Янгиликлар
Ёқилғи-энергетика соҳасида ташқи қарз маблағларини сарфлаш йўналишлари ва лойиҳалар самарадорлиги
  • 07.04.2021
  • 515

  Маълумки айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида давлат кафолати остида жалб қилинаётган ташқи қарзлар асосида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан кўплаб муҳокамалар кузатилади. Ушбу лойиҳалар доирасида ёқилғи-энергетика комплекси соҳасида энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш борасида маблағларнинг сарфланиши ва лойиҳалар натижадорлиги тўғрисида маълумот бериб ўтамиз.

  Шу кунга қадар соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, техник ва технологик жиҳатдан тубдан янгилаш мақсадида давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича жами 61 та битим имзоланган. Шундан 50 та шартнома электр энергетика йўналишига, 11 та шартнома эса нефть ва газ йўналишига тўғри келади. Мазкур битимларнинг умумий қиймати 9 миллиард 914 миллион долларни ташкил этиб, шундан жалб қилинган қиймати 5 миллиард 722 миллион долларни ташкил этади.

  Корхоналар мисолида кўрадиган бўлсак, 2020 йилда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан Инвестиция дастури доирасида давлат кафолати остида жалб қилинаётган хорижий маблағлар ҳисобига 4 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, Узбекистан ЖТЛ лойиҳаси, Шўртан газ кимё мажмуасида ишлаб чиқариш қувватини ошириш лойиҳаси, 2017-2021 йилларда қазиб чикаришни ошириш дастури ва Углеводородларни қазиб чиқаришни ошириш дастурлари ҳисобланади.

  Узбекистан ЖТЛ лойиҳасининг умумий қиймати 3,6 миллиард долларни ташкил этиб, шундан 2,3 миллиард доллари Халкаро молия институти ва хорижий молия ташкилотлари ҳисобига тўғри келади.

  Ҳозирги кунда Узбекистан ЖТЛ заводида лойиҳалаштириш ишлари 99 фоизга ва қурилиш-монтаж ишлари 95 фоизга бажарилди. Объектда 13 мингдан ортиқ ишчи ва муҳандислар ишламоқда. Қурилиш ишларини декабрь ойида якунлаш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг июль ойига бориб маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини бошлаш режалаштирилган.

  Лойиҳа ишга тушгандан сўнг йилига 3,6 миллиард куб метр газ қайта ишланиб, ундан 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тоннадан зиёд дизель ёнилғиси, 437 минг тоннадан ортиқ нафта ва 53 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Аҳамиятлиси, мазкур ЖТЛ лойиҳаси доирасида 1 минг 321 та янги иш ўринлари яратилади. Йилига 7,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 123 миллион доллардан ортиқ  маҳсулот экспорт қилинади ва 1,5 триллион сўм маблағлар давлат бюджетига солиқ тўланади.

  Тобора ривожланаётган энергетика бозори фонида ЖТЛ ёқилғисидан фойдаланиш ҳаво чиқиндиларини камайтиришнинг энг самарали, тежамкор ва хавфсиз усули бўлиб хизмат қилади.

  Шунингдек, Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан жами 8 та лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Тошкент иссиқлик электр станциясида қуввати 370 мегаваттга тенг 1 та, Талимаржон иссиқлик электр станциясида қуввати 900 мегаваттга тенг 2 та,  Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 450 мегаваттга тенг  иккинчи, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида қуввати 900 мегаваттга тенг 2 та, Тахиатош иссиқлик электр станциясида қуввати 560 мегаваттга тенг 2 та  буғ-газ қурилмалари қурилиб фойдаланишга топширилди.

  Биргина Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг тўлиқ ишга туширилиши натижасида, Фарғона водийсида, шу жумладан Наманган, Aндижон ва Фарғона вилоятларида электр энергиясига бўлган асосий эҳтиёжини қондиришга имкон берди. Шунингдек, мазкур станцияда 300 та янги ишчи ўринлари яратилди. Объект қурилиш даврида жами 2 минг 600 га яқин муҳандис ва ишчи ходимлар жалб қилинди, шундан 1 минг 903 нафари, яъни 76 фоизи маҳаллий мутахассисларни ташкил этди.

  Яна бир йирик лойиҳа – электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими, яъни АСКУЭ лойиҳаси жорий этилмоқда. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 552 миллион долларни ташкил қилади. Шу кунга қадар республика бўйлаб 6,5 миллионга яқин замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга ўрнатилди.

  Хулоса қилиб айтганда, ушбу инвестиция лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишлар мамлакатимиз ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришга, бунинг натижасида истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

http://minenergy.uz/uz/news/view/1202

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>