Янгиликлар
ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДАГИ “ЎЗГАРИШ” ПОДСТАНЦИЯСИДА ЮҚОРИ ҚУВВАТЛИ АВТОТРАНСФОРМАТОРНИ ЎРНАТИШ ИШЛАРИ ЯКУНЛАНДИ
  • 12.04.2021
  • 544

  Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Янги ҳаёт қишлоғи ҳудудида жойлашган “Фарғона магистрал электр тармоқлари” филиали тасарруфидаги 220/110/10 кВли “Ўзгариш”  подстанциясида, “Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш” номли инвестиция лойиҳаси доирасида, қуввати 200 МВАли автотрансформаторни янги — 250 МВА қувватга эга автотрансформаторига алмаштириш ишлари якунланди. Лойиҳа доирасида ўрнатилган юқори қувватли автотрансформатор замонавий микропроцессорли релели ҳимоя шкафлари билан таъминланган ҳолда ишга туширилди.

 

Жорий йилнинг 11 апрель куни, қурилиш-монтаж ва созлаш ишлари тўлиқ якунланиб, автотрансформатор техник-муҳандислик талабларига мувофиқ тасдиқланган ишга қўйиш дастури асосида 72 соат давом этадиган синов режимига қўйилди. Бажарилган ишларнинг якунига кўра 220/110/10 кВли “Ўзгариш” подстанциясида электр энергияси қувватини ўтказиш имконияти қўшимча 50 МВА ҳисобига ортди. Бугун, 12 апрель куни режими муваффақиятли давом этмоқда.

 “Ўзгариш” подстанцияси орқали Қўқон шаҳри ва Қўқон эркин иқтисодий зонаси, шунингдек, вилоятнинг Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Данғара, Бувайда, Учкўприк, Бағдод, Риштон ва Сўх туманларида жойлашган истеъмолчилар учун электр энергияси етказиб берилади.

  Ёдингизда бўлса, 2020 йилнинг ноябрь ойида "Ўзгариш" подстанциясида янги, 250 МВА қувватга эга янги автотрансформатор ўрнатилгани ҳақида хабар берган эдик...

  http://t.me/uzmetaxborotxizmati

  https://t.me/uzmetaxborotxizmati/4937

  Маълумот ўрнида: лойиҳага кўра модернизация ва реконструкция ишлари бошланишидан аввал подстанцияда ўрнатилган автотрансформаторларнинг умумий қуввати 400 МВАни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ўрнатилган трансформаторлар сони 3 донани ташкил этган ҳолда ўтказувчанлик қуввати 700 МВАни ташкил этмоқда. Яъни “Ўзгариш” подстанцияси орқали электр энергия қувватини ўтказиш имконияти 300 МВА ҳисобига ортди.

   Таққослаш учун: биргина Сирдарё вилояти истеъмолчиларининг умумий истеъмол қуввати 300–350 МВА, Жиззах вилоятини эса 350–400 МВАни ташкил этади.

 

  Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибилаги «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиал ходимларининг саъй-ҳаракатлари замирида филиалда соғлом ва беталофат иш муҳитини яратиш, меҳнат самарадорлиги орқали Фарғона вилояти истеъмолчиларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилигини таъминлаш ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 16 сентябрь санасида тасдиқлаган ПҚ–3284-сон Қарори ижросини бажаришга қаратилган асосий мақсадлар мужассам. 

  Ғайратжон Шерматов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали директори

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>