Янгиликлар
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига
  • 27.06.2021
  • 59

  Қадрли дўстлар!

  Аввало, сиз, азизларни, соҳанинг муҳтарам фахрийларини Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман.

  Сизларнинг бу галги касб байрамингиз энг улуғ ва энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик санаси арафасида бўлиб ўтаётгани унга алоҳида руҳ ва мазмун бағишламоқда.

  Барчангизга аёнки, кейинги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

  Эл-юртимиз, жамоатчилигимиз матбуот нашрлари, теле-радио каналлар, нашриёт ва матбаа корхоналари, Интернет сайтлари, ахборот хизматларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган заҳматкаш журналист ва блогерлар, ношир ва муҳаррирлар, таржимон ва рассомлар, режиссёр ва операторлар, барча техник ходимларнинг машаққатли меҳнатини яхши билади ва юксак қадрлайди.

  Фурсатдан фойдаланиб, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб яшайдиган, жамиятда юз бераётган муҳим ўзгаришлар, устувор ғоя ва ташаббусларнинг маъно-моҳиятини одамларга тезкорлик ва холислик билан етказадиган, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига дадил кириб борадиган сиз, азизларга мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган беқиёс ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

  Ҳурматли дўстлар!

  Бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бормоқда. Биз бундай ёндашувни Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ҳамда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган бу йўлни қатъий давом эттирамиз.

  Шу сабабли оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш биз учун ҳамиша устувор вазифа бўлиб келмоқда.

  Бу борада аввало мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани кучайтириш мақсадида кейинги тўрт йилда 12 та қонун ҳужжати қабул қилинганини, медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланганини таъкидлаш лозим.

  Бунинг тасдиғи сифатида қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

  Бу йил ташкил топганининг 65 йиллигини нишонлайдиган миллий телевидениемиз фаолиятида ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ўз таркибида туну кун фаолият кўрсатадиган 26 та теле ва 16 та радиоканални бирлаштирган Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг янги замонавий платформаси («Over-the-top») марказий телеканалларимизда намойиш этилаётган кўрсатувларни бутун мамлакатимиз бўйлаб ҳамда дунёнинг юздан зиёд давлатларига узатиш, ижтимоий тармоқларга фаол жойлаштириш имконини бермоқда.

  Айни вақтда нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар сони кўпайиб бораётгани эътиборга лойиқ.

  Давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, миллий дастур ва стратегияларнинг бажарилиши юзасидан доимий равишда матбуот анжумани ва брифинглар, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

  Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди.

  Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланмоқда. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра қарийб 90 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

  Яқинда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

  Ҳозирги вақтда электрон оммавий ахборот воситалари, хусусан, Интернет журналистикаси ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Республикамизда фаолият юритаётган 1893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи Интернет нашрлари – веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.

  Шу ўринда, мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш зарур.

  Соҳада юксак малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолият кўрсатмоқда, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллари институтида ҳам журналистика йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

  Азиз юртдошлар!

  Мамлакатимиздаги барча сиёсий-ижтимоий институтлар каби Ўзбекистон журналистикаси ҳам ҳозирги рақамли технологиялар даврида янги шаклланиш жараёнини бошидан кечирмоқда.

  Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим.

  Аминманки, мазкур соҳада йиллар давомида эришилган энг яхши ютуқ ва анъаналарни сақлаб қолиш, холислик ва ҳаққонийлик принципларига, қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқаронинг шаъни ва ғурури, унинг ўз мустақил фикрига эга бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, юксак профессионал маҳорат сизлар учун доимо асосий фаолият мезони бўлиб қолади.

  Ушбу мақсадларга эришишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан илгари сурилган бир қатор ташаббуслар, яъни миллий медиа маконимизга дадил кириб келаётган ёш журналистлар, блогерлар, ахборот тизимлари ходимлари иштирокида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистон журналистика мактаби: ижодий мерос ва анъаналар”, “Жамият ва оммавий ахборот воситалари”, “Журналистика одоби” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари, ижодий танловлар уюштиришга доир таклифлар шубҳасиз катта аҳамиятга эга.

  Ўтиш даври билан боғлиқ сабаблар туфайли бугунги кунда бир қатор босма нашрларнинг молиявий аҳволи мураккаб бўлиб қолаётгани ҳаммамизга яхши маълум. Яқинда ўзининг янги раҳбарини сайлаган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, республикамиздаги етакчи газета ва журналлар бош муҳаррирлари билан биргаликда мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифларини биз албатта маъқуллаймиз.

  Ушбу ҳужжатда босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга оид амалий чора-тадбирлар билан бирга, соҳага бозор иқтисодиёти механизмларини тўлиқ жорий этиш, мазкур нашрларнинг мазмуни ва жозибадорлигини янада ошириш, уларнинг ахборот майдонида рақобатбардош бўлиши учун мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш масалалари кўзда тутилиши мақсадга мувофиқдир.

  Айни вақтда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифадир.

  Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш лозим.

  Таъкидлаб айтаманки, мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида давлатимиз ва жамиятимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

  Муҳтарам оммавий ахборот воситалари ходимлари!

  Сизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

  Масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда барчангизга янги ютуқ ва омадлар ёр бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Манба: https://president.uz/uz/lists/view/4454

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>