Янгиликлар
Энергия тежовчи қурилмалар хариди учун компенсация ажратиш тартибидан хабардормисиз?
  • 21.05.2021
  • 432

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги тегишли қарори балан энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни харид қилиш ҳамда ушбу мақсадлар учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган.

  Мазкур қарор истеъмолчиларнинг арзон ва экологик тоза электр ва иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, энергетика тизими олдида турган бир қатор муаммоли масалалар ҳал қилиниши бўйича ҳам ўзига хос механизм яратди.

  Аҳамиятлиси, Низом 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларнинг ўз маблағи ҳисобидан энергия самарадор технологияларни харид қилган ва ўрнатган жисмоний шахслар, шунингдек, банк кредитлари асосида сотиб олинган ва ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга тааллуқли.
Компенсация иккита йўналиш бўйича ажратилиши белгиланган бўлиб, истеъмолчиларга уларнинг хоҳишига кўра харажатларнинг фақат битта тури бўйича ажратилади.

  Давлат бюджети ҳисобидан жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситкичларни сотиб олиш харажатининг 30 фоизи миқдорида ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни сотиб олиш учун олинган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ажратилиши белгиланган. 

  Бунда қурилмаларни сотиб олишга сарфланган ёки сарфланадиган харажатларнинг 30 фоизи қоплаб берилиши кўзда тутилган. Бироқ, қоплаб бериладиган маблағ суммаси истеъмолчиларга қуёш фотоэлектрик станциялари учун 3 миллион сўмдан ва қуёш сув иситкичлари учун 1,5 миллион сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

  Шунингдек, банк кредитлари фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун жисмоний шахсларга 500 миллион сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда ҳамда юридик шахсларга 5 миллиард сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда компенсация берилиши белгиланган.

  Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация ажратилиши энергия тежовчи ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланишни кенг жорий қилишга туртки бўлиб, ўз навбатида, табиий ресурсларимиз тежалиши ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашга ҳизмат қилади.

Алишер ТЎРАЕВ,
“Ўзэнергоинспекция” бошқарма бошлиғи

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>