Янгиликлар
Ишни жамоа бажаради, масъулият эса шахсий!
  • 28.07.2021
  • 320

  Жорий йил 10 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6166-сон Фармонни имзолади.

  Шу ўринда ҳаққоний савол туғилади: ўтган беш ой давомида қандай ўзгаришлар юз берди ва бу борада қандай дастлабки натижаларга эришилди? Шу муносабат билан  “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси Р.В. Абдуқодиров билан суҳбатлашди.

Фармон ижросини ташкил этиш

— Мамлакатимиз Президентининг мазкур Фармонларида белгиланган вазифалар ва талабларни амалга ошириш бўйича ­бажарилган ишларнинг дастлабки натижалари ҳақида сўзлаб берсангиз.

  — Маълумки, газета саҳифаларида мамлакатимиз Президентининг шу йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонларида белгиланган талабларга мувофиқ, Адлия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Транспорт, Инвестициялар ва ташқи савдо, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Халқ ­таълими вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, ­Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқарув органлари тизимларида биринчи навбатдаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши қандай кечаётгани тўғрисида батафсил материаллар чоп этилди.

  Давлатимиз Раҳбарининг ўз аҳамиятига кўра долзарб бўлган мазкур Фармонлари қабул қилинганига ҳам беш ой бўлди. Шу давр ичида қандай муайян ишлар амалга оширилди? Биринчи ва энг муҳими — Фармонда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини давлат ва хўжалик бошқарувининг ҳар бир органи, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарлари ва мутахассисларига ­етказиш ҳамда тушунтириш бўйича комплекс ­амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

  Иккинчи — вазирлар, Ҳукуматнинг бошқа аъзолари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг бевосита иштирокида махсус семинарлар ўтказилди. Уларда тармоқ ва ҳудудий бошқарув органларининг, шунингдек, вилоятлар, республика шаҳарлари ҳамда туманлари ҳокимликларининг
15,0 мингга яқин раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Ушбу семинарлар давомида 300 дан ортиқ савол тушди ва уларнинг ҳар бирига Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида ёзма жавоблар юборилди.

 Учинчи — Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмаларида вазирликлар, идоралар ва республиканинг барча даражалардаги ҳокимликлари назорат-таҳлил бошқармалари, бўлимлари ва гуруҳлари раҳбарларининг стажировкаси бошланди. Ўтган вақт ­давомида давлат бошқарувининг 42 та ­органи ва 128 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 186 нафар раҳбар ҳамда мутахассислари стажировкадан ўтди. Яқин ойларда бу ишлар ниҳоясига етказилади.

  Тўртинчи — тармоқ ва ҳудудий бошқарув органларининг марказий аппаратлари ­раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг профессионал ўқишини ташкил қилиш ва ўтказиш ишлари бошланди. ­Масалан, ­Вазирлар Маҳкамаси аппаратида адлия ­вазири Р.Давлетов, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ­ўринбосари С.Холхўжаев, ­Марказий банк раисининг ўринбосари Б.Ҳамраев, ­Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ­директори ­А.Бурхонов ва бошқа раҳбарлар долзарб ­масалалар ­бўйича маъруза қилди.

  Тизимли вазифаларни “...эртага ва эртадан кейин эмас, балки айнан бугун” амалга ошириш зарур

  — Сиз Мамлакатимиз Президентининг ушбу Фармонларининг масъул ижрочилари билан бевосита боғлиқ бўлган регламентга доир муҳим масалаларни қайд этдингиз. Айтинг-чи, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг долзарблик нуқтаи назаридан қандай дастлабки натижаларга эришилди?

  — Мамлакатимиз Президенти, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ва аппарати, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон ­Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари диққат марказида қуйидаги тизимли вазифаларни амалга ошириш турибди:

  — мамлакатимиз Президенти томонидан республика ҳудудларига ташрифлар ва аҳолининг кенг қатламлари билан мулоқотлар чоғида белгиланган тизимли вазифаларни ўз вақтида, тўлиқ ва самарали амалга оширишга доир комплекс ­чора-тадбирларни қабул қилиш бу борадаги ишларнинг асосий, муҳим ва устувор йўналишидир.

