Янгиликлар
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти
  • 23.07.2021
  • 479

  Жорий йилнинг июлида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Қонун билан 49 та лицензиялар, 121 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 33 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.

  Мазкур Қонунда назарда тутилмаган янги тартиб-таомиллар турларини жорий этиш тақиқланмоқда.

  Фаолиятни амалга ошириш ҳаёт ва соғлиққа, атроф-муҳитга зарар, ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга, жамоат хавфсизлигига зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жорий этилади.

  Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш ва улар билан боғлиқ бошқа тартиблар барча учун очиқ бўлган “Лицензия” ахборот тизими (махсус электрон тизим) орқали амалга оширилади.

  Юридик шахслар филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензиялар ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

  Бунда аввал олинган лицензияларда ва рухсатномаларда филиаллар ва ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилади.

  Филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этган юридик шахслар ваколатли органни махсус электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали хабардор қилади.

  Лицензиялар, рухсат бериш ҳужжати ва хабарномалар реестрлари фаолият тури бўйича алоҳида-алоҳида махсус электрон тизимда очиқ электрон шаклда юритилади.

  Реестрда лицензияларни чақириб олиш асослари ва саналари, фаолиятни хабардор қилиш тартиби асосида амалга оширишга доир тақиқнинг қолган муддати ва бошқа маълумотлар акс эттирилади.

  Мазкур қонун билан тасдиқланган 49 та фаолият турлари фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ҳисобланади.

  Лицензия фаолиятнинг ҳар бир лицензияланадиган тури учун алоҳида берилади. Лицензия берилган фаолият тури фақат лицензия олган жисмоний ёки юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади, қуйидагилар мустасно:

  - тиббий фаолият;

  - фармацевтика фаолияти;

   гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият;

  - таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик воситасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабисни саноат мақсадларида етиштириш, олиб кириш, қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш, олиш ва ташиш;

  - кўчма радиотелефон (уяли) алоқадан ва телерадиоэшиттиришларни тарқатишдан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш;

  - нефтни, газни ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш;

  - аффинаж фаолияти.

  Лицензия берганлик, унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик ва уни ўзгартирганлик учун давлат божи ундирилади.

  Фаолиятнинг қуйидаги турлари бўйича лицензиянинг амал қилиши учун йиллик давлат божлари белгиланади:

  - концерт-томоша фаолияти;

  - истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ишлаб чиқариш;

  - алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси;

  - телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматларни кўрсатиш.

  Мазкур Қонун билан тасдиқланган 121 та фаолият турлари рухсат бериш ҳужжатларини олиш талаб этиладиган фаолият турларидир.

  Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати, қоида тариқасида, чекланмайди.

  Рухсат бериш тартибига оид низомларда ва уларнинг паспортларида, бир марталик ҳаракатни бажариш учун бериладиган рухсатномаларда ҳужжатнинг амал қилиш муддати чекланиши мумкин.

  Лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартлари низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида кўрсатилади. Бунда рақобатни чекловчи талаблар ва шартларни жорий этиш тақиқланади.

  Лицензия ёки рухсатномаларни беришга оид аризалар, уларга илова қилинган ҳужжатлар махсус электрон тизим ёки ЯИДХП орқали қабул қилинади.

  Ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат автоматик равишда талабгорга юборилади.

  Аризани қабул қилишни ваколатли органлар томонидан рад этишга йўл қўйилмайди.

  Лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ягона QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади.

  Аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  - лицензияни ёки рухсатномани бериш учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;

  - талабгорнинг лицензия ва рухсат бериш талаблари ва шартларига мувофиқ эмаслиги;

  - тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

  - ўтказилиши мажбурий бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ҳамда техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.

  Лицензияни ёки рухсатномани беришни мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан ёхуд бошқа асосларга кўра, қуйидаги ҳолларда рад этишга йўл қўйилмайди:

  - ходимлар касбий малакаси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

  - тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

  - лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига мувофиқ фойдаланиладиган бино ва иншоотлар санитария-эпидемиологик ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлмаганда.

  Аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, ваколатли орган уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат беради.

  Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома ваколатли орган томонидан махсус электрон тизим орқали электрон шаклда талабгорга 1 иш кунида юборилади.

  Хабарномада ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш усуллари, кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни такроран тақдим этиш мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

  Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин 30 иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.

  Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

  - лицензиат ёки рухсатнома олган шахс лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларини бузганида;

  - лицензиат ёки рухсатнома олган шахс ваколатли органнинг қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича қарорини бажармаганда.

  Лицензиянинг ёки рухсатномани тўхтатиб туриш ваколатли орган томонидан 10 кунгача муддатга, 10 кундан ортиқ, лекин 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга эса –суд томонидан амалга оширилади.

  Қонун билан тасдиқланган 33 та фаолият турларини амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилади.

  Хабардор қилувчи ваколатли органга электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда махсус электрон тизим ёки ЯИДХП орқали хабарнома юборади.

  Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини текшириш:

  - Махсус электрон тизим ёрдамида масофавий назорат, фаолиятни жойига чиққан ҳолда текшириш, фаолиятга оид статистик ахборот ва улардан сўраб олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали;

  - “хавфни таҳлил этиш” тизими ва жамоатчилик мурожаатлари асосида амалга оширилади.

  Лицензиясиз, рухсат бериш ҳужжатисиз ва ваколатли органни хабардор этмасдан фаолиятни амалга оширганда уларга нисбатан жарима солинади:

  - жарима 1 ойда ихтиёрий тўланганда унинг 70% ундирилади;

  - мурожаатчиларга қонун бузилиши тўғрисида мурожаатлар асосида ундирилган жариманинг 10% миқдорда пул мукофоти берилади.

  Манба: Адлия вазирлиги

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>