Янгиликлар
Ўзбекистон ва Германия энергетика соҳасидаги шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар
  • 24.06.2021
  • 72

  Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон ва Германия ўртасида энергетика соҳасидаги янги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари онлайн тарзда ўтказилган “Энергетика форуми” давомида муҳокама қилинди.

  Конференция Ўзбекистон Республикасининг ГФРдаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан Германия саноат уюшмалари ва ишбилармон доиралари иштирокида ташкил этилди.

  Форум Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Беҳзот Нарматов ва “Siemens Energy AG” бошқарув кенгаши раиси доктор Кристиан Брух бошчилигида бўлиб ўтди.

  “Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ҳозирги кунда немис бизнеси вакиллари билан энергетиканинг барча соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд”, - деди Б.Нарматов. Германия тажрибасини инобатга олган ҳолда, у Германия компанияларини қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича очиқ шартномага қўшилишга таклиф қилди.

  Форум давомида Германия ишбилармон доиралари олдида қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ), гидроэлектр станциялар, иссиқлик электр станциялари, нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари каби йўналишлар бўйича мавжуд ва янги лойиҳалар тақдимотлари намойиш этилди, Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасини ривожлантириш стратегияси тасвирлаб берилди.

  Форум давомида савол-жавоб тарзида Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида янги лойиҳаларни интеграция қилиш учун узатиш тармоғининг мувозанатлаштирувчи кучи, электр энергияси бозорини либераллаштириш бўйича ислоҳотлар ҳолати, водород энергияси ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари бўйича бўлажак тендер савдолари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

  Бундай очиқ форматдаги тадбирни ўтказиш имконияти бўлганлигидан миннатдорчилик билдирган ҳолда “Ўйлайманки, мен бутун немис бизнеси номидан гапиряпман, биз барчамиз Ўзбекистон бошидан кечираётган трансформация жараёни, яъни ўзгариб бораётган барча соҳаларини кузатиб боришдан манфаатдормиз”, - дейди доктор Кристиан Брух.

  Учрашув якунида Германия томони келгуси йилда бундай қўшма тадбирни ташкил этишдан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси водород энергетикасини ривожлантириш стратегияси ва истиқболларини муҳокама қилишдан манфаатдор эканини билдирди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

http://minenergy.uz/uz/news/view/1313

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун
 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

 

>