Янгиликлар
Ёш энергетик: Форумдан олган таассуротларим...
  • 25.05.2021
  • 541

Ижозатингиз билан, Жорий йил 19–23 май кунлари Энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Лочин» оромгоҳида «Баркамол ёш мутахассис — қуратли юрт таянчи» шиори остида ўтказилган «Ёшлик энергияси» форумидан олган таассуротларим билан ўртоқлашсам...

Май ойининг сўнгги декадасида Энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган ёқилғи-энергетика комплекси ёшларининг биринчи Ёшлар форуми кўтаринки руҳда ўтказилди. Мазкур форумдан олган таассуротларим беқиёс.

Форум орқали мен йирик компаниялар тақдимотлари ва уларнинг ёш мутахасислари билан танишдим.

Хусусан, «Eriell Group» компаниясининг ёш мутахассислари билан, Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвестор компания — «LUKOYL Uzbekistan Opereyting Kompani» МЧЖ ёшлари билан... Шу билан бирга, Марказий Осиё ва Россия Федерациясидаги нефть-газ ва саноат қурилиши бозоридаги энг йирик «EPK» компаниясининг ёш мутахасислари билан суҳбатлар ўтказдик, фикр-мулоҳаза алмашдик. Айниқса, менга «Enter Engineering» компанияси инновацион лойиҳа тақдимотлари жуда ёқди. Шунингдек, «ACWA Power», «Masdar» ва «Siemens Energy» каби компанияларнинг ёш мутахасислари билан давра суҳбатлари ўтказдик, ўзаро фикр алмашдик...

Бундан ташқари, 5 кун давомида ўз соҳасининг етакчи мутахасислари томонидан бизга бизнес ғоялар, раҳбарлик — бошқарув қобилиятини ошириш, ходимлар психологияси, атом энергетикаси ва ҳоказо мавзуларда тренинглар ўтказилди. Алгари билмаган, ўқимаган ва кўрмаган нарсалар билан танишиш жуда мароқли кечди...

Форумда футбол, волейбол, шахмат, стол тенниси, сузиш бўйича спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу мусобақаларда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ёшлари ҳам муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Мисол учун, Акциядорлик жамиятимиз ёшлари “Ёшлик энергияси” форумида «Энг фаол иштирокчи» номинацияси бўйича II даражали диплом билан тақдирланди.

Форумнинг ёпилиш маросими ҳам кўтаринки руда ўтди. Унда Ўзбекистоннинг мусиқий оркестри куйлари, созандаларнинг маҳоратлари ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Форумдан сўнг ташкилотимиз ёшлари билан биргаликда Шаҳрисабздаги Амир Темур бобомиз қурдирган Оқсарой мажмуасига саёҳат уюштирдик. У ердаги тарихий музейлар, меъморий ёдгорликлар билан танишдик, эсдалик учун суратга тушдик.

Ушбу форум орқали мамлакатимиз ёшларига жуда катта имкониятлар яратилаётганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Бунга жавобан биз ёшлар бор куч-ғайратимизни, билимимизни, қайси соҳада бўлишидан қаттий назар, мамлакатимиз тараққиёти учун сарфлашимиз, яратилаётган имкониятлардан самаралироқ фойдаланишимиз кераклигини англаб етдим. Ёшларга бўлган бундай эътибор келажакда дадил қадам ташлашимиз учун бизни янада руҳлантиради ва куч-қувват бағишлайди.

Шу ўринда ушбу Форум ташкилотчиларига, Энергетика вазирлигига, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ раҳбарияти ва Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилотига миннатдорлик изҳор этаман.

Қашқадарёда бизни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, ажойиботларга тўла форумни ёнма-ён ўтказиб, меҳмон қилиб кузатган «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали вакилларига, Касаба уюшмаси фаолларига ҳамда ўзи хизмат сафарида бўлиб, масофадан бизни қўллаб-қувватлаб турган Ёшлар Иттифоқи етакчисига миннатдорлик билдираман.

Ҳурмат билан,

Қудратилло Мирзаев, «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти тузилмаси етакчиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>