  Бугунги кунда ушбу мулоқотларни ҳеч бир муболағасиз “халқ минбари” деб аташ мумкин. Ушбу “минбар”да раҳбарларнинг сўз ва иш бирлиги, Давлатимиз Раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросининг аниқ натижалари текширилиб, “...эртага ва эртадан кейин эмас, балки айнан бугун...” ҳал этишни талаб қиладиган камчиликлар ва муаммолар очиб берилмоқда.

  “Ijro.gov.uz” тизимининг вазирлик (идора) → ҳокимлик → Адлия вазирлиги → Вазирлар Маҳкамаси → Ҳисоб палатаси → Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси “технологик занжири”да республика ҳудудлари бўйича 74 та топшириқлар протоколи доимий назоратда турибди. 10506 та топшириқнинг бугунги кунда 8703 таси тўлиқ бажарилди, қолганлари эса амалга оширилмоқда.

  Мисол учун, мамлакатимиз Президентининг 18 ва 19 март кунлари Тошкент вилоятига ташрифи якунлари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги маърузалари ва келиб тушган таклифлар бўйича қабул қилинган Протоколнинг 216 та топшириғидан бугунги кунда вилоят туманлари ва шаҳарларининг 76 та тизимли вазифалари амалга оширилди. Вилоятни ривожлантиришга доир устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишларни таъминлаш учун вилоят, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарлари ва мутахассислари билан бир ҳафталик семинар ўтказилди.

  Тадбиркорлик, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, вилоят ва Нурафшон шаҳрининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янгилаш, ёшлар саноат зоналарини ташкил қилиш, ­“Маҳаллабай” тизимининг ишлашини такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича Давлатимиз Раҳбарининг ва республика ­Ҳукуматининг қарорлари пухта ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Давлат томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100,0 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди;

  тезкор, ўрта муддатли ва истиқболли вазифалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ­Давлатимиз Раҳбари ҳузурида ҳисобот бериши назорат-таҳлилий ишларнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Ушбу ҳисоботлар раҳбарларнинг профессионал етуклиги ва ўз ишини билиши юзасидан, уларни шахсий масъулият руҳида тарбиялаш учун жиддий имтиҳон ҳисобланиб, тизимли камчиликларга принципиал баҳо беришнинг, шунингдек, ҳам иқтисодиёт тармоқларини, ҳам республика ҳудудларини комплекс ривожлантириш бўйича энг мақбул ва самарали ечимларни ишлаб чиқишнинг чинакам “академияси”га айланди.

  Ўзингиз баҳо беринг. Бугунги кунда 228 та протокол бўйича 9364 та назоратдаги топшириқлар амалга оширилди. Жорий йилнинг ўтган ойларида “Обод қишлоқ ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, кон-металлургия саноатини ва турдош тармоқларни, газ-транспорт тизими ва хизматлар соҳасини, қурилиш материаллари саноатини ва маҳаллий саноат корхоналарини ривожлантириш масалалари пухта муҳокама қилинди ва улар бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди. Давлат активларини хусусийлаштириш, ер муносабатлари, давлат харидлари, уй-жой қурилиши ва коммунал хизмат кўрсатиш, онкология ва гематология соҳасида тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, маънавий-маърифий ишлар кўламини кенгайтириш ва уларни янги мазмун билан бойитиш масалалари диққат марказида турибди;

  — навбатдаги тизимли вазифа — бу қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон ­Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ижросини мақсадли ўрганиш, бу борада ташкилий ва услубий ёрдам бериш. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Давлатимиз Раҳбарининг 3657 та ҳужжатлари назоратда турибди, 25555 та топшириқ бажарилган.

  Республика Олий Мажлиси ҳар иккала палатасининг ялпи мажлисларида Ҳукуматнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди. 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 15 та қонуннинг, шу жумладан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Фан ва илмий фаолият тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида”, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунларнинг ижроси танқидий ва ҳар томонлама ўрганилди.

