Янгиликлар
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида ўзаро манфаатли битимлар имзоланиши кутилмоқда
  • 01.06.2021
  • 565

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов халқаро иқтисодий форумида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрига йўл олди.

 

 Эртага, 2021 йил 2 июнь куни Россия Федерациясининг маданий пойтахти — Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган халқаро иқтисодий форум ўз ишини бошлайди. Форумда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов ҳам иштирок этади. Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми 2–5 июнь кунлари давомида ўтказилиб, бу йилги халқаро тадбир бизнес дастури ҳам анъанага кўра дунё ҳамжамияти ва Россия Федерацияси иқтисодиёти, ижтимоий муаммолар ечими ва рақамли технологияларни ривожлантириш масалаларига бағишланади.

 Кўпчиликка маълумки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Россия Федерациясининг бир нечта нуфузли компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Мисол учун, “Россети”, “Икс-Холдинг”, Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Санкт-Петербург малака ошириш институти, Жанубий Урал арматура заводи ва бошқа нуфузли компания ҳамда институтлар шулар жумласидандир.

 Эътиборингизга СПХИФ — Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ва унинг ташкилотчилари, халқаро тадбирдан кўзланган мақсад, унинг аҳамияти ва қисқача тарихи ҳақидаги фойдали маълумотларни тақдим этамиз.

 

 Мақсади

  Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (СПХИФ) глобал иқтисодиётнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ечимларни топиш учун ташкил этилган дунёдаги етакчи платформалардан биридир. Форумнинг асосий вазифаси Россия Федерацияси ва халқаро ҳамжамият ўртасида ўзаро манфаатли мулоқот орқали бизнесни ривожлантиришнинг амалий воситаси бўлиб хизмат қилишдан иборатдир.

 Аҳамияти

  СПХИФ 1997 йилдан бери ўтказилиб келинмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур халқаро тадбир 2006 йилдан бошлаб Россия Федерацияси Президенти ҳомийлиги ҳамда иштирокида ўтказилмоқда.

  Бу йилги тадбир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларини ҳисобга олган ҳолда, Ташкилий қўмита томонидан пухта ишлаб чиқилган дастур асосида, (COVID–19) — коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил этилган. Форум доирасида самарали меҳнат қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш, бундан ташқари, бой маданий ва спорт дастурларида қатнашиш учун барча шароитлар яратилади.

 Имкониятлари

  Росконгресс фонди — ижтимоий йўналишга эга, молиявий мақсадларини кўзламаган  ривожлантириш институтидир. У Россия Федерацияси Президентининг қарорига биноан ташкил этилган бўлиб, бизнес, спорт, ижтимоий ва маданий тадбирларни ўтказишга ихтисослашган халқаро кўргазмаларнинг энг йирик ташкилотчиси ҳисобланади.

  Мазкур жамғарма 2007 йилда иқтисодий салоҳиятни ривожлантириш, миллий манфаатларни илгари суриш ва халқаро майдонда Россиянинг обрўсини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. Фонд, шунингдек, Россия ва жаҳон иқтисодий фаолияти кун тартибидаги масалаларни ҳар томонлама ўрганади, таҳлил қилади, шакллантиради ҳамда бизнес доирасидаги энг самарали хулоса ва амалиётларни ўз фаолияти доирасида қамраб олади.

  Шу билан бирга, Росконгресс фонди ўз фаолиятининг маъмурий таъминотни мустаҳкамлайди, иштирокчи томонлар учун бизнес лойиҳаларни илгари суриш ва инвестицияларни жалб қилишни осонлаштиради, ижтимоий тадбиркорлик ва хайрия лойиҳаларини ривожлантиришга ёрдам беради.

  Ушбу жамғарма тадбирлари 208 та мамлакат ва ҳудудлардан иштирокчиларни бирлаштиради. Росконгресс фонди тадбирларида ҳар йили 15 мингдан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари жамоатчиликка тадбир ҳақида турли таҳлилий мақола ва қайноқ янгиликларни тақдим этади. Бизнес ҳамкорлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни хорижнинг 5 мингдан ортиқ мутахассислар таҳлил этишади. Бундан ташқари,  жамғарма тадбирлари доирасида 130дан ортиқ ташқи иқтисодий шериклар, дунёнинг 70 та мамлакатидаги йирик саноат корхоналари, ишлаб чиқарувчилар, фермерлар ва тадбиркорлик, молия, савдо ва бизнес уюшмалари билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.

