Ёшлар сиёсати
Бухоролик ёш энергетиклар томонидан мўъжаз кутубхона ташкил этилади
  • 16.07.2021
  • 782

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ “Бухоро магистрал электр тармоқлари” филиалида “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари доирасида, бухоролик ёш энергетиклар томонидан, барча карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, учрашув тадбири уюштирилди. Аниқроғи, “Бухоро МЭТ” филиали Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзоларига Бухоро шаҳрида жойлашган Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят Ахборот кутубхона маркази ходимлари ташриф буюриб, бир нечта миллий ва жаҳон адабиёти намояндалари асарлари чоп этилган китоблар кўргазмаси ташкил этиб беришди.

 

  Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёшлар ўртасида мамлакатимизнинг бой тарихини, унинг бетакрор маданияти ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, жаҳон илм-фани ва адабиёти ютуқларини етказиш учун зарур муҳит ва шарт-шароит яратиш, бунда ёшлар ва аҳолининг кенг қатламлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, шу ўринда ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни тарғиб этиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

  Кўргазмали учрашув давомида сўзга чиққан “Бухоро МЭТ” филиали ходимлар билан ишлаш бўлими муҳандиси Г.Рўзиева: «Китобсиз — илмсиз келажак йўк!» дея маънавий баркамол авлодни тарбиялаш масаласига алохида тўхталиб ўтди, маънавий тарбиянинг асосини китоб ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

 

  Машҳур француз файласуфи Франц Бэкон «Китоблар тафаккур дурдоналарини авлоддан-авлодга элтувчи ақл кемаларидир» деб бежиз айтмаган. Зеро, китоб ақлни чархлайди, тафаккур булоғини очадиган ва уни илҳомлантирадиган буюк мўъжизадир», деб ёш энергетикларга мурожаат қилди муҳандис.

  Тадбир давомида ёш ходимлар томонидан буюк шоиримиз Алишер Навоий ғазалларидан мутолаа қилинди. Бундан ташқари, ҳозирда машҳур санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон томонидан қўшиқ қилиб куйланган, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг «Улуғимсан, Ватаним» шеъри ёддан айтилди.

 Тадбир сўнггида, “Бухоро МЭТ” филиали Ёшлар иттифоки кенгаши етакчиси Ф.Жумаев: «Китобларни ўқиб ўрганиш билан бирга ўзимиздан кейинги авлодларга етказиб қолдиришга ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Мен истардимки, барчамиз кутубхонамизни ўзимиз севган китоблар билан бойитиб борсак, бу эзгу ишга ўзимиз ва барча зиёлиларни, ота-оналаримизни ҳамда жамоат ташкилотлари, ҳомийларни ҳам жалб этсак, мақсадга мувофиқ иш бўлар эди. Умримиз давомида эзгу мақсадларимизни амалга оширишга сиз-у бизга мададкор бўладиган азиз китобни доимий равишда ҳаётимиз ҳамроҳи деб билайлик. Хоҳ оиламизда бўлсин, хоҳ корхонамизда мўъжазгина кутубхона ташкил этайлик! Оиламизда ва корхонамизда маънавий муҳитни янада соғломлаштирайлик!» дея ўртага таклиф ташлади.

https://t.me/uzmetaxborotxizmati/7602

  Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчисининг ташаббус ва таклифи бухоролик ёш энергетикларга маъқул келди. Энди ёшлар томонидан кичик кутубхона ташкил этилади. Бундан ташқари, ўқиб ўрганилган китоблар мазмуни бўйича ўз таассуротларини баён қилиш ва уни тенгдошларига эстафета сифатида ошириш — #kitobxon yosh energetik — китобхонлик челленжи ўтказиладиган бўлди.

Ҳурмат билан,

✍️ “Бухоро магистрал электр тармоқлари” филиали Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзолари

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>