  Таҳлиллар якунлари бўйича Андижон ва Самарқанд вилоятлари, Қоракўл, Бағдод, Қарши, Яккабоғ, Хонқа, Зарбдор ва Шовот туманлари ҳокимликлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарлари иши натижадорлигига принципиал баҳо берилди;

  Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида Давлатимиз Раҳбарининг 27 та фармони ва қарорларининг назоратдаги топшириқлари ўз вақтида, тўлиқ бажарилиши ва натижадорлиги танқидий ва ҳар томонлама таҳлил қилинди. “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни ташкил этишни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятида принципиал жиҳатдан янги механизмларни жорий этиш ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатлар шулар жумласидандир;

  тармоқларда амалга оширилаётган бир қатор вазифалар бўйича инновацион ­ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, қурилиш вазири Б.Закиров, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Маматов, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Давлат геология қўмитаси раиси Б.Исломов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев, “Ўзстандарт” агентлиги бош директори Д.Сатторовнинг ҳисоботлари эшитилди.

  Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш билан бирга барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Андижон, Бухоро, Жиззах, ­Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари, бир қатор шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарлари маҳаллаларда, хотин-қизлар ўртасида ва чет элдаги меҳнат мигрантлари билан ишларни кучайтириш, аҳолини, айниқса, ёшларни арзон уй-жой билан таъминлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилаётган муаммоларни ҳисобга олиш ва ҳал этиш, ёлғиз, кекса ва ногирон шахсларга ҳар томонлама кўмаклашиш каби муҳим соҳаларда улар томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги тўғрисида ҳисобот бердилар.

  Қатъий ижро интизомини мустаҳкамлаш, барча даражалардаги раҳбарларнинг улар бошчилик қилаётган соҳалар ва ҳудудларда меҳнатнинг пировард натижалари учун шахсий масъулиятини оширишнинг санаб ўтилган ва бошқа шакллари ва усуллари, доимий равишда янги захираларни излаш ҳамда моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан юқори даражада самарали фойдаланиш кўп жиҳатдан жорий йилнинг I ярим йиллигида, сўзсиз, барқарор иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш имконини берди.

  Шу билан бирга, давлат ва жамият ҳаётида фақат кўрсаткичлар ва статистик маълумотлар билан баҳолаш жуда мураккаб бўлган соҳалар ҳам мавжуд, чунки улар бебаҳо қийматга ва ўзгармас аҳамиятга эга. Булар — фуқароларимизнинг тинч ҳаёти, жамоат тартибининг барқарорлиги, Давлатимиз Раҳбарининг аҳолининг истисносиз барча тоифалари, айниқса, кекса фуқаролар, аёллар, ёшлар ва болаларга диққат-эътиборлари ва ғамхўрликлари, уларнинг барча раҳбарларга нисбатан, лавозимидан қатъи назар, ўзига ишониб топширилган вазифада “темир интизомнинг” юқори даражасини, шахсий масъулият ва теран англанган фидойиликни таъминлаш борасидаги доимий талабчанликлари.

  Мамлакатимиз Президентининг ҳужжатлари ва шахсий ташаббуслари амалда ўз ифодасини топаётгани, Ёшлар кунининг кенг нишонланиши ҳеч бир муболағасиз, катта авлод вакиллари, оталар ва оналар, айниқса, кўп миллионли ёшларнинг қалбидан чуқур ўрин олиб, уларга ғурур-ифтихор бағишлаганининг ишончли ва ёрқин тасдиғидир. Бу эса, Давлатимиз Раҳбари томонидан ­Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ёшлар ҳаракати сардори бўлган вақтлардаёқ мустаҳкам пойдевори қўйилган ғоялар ва ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлди.

  Янги Ўзбекистон ва унинг ҳақиқий раҳнамоси учун самимий қувонч, завқ-шавқ ва ғурур кўз ёшлари нафақат фарзандлик ташаккурини, балки ёшларимизнинг ўз келажагига бўлган қатъий ишончини намоён қилди. Учрашувлар чоғида йигит-қизларимиз билан самимий суҳбатлар, уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, оталарча берилган панд-насиҳатлар, давлат мукофотларининг топширилиши мактаблар, коллежлар, лицейлар ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари, ёш тадбиркорлар, Токио шаҳридаги Олимпиадада иштирок этаётган спортчилар, шунингдек, илм-фан, маданият ва санъат вакилларига кўтаринкилик руҳини бағишлаши ва улар учун кучли рағбат бўлиши шубҳасиздир.

