! Биз ёш энергетиклар устозларимиз сафида туриб халқ хизматидамиз.»

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati

>