Янгиликлар
Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида икки ГЭС қуради. Алишер Султонов тафсилотларни очиқлади
  • 11.06.2021
  • 344

  Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи чоғида қатор ҳужжатлар, хусусан, энергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик битимлари имзоланди. Ташрифни бевосита ёритаётган Kun.uz мухбири энергетика вазири Алишер Султонов билан суҳбатда бўлди.

 – Алишер Саидаббосович, давлат раҳбарлари иштирокида Тожикистон билан энергетика соҳасида қандай шартномалар имзоланди?

 – Ҳаммамиз яхши биламизки, Тожикистон билан энергетик ҳамкорлик аҳамияти жуда катта. Ҳамкорликда мўлжалланган лойиҳаларимиз ҳам улкан. Хусусан, Зарафшон дарёси ҳавзасида гидроэлектр станциялар қуриш бўйича Тожикистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги битим имзоланди.

 Бу битимга асосан, Тожикистон Республикасининг Зарафшон дарёси ҳавзасида гидроэлектр станциялар қурилиши икки босқичда амалга оширилади.

 Биринчи босқичда, йилига ўртача 800 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 140 мегаваттга ва прогноз қиймати 282 миллион АҚШ долларига тенг «Ёвон» гидроэлектр станциясини қуриш ишлари бажарилади.

  Иккинчи босқичда, йилига ўртача 600 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 135 мегаваттга ва прогноз қиймати 270 миллион АҚШ долларига тенг «Фандарё» гидроэлектр станциясини қуриш имконияти ўрганиб чиқилади.

 Лойиҳа буюртмачиси этиб, томонлар иштирокида ташкил этиладиган акциядорлик жамияти белгиланади. Лойиҳа халқаро молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағлари ҳамда таъсис қилинадиган қўшма корхона устав жамғармасига киритиладиган томонларнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

 – Бу битимларнинг амалга ошиши Ўзбекистон энерготаъминотида қандай ўзгаришларга олиб келади?

 – Имзоланган битим инвестиция лойиҳасини ўрганиш ва тайёрлаш ҳамда мазкур тадбирларни амалга ошириш учун қўшма корхона ташкил қилиш босқичлари ва механизмини белгилайди.

 Бу Ўзбекистон энерготаъминотига нима беради, деган саволга келсак, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қуриладиган гидроэлектр станциялар Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1 миллиард 400 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқаради.

 Бундан ташқари, гидроэлектр станцияларни қуриш ва ундан фойдаланиш даврида қўшимча янги иш ўринлари яратилиб, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бошқа минтақаларига паритетлик асосида электр энергияси оқимини таъминлайди.

 – Қурғоқчиликнинг белгиланган режаларга таъсири қандай бўлди ва бундан кейинги лойиҳалар бу фактор ҳисобига қайта кўриб чиқиляптими?

 – Маълумки, Ўзбекистон уч йилдан буён Тожикистон Республикасидан мавсумий электр энергияси импорт қилади. Аммо бу импорт кўрсаткичи камайиб боряпти. Жумладан, ўзаро шартномага асосан 2020 йил май-сентябрь ойларида жами 1,2 млрд кВт соат электр энергиясини импорт қилиш белгиланган бўлса, амалда камроқ – 566,7 млн. кВт соат электр энергияси импорт қилинди.

 Лекин бунинг учун кимнидир айблаб бўлмайди. Бунинг объектив сабаблари бор. Вахш дарёсида сув ҳажми кескин камайган, бунинг ортидан Норак сув омбори сатҳи пасайган. 2021 йил май ойида имзоланган шартномага кўра, 270,0 млн. кВт соат электр энергияси импорти белгиланган бўлиб, амалда 197,4 млн. кВт соат электр энергияси импорт қилинди.

Ўзаро шартномалар ва ҳисоб-китобларда бу табиий омиллар албатта ҳисобга олинади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди. 

Манба: https://kun.uz/33985481

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>