  Юқоридагиларнинг барчаси, энг аввало, Янги Ўзбекистонни жадал ривожлантириш, ҳар бир маҳалла ва оиладаги фаровонлик, аҳолининг барча тоифалари ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятда ҳақли равишда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун зарурдир.

  Тармоқ ва ҳудудга “мутасаддилик қилиш эмас”, балки функционал вазифалар ва ваколатларни самарали бажариш

  — Яқинда мамлакатимиз Президентининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўринбосарлари, шунингдек, ҳудудлар ҳокимлари ўринбосарларининг масъулиятини ошириш билан боғлиқ иккита қарори қабул қилинди. Давлатимиз Раҳбарининг ушбу ҳужжатларида раҳбарларга нисбатан қандай янги вазифалар ва талаблар назарда ­тутилган?

  — Кечирасиз, Сизнинг саволингизда бугунги шароитларда бошқарув соҳасидаги ўта муҳим бир жиҳатга эътибор берилмади. Бу — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳар бир ўринбосари, шунингдек, ҳудудлар ҳокимлари ўринбосарларининг иш самарадорлигини пировард меҳнат натижалари бўйича шахсан баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилишдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, энди “мутасаддилик” деган юзаки тушунча кун тартибидан чиқарилди ва бу борада якуний иш натижалари учун ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулияти қатъий белгиланмоқда.

  Жорий йил 12 майда 2021 йилнинг I чорагида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисидаги масалаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Президенти унда иштирок этган барча биринчи раҳбарлар учун кутилмаганда кадрлар ва, авваламбор, бошқарув органлари ва ҳокимликлар раҳбарларининг барча ўринбосарлари шахсий масъулиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Аксарият ­раҳбарлар учун бу кутилмаган ҳолат бўлди.

  Тарихдан бизга “Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади” деган сўзлар жуда яхши маълум. Бу том маънода бугун ҳам ўта долзарбдир. ­Бироқ бугунги шароитларда Янги Ўзбекистонни қуриш ва жамиятни демократлаштиришнинг серқирра муаммоларини ҳал этишда Ўзбекистон ­Республикаси Президентининг асосий ва мустаҳкам принципларидан бири бўлган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган эзгу ғояларини барча жойда ҳаётга татбиқ этиш билан бир қаторда “Ишни ­жамоа бажаради, масъулият эса шахсий!” деган мутлақо янги вазифа ҳам кун тартибга қатъий қўйилган. Ушбу муҳим талабнинг асосий сабаблари нималардан иборат? Бунинг учун қарорлар матнига мурожаат қиламиз.

  Биринчи — Давлатимиз Раҳбари томонидан шу йил 28 майдаги йиғилишда раҳбарлар ўринбосарларини турли лавозимларга тайинлаш учун муносиб номзодларни танлаш, ўрганиш ва тавсия қилиш бўйича ишлар етарлича тизимли йўлга қўйилмаганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Иккинчи муаммо — бу уларни тарбиялаш, шакллантириш ва шахсан ҳар бир раҳбарга бириктирилган соҳада самарали натижаларни таъминлаш бўйича баъзан узоқ вақт талаб қиладиган жараёндир.

  Иккинчи — афсуски, ушбу иккита қарор қабул қилингунга қадар кўплаб норматив ҳужжатлар орасида раҳбарнинг ҳар бир ўринбосарининг вазифалари, функциялари, мажбуриятлари ва ваколатлари аниқ, тиниқ ва тушунарли белгилаб берилган тартибга солувчи ягона ҳужжат йўқ эди. Норматив база бўлмаса, ишнинг пировард натижалари учун шахсан талаб қилиш имконияти ҳам йўқ.

