Янгиликлар
Форум доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Uzbekistan GTL” заводига пресс-тур ташкил қилинди
  • 24.05.2021
  • 494

  Жорий йилнинг 21 май куни Қашқадарё вилоятида ташкил этилган ёқилғи-энергетика комплекси ёшларининг биринчи Форуми доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Uzbekistan GTL” заводига пресс-тур ташкил қилинди.

  Пресс-турда таъкидланганидек, “Uzbekistan GTL” дунёдаги энг улкан энергетик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу лойиҳа доирасида бугунги кунда жаҳон миқёсида экологик тоза транспорт ёқилғиларини ишлаб чиқариш учун технологик жиҳатдан энг юқори даражада ривожланган завод қурилмоқда.
 

 


  Атмосферага чиқариладиган чиқиндилар миқдорини камайтиришга, шунингдек Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика саноатига дунёдаги энг илғор технологиялардан бирини жорий қилишга имкон беради.
 

 


  Лойиҳа табиий газни чуқур қайта ишлаш учун қувватни кенгайтириш, углеводородлар импортини камайтириш, юқори сифатли ва экологик тоза ёқилғи учун ички талабни қониқтириш ва бозорни Ўзбекистоннинг ўз хом ашёсидан тайёрланган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш каби мақсадларни ўз ичига олади.
 

 


  Завод ҳар йили 3,6 миллиард кубометр табиий газ (тозаланган метан)ни қайта ишлашга мўлжалланган. Табиий газ Шўртан газ конлари гуруҳидан қазиб чиқарилиб Шўртан газ-кимё мажмуасидан етказиб берилади.
 

 


Завод ишга туширилгандан сўнг табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификациясига ва ёқилғи сифатини яхшилашга эришиш имкони яратилади.
 

 
 

  “Uzbekistan GTL”лойиҳасининг умумий қиймати 3,61 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳа ишга тушгандан сўнг йилига 3,6 миллиард куб метр газ қайта ишланиб, ундан 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тоннадан зиёд дизель ёнилғиси, 437 минг тоннадан ортиқ нафта ва 53 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Аҳамиятлиси, мазкур ЖТЛ лойиҳаси доирасида 1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Маҳсулотлардан транспорт, қишлоқ хўжалиги, авиация ва нефт ва кимё саноати тармоқларида фойдаланиши режалаштирилган.
 

 


  Маҳсулот асосан Ўзбекистонда сотилади. Лойиҳа тугалланиб, синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш бошланиши билан углеводородларнинг йилига тахминан 1 миллиард долларлик импорт ўрнини босиш имкони яратилади. Бундан ташқари, маркетинг таҳлиллари қўшни мамлакатларда синтетик ёқилғига юқори талаб мавжудлигини кўрсатади.
 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

http://minenergy.uz/uz/news/view/1265

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>