Янгиликлар
Айрим кишиларнинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги-ю билимсизлиги электр таъминоти тизими барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда...
  • 17.07.2021
  • 417

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг (2018 йил 26 декабрь, 1050-сон) 15-бандида шундай дейилган:

  Муҳофаза зоналарида электр тармоғи хўжалиги объектларининг хавфсиз ишлашининг бузилиши, шу жумладан уларнинг шикастланишига ёки йўқ қилиб ташланишига олиб бориши ва (ёки) фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва жисмоний ёки юридик шахсларнинг мулкига шикаст етказиши, шунингдек экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш, жумладан:

 

а) электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш, шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш;

б) техник қоидалар, нормалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ яратилган электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларига кириш йўлларини барпо қилмай туриб, бундай киришларга халақит берувчи ҳар қандай ишни амалга ошириш ва иншоотлар барпо этиш;

в) тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг тўсилган ҳудуди доирасида ва хоналарида бўлиш, тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг эшиклари ва люкларини очиш, ўчириб-ёқишларни ва электр тармоқларга улашларни (ушбу талаб ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни амалга ошириш билан банд бўлган ходимларга татбиқ этилмайди) амалга ошириш, подстанцияларнинг кириш ва тақсимлаш қурилмалари, электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш;

 

 г) болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва турар жойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

 д) ахлатхоналарни жойлаштириш;

 е) зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш, емирувчи коррозияловчи моддаларни ва ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қуйиш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади.

 Ёдингизда бўлса, электр таъминотининг барқарорлиги нафақат соҳа вакилларининг фаолиятига, балки истеъмолчилар, яъни аҳолимиз томонидан электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонасида белгиланган меъёрларга амал қилишига ҳам боғлилиги ҳақида бир нечта мақола-маълумотномалар эълон қилган эдик.

 Мисол учун:

ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАР: ОДДИЙ НОСОЗЛИКДАН ОҒИР ОҚИБАТЛИ ФОЖИАЛАРГАЧА http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/698

ТОИФАЛАНГАН САНОАТ КОРХОНАЛАРИДАГИ АВАРИЯВИЙ ҲОЛАТЛАРГА КИМ АЙБДОР? http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/391

 

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАР — ИСТЕЪМОЛНИНГ ОРТИШИ ТУФАЙЛИ ЮЗАГА КЕЛАДИ

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/582

ХАВФСИЗЛИК ТЕХНИКАСИ МАСАЛАСИГА БЕПАРВОЛИК, ЛОҚАЙДЛИК ВА ЭЪТИБОРСИЗЛИК — ЭНЕРГЕТИКЛАРНИНГ БИРИНЧИ РАҚАМЛИ ДУШМАНИ

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/349

“ХИМИЯ” ПОДСТАНЦИЯСИДА СОДИР БЎЛГАН НОСОЗЛИК САБАБЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/1127

 

2021 ЙИЛ 4 ИЮНЬ КУНИ ЭЛЕКТР ТАРМОҒИДА СОДИР БЎЛГАН НОСОЗЛИКНИНГ ТЎЛИҚ ТАФСИЛОТЛАРИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/1098

 
Сўнгги пайтларда электр узатиш тармоқларининг муҳофаза майдонида қуруқ ўт ва шох-шаббаларнинг ёқиб юборилиши оқибатида электр энергияси таъминотидаги фавқулодда узилишлар рўй бермоқда. Мисол тариқасида жорий йилнинг 8 июль куни соат 11:05 да Тошкент вилоятида содир бўлган воқеа-ҳодиса ҳақида қисқача маълумот тақдим этсак...

  Аниқроғи, ўша куни электр энергияси транзитида муҳим ўрин тутган, Тошкент шаҳрининг катта қисми ҳамда Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Чиноз туманларига электр энергиясини тақсимловчи 220/110/10 кВ “Келес” подстанциясини “Тошкент иссиқлик электр станцияси” АЖ билан боғловчи 220 кВ кучланишли Л-2-К-1 электр узатиш ҳаво тармоғи орқали энергия етказилишида узилиш содир бўлиб, истеъмолчиларга 1 034 000 кВт•соат миқдоридаги электр энергияси етказиб берилмай қолди...  Электр таъминотида носозлик аниқлангач, зудлик билан навбатчи бригада томонидан 220 кВли Л-2-К-1 электр узатиш тармоғини кўздан кечириш жараёни амалга оширилди. Маълум бўлдики, 14–15-рақамли таянч устунлари оралиғида Қибрай тумани, “Обод” МФЙ ҳудудида жойлашган “Нур Фаррух” фермер хўжалигига тегишли ер майдонида ғалла ўримидан қолган сомон ёқиб юборилгани оқибатида юзага келган қуюқ тутун туфайли юқори кучланишли электр тармоғида ўчиш содир бўлган. Воқеа содир бўлган куни ўт ўчириш бригадалари чақиртирилиб, аланга тарқалишининг олди олинди ва фермер хўжалиги вакили иштирокида далолатнома тузилди.

  Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас...

  Бунга ўхшаш кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Барчасининг замирида кишиларнинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги-ю билимсизлиги ётибди.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 1050-сон қарорини барча истеъмолчилар, айниқса қишлоқ хўжалиги, юк ташиш, шаҳарсозлик ва қурилиш ишлари билан шуғулланувчи раҳбар кадрлар, ишчи-ходимлар, мутахассислар билмоғи, энг муҳими — қарор шартларига амал қилмоғи шарт.

 

Хулоса чиқариш ўзингиздан...

✅ АЗИЗ ФУҚАРОЛАР, ҲУРМАТЛИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР!

❗️ Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтида Ўзбекистон Республикасининг харитаси шаклида инфографика маълумотнома-жадвали жойлаштирилган бўлиб, қайси ҳудудни белгиласангиз, ўша ҳудуддаги Магистрал электр тармоқлари филиали ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятингиз пайдо бўлади. Маълумотномада телефон рақамлари ҳам кўрсатилган бўлиб, мутахассислар сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>