Янгиликлар
Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари АСКУЭ тизимини жорий этиш бўйича олиб борилган ишлар билан яқиндан танишди
  • 18.06.2021
  • 90

  Бугун, 17 июнь куни Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари–савдо ва ишлаб чиқариш вазири Альберт Каримов бошчилигидаги делегация аъзолари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази”да бўлиб, бу ерда ташкил этилган замонавий иш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
 


  Маълумки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз ҳудудларининг Татаристон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Устувор йўналишларда кооперация бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш, хусусан қўшма индустриал парк ташкил этиш, кимёвий, металл, электротехника маҳсулотлари ва турли ускуналар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик корхоналар барпо этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш,  рақамлаштириш ва инновацион ечимларни жорий қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.

  Бундан ташқари, турли инфратузилма объектлари соҳасини бошқаришни такомиллаштириш борасида ҳамкорлик қилиш ва шу бунда илғор технологияларни ўрганиш масалаларига ҳам алоҳида ўрин берилди.

  Шу маънода, бугун қўшни давлат мутасаддиларининг Марказга ташрифи ана шундай истиқболли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишидан дарак бермоқда.
 


  Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев ҳамда Жамият Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов нуфузли меҳмонга Марказ имкониятлари ҳақида гапираркан, бу ерда дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари ўрнатилгани, улардаги дастурий таъминот орқали қарийб 20,0 млн. истеъмолчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжудлиги ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
 

 
  Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар паст кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатиш ҳамда АСКУЭ тизимини жорий этишда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ тажрибаси алоҳида эътирофга лойиқлигини қайд этиб ўтдилар.

  Ташриф давомида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Самарқанд шаҳрида лойиҳанинг 1-фазаси доирасида яқинда ишга туширилган “KAIFA” русумли ҳисоблагичларга кафолатли бепул ёки пуллик хизмат кўрсатиш, ҳисоблагич нуқсонларини бартараф этиш учун эҳтиёт қисмларни бошқариш, маълум даражадаги нуқсонларни таҳлил қилиш билан бирга, носоз қурилмаларини шу ернинг ўзида тузатиш имкони мавжуд бўлган Марказ фаолияти ҳақида ҳам гапириб берилди.
 

  “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати

   http://minenergy.uz/uz/news/view/1303

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>