Янгиликлар
Муқобил энергетика тизимларини амалиётга татбиқ этиш – табиий бойликларни асрашда муҳим манба
  • 26.06.2021
  • 80

  Қарор ва ижро

  Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 85-90 фоизи кўмир, табиий газ ва бошқа нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Бунда “Яшил энергия”нинг улуши 10-14 фоиздир.

  Интернет манбаларига кўра, 2050 йилда жаҳон аҳолиси сони 9,8 миллиардга етади. Бундай демографик ўсиш барча тизим, жумладан, энергетика соҳасида ҳам ечим излаш масаласини қўяди. Қазилма энергия манбалари чекланган давлатларда қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш ана шундай муаммолар ечими бўлиб хизмат қилади.

  Мисол учун, қуёшдан энергия олиш табиий бойликларни асрашга, инсоният эҳтиёжини қондиришда муҳим манба ҳисобланади.

  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам Ашуровнинг маълум қилишича, қуёшдан келаётган радиациянинг сайёрамизга тушадиган энергия миқдори ўртача 1.3-1.4 кВт/м2ни ташкил этади.

  – Атмосферадан космосга қайтиб кетадиган радиация миқдорини ҳисобга олмасак, ер юзасига ўртача 1 кВт/м2 энергия тўғри келади, – деди Р.Ашуров. –Бу энергия сайёрамизнинг айни дамдаги энергия эҳтиёжидан 9 минг маротаба кўпдир. Шу сабабли, янги қўшилаётган энергия қуввати анъанавий энергия эмас, балки қайта тикланувчи манбалар ҳисобидан амалга оширилмоқда. IRENA халқаро ташкилоти ҳисобот қилишича, 2019 йили глобал энергия ишлаб чиқаришда 248,6 ГВт қўшимча қувват қўшилган. Шундан 179 ГВт қувват қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келади. Бу жаҳон бўйлаб умумий қўшилган энергиянинг 72 фоизи деганидир. Ва шундан 90 фоизи – қуёш ва шамол энергияси. Хусусан, қуёш энергияси 2019 йилда 97 ГВт қувватга ортган. Сўнгги 10 йилликда қўшилиб бораётган қайта тикланувчи энергия манбаларининг турлар бўйича улуши эволюциясини қарайдиган бўлсак, қуёш энергетикаси қўшилаётган энергия қувватида энг тез ўсаётган қайта тикланувчи энергия саналади. Бунга асосий сабаб сифатида қуёш энергетикаси қурилмаларининг кичик масштабда ҳам рентабелли бўла олиши ва соҳага технологик инновациялар доимий татбиқ қилинишини кўрсатиш мумкин.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мазкур йўналишни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

  Ушбу талаблар асосида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қайта тикланувчи энергия манбалари салмоғини 2030 йилгача 25–30 фоизгача ошириши стратегик режаси ишлаб чиқилди.

  Келинг, аввало, қайта тикланувчи энергия манбалари нималардан иборат эканига тўхталайлик. Атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати, сув оқимларининг табиий ҳаракати ва биомасса энергияси ушбу манбаларга киради. Кейинги пайтда қуёш энергиясидан фойдаланиш самарали натижалар бераётгани туфайли кўпгина мамлакатларда қуёш электр станцияларини қуришга ҳаракат қилинаётгани фикримиз исботидир.

  Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган стратегик режага кўра, қайта тикланувчи энергия ҳиссасини ошириш мақсадида мамлакатимизда бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланган.

  Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритаётган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, йирик саноат корхоналари ва ўрта ва кичик бизнес вакилларни сифатли электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилигини оширишга қаратилган лойиҳалаштириш-ҳужжатлаштириш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш билан шуғулланади. Мазкур жамиятнинг қайта тикланувчи энергия манбаси, хусусан, қуёш электр станциялари лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишда алоҳида ўрни бор.

  Юртимизда «яшил энергия»га доир инвестицион лойиҳалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, Навоий вилояти Карманада 100 мегаватт қувватли қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси илк қадамдир. Халқаро молия корпорациясининг техник кўмагида «Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш» бўйича ўтказилган халқаро тендерда Бирлашган Араб Амирликларининг «Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar» компанияси, ғолиб деб топилди. Мазкур электр станция республикамизда давлат-хусусий шерик тамойили асосида ишга тушириладиган илк лойиҳа.

  – 2019 йил 8 ноябрь куни «Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar» компанияси «Ўзбекистон МЭТ» АЖ билан «Электр энергиясини сотиб олиш» ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан «Инвестиция» келишувларини имзолади, – деди «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Улуғбек Урунов. – Бунинг асносида «Nur Navoi solar» МЧЖ ҲК лойиҳа компанияси ташкил қилинди. Лойиҳанинг қиймати 110 миллион долларга тенг бўлиб 100 фоиз тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилади. Электр станцияда йилига 260 миллион кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Ускуна ва технологиялар Хитой Халқ Республикасининг 5 та йирик компанияси (JA Solar, Trina Solar, Huawei, Xian XD Transformer, CHINT Electric) томонидан Ўзбекистон Республикасига келтирилган. Бош пудратчи Хитой Халқ Республикасининг «SEPCO III» компанияси қурилиш майдонидаги барча ишларни якунламоқда. 2021 йилнинг июль ойида тўлиқ ишга туширилиши мўлжалланган қуёш фотоэлектр станцияси Навоий вилояти аҳолисининг электр таъминоти яхшилаш, йирик саноат корхоналари, ўрта ва кичик бизнес вакилларининг ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

  Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги қарори билан қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга мол-мулк солиғини ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, бу борада бир қатор компенсация ва имтиёзлар берилган.