  Учинчи — айрим раҳбарларда доимий ва тизимли асосда ўзининг профессионал даражасини ошириш, илғор хорижий тажриба асосида ислоҳотларни амалга оширишга доир махсус билимларни чуқурлаштириш, ўзида эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслик эҳтиёжини онгли равишда шакллантириш, ташаббус кўрсатиш ва ўз олдига янги марраларни қўйишни таъминлаш борасида шахсий масъулият йўқлиги. “...Ушбу талабларни амалга оширмасдан туриб, шунчаки “ўртамиёна” бўлиб ёки энг ачинарлиси, шиддат билан олға бораётган локомотивнинг “охирги вагонида” қолиб кетиш эҳтимоли жуда катта...”

  Тўртинчи — биринчи раҳбарлар томонидан ўзининг интизомсиз ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган ўринбосарларини “адвокат бўлиб ҳимоя қилиш” амалиётига чек қўйилмаган. Принципиаллик, талабчанлик ва шахсий сўров ўрнини ҳамон “эътибор берилсин”, “огоҳлантирилсин” ва айрим ҳоллардагина “ҳайфсан берилсин” қабилидаги танбеҳлар эгалламоқда. Айнан мана шу сабаблар туфайли айрим назоратдаги топшириқларнинг ижросини таъминлаш, биринчидан, тўлиқ ҳажмда бажарилмаяпти ва қўйилган устувор вазифага эришилмаслигига олиб келмоқда, иккинчидан, ижро муддатлари бузилган ҳолда бажариляпти. Бу, ўз навбатида, муайян бошқарув органи, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, шунингдек, республика ҳудудларида, айниқса, бошқарувнинг туман ва шаҳар бўғинларида ишлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

  Бешинчи — юқорида қайд этилган ва бошқа омиллар биргаликда раҳбарларнинг айрим ўринбосарлари онгида давлат принциплари ва талабларини амалга оширишда теран англаб етилган эҳтиёж ўрнига“ҳаммаси учун вазир, қўмита раиси, хўжалик бирлашмаси раҳбари, вилоят, шаҳар ёки туман ҳокими шахсан жавоб беради” каби масъулиятсизлик фалсафасини юзага келтирмоқда. Бунда ишониб топширилган вазифада профессионал ғурур ва ифтихор четдан кузатувчи позицияси билан алмашиб қолмоқда. Узр, бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас.

  Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аппаратида шу йилнинг 15 майидан бошлаб давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ўринбосарларининг ва вилоятлар ҳокимлари ўринбосарларининг шахсий ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий қилинди. Ўтган давр мобайнида инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосарлари А.Воитов, А.Назаров, Д.Султонов – молия, Ш.Мирзаев – қишлоқ хўжалиги, Д.Одилов – қурилиш, Н.Назиров – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосарлари, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Т.Ҳайдаров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов, Андижон, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари О.Турсунов, Т.Атамурадов, Н.Эркаев, Т.Юсупов, Ж.Ўроқов, ­А.Каримов, Ф.Маманов, М.Файзиев, А.Ўринбоев ва Х.Шокировларнинг ҳисоботлари эшитилди.

  (1) Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, ҳудудларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, (2) тиғиз шахсий иш режаларини шакллантириш, (3) қисқа муддатли бўлмаган, мақсадли хизмат сафарлари давомида (4) бошқарувнинг қуйи бўғинларида, туманлар, шаҳарлар ва маҳаллалардаги ишлар ҳолатини танқидий ўрганиш, (5) муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни (“йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, (6) тармоқ ёки ҳудуднинг бутун “технологик занжири”да “темир интизом” принципларини жорий қилиш, (7) мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумат ҳужжатларининг лойиҳалари тақдимотини ўтказиш эмас, балки уларни айнан ҳимоя қилиш, (8) ҳар ойда, ҳар чоракда эришилган натижаларни тизимли ва танқидий таҳлил қилиш, шунингдек, ярим йил ва календарь йил учун прогноз кўрсаткичларни белгилаш — раҳбарнинг ҳар бир ўринбосари ишларининг айнан мана шу муҳим йўналишлари кўпинча тизимли равишда эмас, баъзан эса юзаки амалга ­оширилмоқда.

