Янгиликлар
Энергетика вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди
  • 27.05.2021
  • 514

  Бугун, 27 май куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Энергетика вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда Энергетика ва Адлия вазирликлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

  Тадбирда таъкидланганидек, Адлия вазирлигининг таклифлари асосида ислоҳотларни жадаллаштириш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кескин кучайтириш, бундай ҳолатлар аниқланганда маъмурий жарималар қўллаш ваколатини соҳа инспекцияларига бериш борасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

  Эшитувда Энергетика вазирлиги мутахассислари томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар, хусусан истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида маълумот берилди. Масалан, йил якунига қадар электр энергетика соҳасида генерация қувватлари ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттгача етказилади ёки 1 минг 800 мегаваттга оширилади. 2016 йилга нисбатан эса 52 фоизга кўп генерация қувватларига эга бўлинади.
 

 
 

  Бунинг учун Тошкент вилоятида қуввати 240 мегаватт бўлган иссиқлик электр станцияси, Хоразм вилоятида 174 мегаватт қувватли газ-поршенли электр станцияси, Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси октябрь ойида ишга туширилади (жами 514 мегаватт).

  Декабрь ойида Тошкент вилоятида умумий қуввати 470 мегаватт бўлган 2 та иссиқлик электр станцияси, Бухорода 270 мегаватт ва Қашқадарёда 220 мегаваттли ростловчи станциялар ҳамда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилади (жами 1060 мегаватт).

  Бунда, янги барпо этилган қувватларда куз-қиш мавсумида 4 миллиард 600 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 миллиард киловатт-соат).

  Жами 26 минг километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 9 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари график асосида мукаммал таъмирланади. Маълумот учун: ўтган мавсумига нисбатан 3 минг километр тармоқлар ва 1268 та трансформатор пунктлари кўпроқ таъмирланади.
 

 
 

  Бундан ташқари, паст ва ўрта кучланишли тармоқларни модернизация қилиш дастури доирасида 15 минг километр электр узатиш тармоғи ва 4 мингта трансформатор пунктлари реконструкция қилинади ва янгиланади.

  Ушбу чора-тадбирларни амалга оширилиши эвазига октябрь-март ойларида истеъмолчиларга жами 30 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади. Бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 2 миллиард киловатт-соатга ёки 107 фоизга кўп электр энергияси етказиб берилади.

  Истеъмолчиларни АСКУЭ тизимига тўлиқ қамраб олиш тўловларни ўз вақтида амалга оширилишига замин бўлмоқда. Хусусан, ўтган йилда тўловчанлик 88 фоиз бўлган бўлса, АСКУЭ жорий этилгандан сўнг 100 фоизга етди. Аҳоли бўйича эса бир йилда 67 фоиздан 95 фоизга кўтарилди.

  Республика истемолчиларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида 70 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланади, 83 километри реконструкция қилинади. 5 мингдан ортиқ газ тақсимлаш пунктлари 1 октябрга қадар мукаммал таъмирланади.
 

 
 

  Денгизкўл конида йиллик қуввати 3 миллиард куб метр табиий газни қазиб олиш имконини берадиган компрессор станцияси ноябрь ойида ишга туширилади.

  Ушбу чора-тадбирларни амалга оширилиши натижасида, келаётган куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 28 миллиард 842 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 1 миллиард 185 миллион куб метрга кўп.

  Табиий газ етказиб беришда ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш учун жорий йил декабрь ойига қадар 3 миллион 546 мингта АСКУГ тизимига мос келадиган газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланади. Маълумот учун: ҳозирда 1 миллион 172 мингтаси ўрнатилди, шундан 1 миллион 142 мингтаси биллинг тизимига уланди.
 

 
 

  Шунингдек, 2021 йилда аҳоли истеъмолчиларига 610 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ўтган йилга нисбатан 79 минг тоннага кўп. 2016 йилга нисбатан эса 359 минг тоннага ёки 2,4 бараварга кўп. Октябрь-март ойларида аҳолига 318 минг 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.

  Ушбу тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида 1 сентябрга қадар 3 миллион 580 мингта ID-карталарни истеъмолчиларга бериш ишлари якунланади. Ҳозирда маиший газ баллонларига 4 миллион 395 минг дона бар-кодли стикерлар бириктирилиб, маълумотлар базаси яратилмоқда.

  Жорий йилда истеъмолчиларига жами 8 миллион 723 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилади.

  Йил давомида ва келаётган куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларини энергия ресурслари билан белгиланган ҳажмларда таъминлаш учун барча имкониятлар сафарбар қилинади.

  Тадбир сўнггида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

http://minenergy.uz/uz/news/view/1272

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>