 

 Тарихи

  2018 йилда Росконгресс жамғармаси томонидан ўтказиладиган тадбирлар сони сезиларли даражада ортди. Мисол учун, 2018 йилнинг 22–26 январь кунлари Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида «Рус уйи» («Русский дом») расмий Россия қароргоҳи очилди. «Рус уйи» 60 та хорижий давлатлардан мингдан зиёд меҳмонларни қабул қилди. Сайтда 50 дан ортиқ ишбилармонлик тадбирлари ва панел сессиялари бўлиб ўтди, унда йирик тадбиркорлар, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

  Ўша йилнинг 14–16 февраль кунлари эса Россия инвестиция форуми бўлиб ўтди. Бир неча йиллардан бери мазкур Форум Россиянинг иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини намойиш этиш учун анъанавий майдонга айлангани эътироф этилди. Бир сўз билан айтганда, 2018 йилда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ўзининг кўлам доираси ва натижалари бўйича янги босқичга кўтарилди. Мисол учун, Франция Президенти Эммануел Макрон ва Япония Бош вазири Синдзо Абе Форумнинг фахрий меҳмонлари бўлишди. Энг йирик бизнес делегация АҚШдан — 550 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди. Иштирокчилар сони бўйича иккинчи ўринни Япония ҳамда Франция делегациялари эгаллади. Асосий бизнес ҳамкорлар эса доимгидек инглиз, хитой, немис ва швейцариялик тадбиркорлардир. Форумда 200 дан ортиқ йирик хорижий компаниялар раҳбарлари, шу билан бирга 700 та маҳаллий компаниялар етакчилари иштирок этишди. Форумда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этгани алоҳида эътироф этилган.

  Бир сўз билан айтганда, 2018 йилги СПХИФда умумий қиймати 2,625 триллион рублга тенг бўлган (маълумотда тижорат сири бўлмаган битимлар миқдор ва шартномалар имзоланган куннинг россия рубли курси бўйича)  593 та битим имзоланди.

  Росконгресс фондининг 2018 йилда эришган яна бир жиҳати шундаки, ушбу йилда жамғарманинг ахборот-таҳлилий тизими ишга туширилди. Ҳозирда мазкур платформа Фонднинг ҳамкорлари иштирокида фаол ривожланмоқда. Мисол учун, фонд тадбирларида 3685 та маърузачи ва модераторлар иштирокида 862 та сессия фаолият юритди, 231 та таҳлилий мақола, 153 та мавзу учун мўлжалланган интерфаол билимлар жамланмаси тўпланди.

  2018 йилда қўлга киритилган яна бир ютуқ — бу Форум дастури кун тартибига ижтимоий масалаларнинг киритилиши. Ижтимоий платформанинг аҳамияти шундаки,  форум тадбирлари доирасида бизнес, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасида барқарор мулоқотни ўрнатишга қаратилган стратегик ташаббус ўз самарасини кўрсатди. Қисқаси, ишбилармон доира вакиллари форум тадбирларида ижтимоий масалаларни ҳам муҳокама этиб, ҳомийлик ишларини олиб боришига эришилди.

 2017 йилнинг февраль ойида Сочидаги Олимпия боғининг асосий медиа марказида Россия инвестиция форуми (аввалги Халқаро инвестиция форуми) бўлиб ўтди. Олдинги тадбирдан ярим йил ўтганига қарамай, иштирокчилар сони 8 фоизга ошди ва имзоланган шартномалар миқдори 200 миллиард рублдан ошди.

  Ўша йилнинг 29–30 март кунлари Архангельск шаҳрида «Арктика — Мулоқот ҳудуди» Халқаро Арктика форуми бўлиб ўтди. Унда нуфузли меҳмонлар ҳамда иштирокчи компаниялар — 31 та ташқи делегациялар ва 2400 дан ортиқ иштирокчилар қатнашдилар.

 

  Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, эртага расман ўз ишини бошлайдиган халқаро иқтисодий форум нафақат Ўзбекистон–Россия иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистон тараққиёти учун хизмат қиладиган ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичига чиқишига туртки бўлади. Хусусан, Форум доирасида режалаштирилган учрашув ва имзоланадиган битимлар энергетика соҳасининг тараққиёти, жумладан юқори кучланишли электр тармоқлари ривожи, тармоқда рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштиришга замин яратади, деб умид қиламиз.

Ушбу маълумотнома roscongress.org веб-саҳифаси материалларидан фойдаланилган ҳолда тайёрланди.

 У.П.Урунов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

https://uza.uz/uz/

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

t.me/uzmetaxborotxizmati

>