  Албатта, бундай қулайликлар қуёш электр станцияларини қуриш ва ускуналарни ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Илк бор уларнинг ташаббусларини ҳуқуқий жиҳатдан давлат томонидан кафолатлаши билан боғлиқдир.

  Бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида давлат-хусусий шерик тамойили асосида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ишлари бошланган. Лойиҳани амалга ошириш учун олиб борилган тўғридан-тўғри музокаралар натижасида 2019 йил 13 сентабрда Франциянинг «Total Eren SA» компанияси «Ўзбекистон МЭТ» АЖ билан «Электр энергиясини сотиб олиш» ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан «Инвестиция» келишувларини имзолади. Лойиҳа доирасида «Tutli solar» МЧЖ ҲК лойиҳа компанияси ташкил этилди.

  «Ўзбекистон МЭТ» акциядорлик жамияти Мустақил электр энергиясини ишлаб чиқаруви корхоналар билан ишлаш бўлими бошлиғи Акмал Аббосов маълумот берганидек, 2020 йил 7 январда мазкур лойиҳага тааллуқли «Атроф-муҳитга таъсири тўғрисида ҳисобот» ишлаб чиқилиб, Давлат экология қўмитасининг экологик экспертиза бўйича ижобий хулосаси олинди. Халқаро стандартларга мос тайёрланган ҳужжатлар асосида 2021 йил 10 майда лойиҳани молиялаштирувчи кредиторлар билан (ЕТТБ, ЕИБ, Пропарко) келишувлар имзоланди.

  – Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш ҳам галдаги лойиҳа бўлиб, унинг умумий қиймати 100 миллион долларга тенгдир, – деди Акмал Аббосов. – Лойиҳа инвестор томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилиши назарда тутилган. 2020 йилнинг март ойида «Metka» (Греция) компанияси бош пудратчи этиб танланди. Ҳозир «Metka» компанияси электр станциянинг умумий, электротехник ва механик жиҳозларини ўрнатиш ишларини олиб бормоқда. 2021 йил октябрь ойида илк генерация қуввати ягона электр-тармоққа узатилади. Мазкур қуёш электр станцияси 2021 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилади.

  Бу ишлар давомийлигида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида Сурхондарё вилоятининг Шеробод, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманларида қуёш электр станцияларини қуриш ҳаракатлари бошланган.

  2020 йил 1 чорагида Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва Халқаро молия корпорациясининг техник кўмагида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ҳамда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳар бирининг қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш учун потенциал компаниялар ўртасида танлов эълон қилинди. 2021 йилнинг май ойи натижаларига кўра, яна Бирлашган Араб Амирликларининг «Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar» компанияси, ғолиб деб топилди.

  Ўз-ўзидан савол туғилади: бу лойиҳалар амалга ошгач, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қанча қисми қуёш электр станциялари ҳиссасига тўғри келади?

  Юқори таъкидлаб ўтилган лойиҳалар 8 фоиз электр манбасини ишлаб чиқариш имконини беради. Яна бу борада режалаштирилаётган лойиҳалар сабаб қуёш электр станцияларининг ҳиссаси 2025 йилга қадар 2350 МВт ва 2030 йилга қадар 5000 МВтни ташкил этади. Бунда умумий ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 20 ҳамда 25 дан ортиқроғи айнан қуёш электр станциялари улушига тўғри келади.

  – Жорий йилда Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 200 мегаваттли қуёш электр станцияси ишга туширилади, – деди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати мутахассиси Обиджон Дилмуродов. – Навоий вилоятининг Кармана тумани 100 мегаваттли ва Самарқанд вилоятининг Нурота туманида 100 мевагаттли қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилади. Буни қуйидаги изоҳлаш мумкин: ишлаб чиқарилган 200 МВт электр энергияси ўртача ўнта туманни электр энергия билан таъминлаб беради. Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бешта лойиҳаларнинг электр энергия ишлаб чиқариш ҳиссаси 8 фоизни ташкил этади.

  Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу лойиҳалар мамлакатимизда «яшил энергия» салмоғини юксалтиришга қўйилган илк саъй-ҳаракатлар ҳисобланади. Муҳими, қуёш энергетикаси ишлаб чиқарилган энергия нархи бўйича анъанавий энергетика билан рақобатбардош бўлишга эришгани мамлакатимизда муқобил энергетика, хусусан, қуёш электр станцияларини ҳам жорий этишга янада ишонч ярата олди. Муқобил энергетика, хусусан, қуёш фотоэлектрик тизимларини амалиётга татбиқ этиш энергия самарадорлиги маданиятининг шаклланиши ва маиший ҳаётда тежамкор техника-технологиялар оммалашувида муҳим қадамдир.

  Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА 

  https://uza.uz/uz/

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>