  Мисол учун. Биринчи — мамлакатимиз Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” яқинда қабул қилинган қарорларида: а) вазирлик раҳбарияти, шу жумладан, вазир ўринбосарлари фаолиятининг асосий йўналишлари; б) улардан ҳар бирининг ваколатлари — бу ўз вақтида ва самарали қарорлар қабул қилиш учун жуда муҳимдир; в) республика миқёсида белгиланган мақсадларга эришиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари; г) ўта аниқ ва муайян вазифалар ижроси учун вазир ўринбосарларининг шахсий масъулияти аниқ ва тушунарли этиб белгиланган.

  Бошқарув тизимида яна бир жиддий масала — бу кунбай иш режамиз. Давлатимиз Раҳбарининг тиғиз иш жадваллари барча раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, бошқарув органлари аппаратларининг мутахассислари учун тушунарли, намунали ва ўрганса арзигулик жиҳат ҳисобланади. Долзарб ички ва ташқи сиёсат масалалари, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича серқирра мақсадли вазифалар, беш-ўн йил олдинга мўлжалланган истиқболли вазифаларни амалга ошириш борасида комплекс чора-тадбирларни белгилаш ва қабул қилиш, республика аҳолиси, хорижий давлатлар ва халқаро институтлар раҳбарлари билан фаол мулоқот қилиш — ҳар куни кўриб чиқиладиган кенг кўламли масалалар сирасига киради.

  Раҳбаримизнинг Ватан ва унинг ҳар бир фуқароси тақдири учун нафақат юксак масъулият, балки жонкуярлик, ижодий ва ҳар томонлама асосланган ташаббускорлик, ўз ишига ҳақиқий фидойилик ва садоқат каби шахсий фазилатлари барчамиз учун ёрқин ва ишончли мисол бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз!

  Рейтинг баҳолаш тизимини жорий қилиш — раҳбарларни рағбатлантириш ва уларнинг масъулиятини оширишнинг муҳим омили

  Давлатимиз Раҳбарининг юқорида Сиз ­таъкидлаб ўтган ҳужжатлари юксак талаблар, тўпланган амалий тажриба, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи органлар олдида турган устувор вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари таклифлари инобатга олинган ҳолда тайёрланди. Очиқ тан олиб айтишим керак, кўрсатиб ўтилган қарорларни тайёрлаш биз учун жиддий имтиҳон бўлди. Ушбу ҳужжатларнинг асосий мазмун-моҳиятини бешта асосий таркибий қисмга ажратиш мумкин:

  биринчи таркибий қисм — бу давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳар бир ўринбосари, шунингдек, ҳудудлар ҳокимларининг ўринбосарлари фаолиятининг асосий аниқ йўналишларини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа кесимида, ҳудудларни ривожлантириш бўйича ҳар бир муаммоли вазифаларнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.

  Шу сабабли, барча бошқарув органлари ва ҳокимликлар тизимида раҳбарларнинг ҳар бир ўринбосарининг нафақат функционал мажбуриятлари, балки улар ишининг лавозим регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш зарур. Вазирликлар, идоралар ва бошқа органларга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бўйича материаллар намуна сифатида юборилди;

  иккинчи таркибий қисм — бу бошқарув органи раҳбарининг ҳар бир ўринбосарининг ва ҳудуд ҳокими ўринбосарининг иш натижадорлигини баҳолаш имконини берадиган аниқ кўрсаткичлар тизимини эксперимент тариқасида жорий қилиш. Қабул қилинган қарорларга мувофиқ, 124 та вазирликлар, идоралар ва давлат улуши 50,0 фоиз ва ундан ортиқ фоизни ташкил қиладиган хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг 266 нафар ўринбосари фаолиятининг самарадорлиги 2778 та аниқ мезон ҳамда кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Ушбу кўрсаткичлар иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага боғлиқ ҳолда, 8 тадан 27 тагача кўрсаткич оралиғида бўлади.

