Янгиликлар
МАРКАЗИЙ ОСИЁ БИРЛАШГАН ЭНЕРГОТИЗИМИДА СОДИР БЎЛГАН ФАВҚУЛОТДА ҲОЛАТ БЎЙИЧА ҚИСҚА МАЪЛУМОТ
  • 17.04.2021
  • 577

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати Миллий диспетчерлик маркази маълумотларига таяниб хабар беради:

  Бугун, 2021 йил 17 апрель соат 15:24да Марказий Осиё Бирлашган энерготизимида Қозоғистон ва Қирғизистон энерготизимларини боғловчи 500 кВ кучланишга эга Л–514 электр тармоғи (“Чу” ҳамда “Фрунзе” подстанцияларини боғловчи) носозлик туфайли фавқулотда ўчди. Бунинг натижасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Жанубий Қозоғистон энерготизимлари Россия Федерацияси ягона энерготизимидан маълум муддат ажралди, электр токи частота миқдори 48,61 Гц миқдоргача пасайди (частота миқдори 50,0 Гц бўлиши лозим).

‼️ Частота пасайиши натижасида (носозлик таъсирида) “Тошкент иссиқлик электр станцияси”да қуввати 370 МВт бўлган 1-сон буғ-газ қурилмаси фавқулотда ўчди. Шунингдек, тизимда частота пасайишига қарши автоматика қурилмалари ишлаб, республиканинг ўн иккита ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари барча ҳудудларда) умумий қуввати 780 МВтга тенг истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди.

Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида соат 15:29 да (5 дақиқадан сўнг) электр токи частотаси 50,00 Гц миқдоргача кўтарилди ва истеъмолчилар автоматик тарзда тармоққа қайта уланди. Ўчиш натижасида республика бўйича истеъмолчиларга 144 525 кВт•соат миқдоридаги электр энергия етказиб берилмади.

  Соат 16:19да Қозоғистон ва Қирғизистон энерготизимларини боғловчи Л-514 ҳаво тармоғи уланиб, Марказий Осиё Бирлашган энерготизими Россия Федерацияси ягона энерготизими билан параллел (мутаносиб) иш режими қайта тикланди. Соат 16:28да “Тошкент ИЭС”да 1-сон буғ-газ қурилмасида ишга қайта киритиш бўйича ишлар бошланди.

Айни пайтда Ўзбекистон энерготизими Марказий Осиё ва  Россия Федерацияси ягона энерготизими билан барқарор фаолият юритмоқда. Истеъмолчилар сифатли кўрсаткичларга эга электр энергияси билан таъминланмоқда.

https://xs.uz/uzkr/54357

http://uza.uz/posts/258796

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>