Янгиликлар
Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистонга жўнаб кетди
  • 10.06.2021
  • 340

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга жўнаб кетди.

  Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари кўриб чиқилади.

  Кўп қиррали шерикликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни белгилаш ҳамда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.

  Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашади.

  Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

  Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб оладиган жами 30 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган.

  Бундан ташқари, ташриф доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган тижорат шартномалари ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.

  Ташриф дастуридан Душанбе шаҳрида маданий тадбирларда иштирок этиш, Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашиш, саноат объектлари билан танишиш ҳам ўрин олган.

 

Ўзбекистон Президенти Душанбеда тантанали кутиб олинди

 

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Тожикистон Республикасига келди.

  Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

  Аэропорт олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари ва шиорлар билан безатилган.

  Ўзбекистон раҳбарини кутиб олишда кўплаб ёшлар ва  ижодий жамоалар ҳам иштирок этди.

  Президентлар музокаралар давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон шериклигининг кенг кўламли кун тартибини кўриб чиқадилар ҳамда халқаро ва минтақавий даражадаги алоқалар юзасидан фикр алмашадилар.

  Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

 

Шавкат Мирзиёев: Тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда

 

 

Душанбе шаҳридаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

  Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

  Президентлар бир бирига расмий делегация аъзоларини таништирди. Фахрий қоровул тантанали марш билан давлат раҳбарлари олдидан ўтди.

  Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигининг барча жиҳатларини кўриб чиқдилар, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

  Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.  

  Президентимиз таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат муносабатлари юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.

  – Қабул қилган барча қарорларимиз амалга ошмоқда. Ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди. Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев.

  Тожикистон Президенти давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташрифнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

  – Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли қўшнимиз. Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий хавфсизлик борасида ўзаро мувофиқлашиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман, – деб таъкидлади Эмомали Раҳмон.

  Қўшма корхоналар сони 8 баробар кўпайиб, бугунги кунда 200 дан ошгани таъкидланди. Жумладан, Душанбе шаҳрида маиший техникалар ишлаб чиқарувчи “Артель Авесто Электроникс” қўшма корхонаси самарали иш юритмоқда. Ташриф арафасида 30 дан ортиқ шундай лойиҳалар ишлаб чиқилди.

  Ўтган йилги қийин шароитларда ҳам юк ташиш ва транзит ҳажми ошгани қайд этилди. Икки томонлама чегирма ва имтиёзлар тақдим этилмоқда. Пойтахтлар ўртасида авиақатнов тикланди.  

  Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат ҳудудлари салоҳиятини самарали ишга солиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперациясини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Кўп қиррали ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳим экани таъкидланди. Шунингдек, парламентлараро алоқалар, маданий-гуманитар алмашинув, барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.

  Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи ва ўзи номидан биродар Тожикистонни мустақиллигининг бўлажак 30 йиллиги билан табриклади, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

  Давлатимиз раҳбари Президент Эмомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.

 

Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

 

 

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. 

  Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.

  Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

  - Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

  Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатътий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидладилар.

  Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

  Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим эканини айтди. Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

  Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.

  Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мамлакатларимиз ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

  - Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор.

  Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.

  Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида самарали йўлга қўйиш ҳамда унинг имкониятларидан лойиҳаларни илгари суришда максимал даражада фойдаланиш зарур.

  Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналишдир. Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этди.

  Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан-тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидлади.

  Куни кеча Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлараро форум бундай шаклдаги ҳамкорликнинг самарадорлигини яна бир бор исботлади.

  - Масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ҳудудлар раҳбарлари изчил “ҳаракатлар режалари”ни келишиб олишлари ва ҳар ой камида бир марта жойларда учрашувлар ўтказиб боришлари лозим, - деб қайд этди давлатимиз раҳбари.

  Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

  Етакчилар анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш, Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари - антологияларини нашр этишни таклиф этди.

  Музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.

  Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани таъкидланди.

  Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.  

  Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Музокаралар чоғида келгуси ишлар учун режалар белгилаб олингани, уларнинг натижалари икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш учун янги омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

 

Самарқанд ва Хатлонда ижтимоий муассасалар очилди

 

 

  Кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунлангач, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, уларнинг фаолиятига старт бердилар.

  Хатлон вилоятининг Кўбодиён туманидаги тиббиёт мажмуаси Ўзбекистон томонидан қурилган. Ушбу 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Мажмуада жарроҳлик, урология, кўз хасталиклари, интенсив даволаш ва реанимация, педиатрия, травматология, гинекология, ҳомиладорлик патологияси, туғруқдан кейинги тикланиш ва терапия бўлинмалари мавжуд.

  Мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар ва бир йилда 219 минг нафардан зиёд беморга хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

  Тожикистон томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида умумтаълим мактаби барпо этилган. У 640 нафар ўқувчига мўлжалланган.

  Мактабнинг уч қаватли биносида 26 та синф, спорт зали, фаоллар зали, ошхона, кутубхона, меҳнат дарслари ва ихтисослаштирилган машғулотлар учун синфлар мавжуд. Ўқув маскани компьютер техникаси ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.

  Маросимда икки мамлакат вакиллари сўзга чиқиб, давлат раҳбарларига биродар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга, фуқароларимиз учун қулай шароитлар яратишга қаратаётган алоҳида эътибори учун миннатдорлик билдирдилар.

  https://president.uz/uz/lists/view/4410

  https://president.uz/uz/lists/view/4411

  https://president.uz/uz/lists/view/4412

  https://president.uz/uz/lists/view/4413

  https://president.uz/uz/lists/view/4414

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>