  Ҳудудлар ҳокимликларида бу кўрсаткич тегишли равишда 116 нафар ўринбосарни ва жами 275 кўрсаткични, юкланган вазифалар ва функцияларга қараб эса, 14 тадан 54 тагача кўрсаткични ташкил қилади. Бунда мамлакатимиз Президентининг “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”
2020 йил 1 майдаги ПҚ – 4702-сон қарори талаблари билан узвийлик таъминланиши лозим;

учинчи таркибий қисм — бу раҳбарларнинг ҳар бир ўринбосари фаолиятини вазирликлар ва республика идораларининг коллегиал органлари мажлисларида чораклар ва календарь йил якунларига кўра аниқланадиган қуйидаги мезонлар бўйича шахсан баҳолаш:

70 фоиздан кам таъминланганда — “қониқарсиз”,

­71 фоиздан 90 фоизгача — “қониқарли”,

91 фоиздан 99 фоизгача — “яхши”,

100 фоиз ва ундан юқори бўлганда — “аъло”.

  Ҳудудлар ҳокимлари ҳар бир ўринбосарининг фаолияти ҳам мана шу мезонлар бўйича алоҳида баҳоланади. Бироқ уларнинг ҳар бирининг ишлаш натижаларини муҳокама қилиш ва баҳолаш ҳудудлар халқ депутатлари Кенгашларининг ҳар чоракда ўтказиладиган мажлисларида белгиланади. Бундан ташқари, қарорда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение ва радио орқали эришилган натижаларнинг самарадорлиги тўғрисида мунтазам равишда ахборот бериб борилишини таъминлаш топширилган;

  тўртинчи таркибий қисм — бу бошқарув органлари ва ҳудудлар ҳокимларининг биринчи раҳбарлари, шунингдек, республика
Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчилари томонидан татбиқ этилаётган шахсан баҳолаш амалиётининг доимий ишлашини амалда мониторинг қилишни таъминлаш. Қарорларда ушбу талабга алоҳида эътибор қаратилган;

  бешинчи таркибий қисм — бу Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида бутун мониторинг тизимини ҳар чоракда танқидий таҳлил қилиш, Президент Администрациясига ҳужжатлар тўпламини бошқарув органлари раҳбарларининг ҳар бир ўринбосари ва ҳудудлар ҳокимларининг ўринбосарлари бўйича аниқ таклифлар билан биргаликда киритиш.

  Қабул қилинган қарорларда таъкидланганидек, энди бошқарув органлари раҳбарларининг ҳар бир ўринбосари ва ҳудудлар ҳокимларининг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериш билан бир қаторда, уларга юкланган вазифалар, функциялар ва ваколатларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва натижадорлик билан бажарилиши учун ­Ўзбекистон Республикаси ­Президенти олдида шахсан жавоб беради.

  Олдимизда муайян ташкилий ва машаққатли таҳлилий ишлар турибди. Бунда бошқарув органлари ва ҳудудлар ҳокимликларининг марказий аппаратлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг аппарати алоҳида ўрин эгаллайди. Биринчи навбатда, бу борада Давлатимиз Раҳбарининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонларида назарда тутилган иқтисодий, молиявий, инвестиция ва ҳуқуқий маълумотларининг фундаментал электрон базасини яратиш ҳақида сўз бормоқда.

  Иккинчидан, зудлик билан ҳал қилишни талаб қиладиган аниқ камчиликлар, қолоқликлар ва муаммолар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлайдиган ижро интизомининг ўзига хос интеграли ҳисобланган “ijro.gov.uz” ­тизимининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади. Ушбу талабларга Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорларида алоҳида эътибор қаратилган.

  Энг муҳими — бошқарув аппарати ва ­ҳокимликнинг ҳар бир раҳбари ҳамда ходими бошчилик қилинадиган фаолият йўналишида “Ишни жамоа бажаради, масъулият эса ­шахсий!” принципига риоя этган ҳолда, аниқ натижаларга эришишга онгли равишда интилиши зарур десак, адолатли бўлса керак!

  Шу аснода юртнинг муносиб сардори бошчилигида ягона команда бўлиб ишлаш алоҳида муҳим аҳамият касб этади ва юксак қадрланиши керак. Албатта, ­нафақат ушбу команда таркибида бўлиш, балки Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва яратишдаги серқирра ишларда ўзининг фаол иштирок этишга ҳақли эканлигини аниқ ва амалий натижалар билан исботлаш ҳам зарур!

Салим Дониёров суҳбатлашди.

https://bit.ly/375wqSA

Манба: https://yuz.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>