Янгиликлар
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ШҲТга аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи учрашувида иштирок этди
  • 12.08.2021
  • 362

  Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи марта ташкил этилган  учрашувида иштирок этди. 

  Унда шунингдек, Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума, Ҳиндистон нефть ва табиий газ вазири Хардип Сингх Пури, Қозоғистон энергетика вазири Нурлан Ногаев, Хитой давлат энергетика бошқармасининг раҳбар ўринбосари Жень Циндун, Қирғизистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Тилек Айталиев, Покистон энергетика вазири Ажар Хаммад, Россия энергетика вазири Николай Шульгинов, ШҲТ Бош Котиби Владимир Норов иштирок этди.

  Форум 2021 йилнинг 12 август куни Тожикистон давлати раислиги остида видеоанжуман форматида бўлиб ўтди.

  “Ишончим комилки, мазкур платформа ШҲТ га аъзо мамлакатларнинг ёқилғи-энергетика комплексидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқиш учун самарали майдон ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 август куни бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида таъкидлаганидек, “Минтақада миллий иқтисодиёт ва аҳоли сони ўсиши таъсирида энергетик хавфсизлик масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда”. Шу муносабат билан умумий энергетика маконини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бунда “яшил” энергетика ва энергия тежамкор технологияларни жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратишни таклиф этамиз”, – деди учрашувда Шерзод Ходжаев.
 

 


  Онлайн учрашув доирасида делегация раҳбарлари ШҲТ га аъзо мамлакатлар энергетика тармоғидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашишди.

  Томонлар ШҲТ га аъзо давлатларнинг энергетика соҳасидаги  ҳамкорлик Концепциясини муҳокама қилиб, тасдиқлашди ҳамда энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ШҲТ га аъзо давлатларнинг мунтазам фаолият юритадиган Ишчи гуруҳини ташкил этиш ва жорий йилда унинг биринчи учрашувини ўтказишга келишиб олишди.

  Қабул қилинган Концепция доирасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. ШҲТ га аъзо давлатлардаги мавжуд энергетика балансини ҳисобга олган ҳолда, янги энергетика қувватларини ташкил этиш, ёқилғи-энергетика инқирози шароитида ўзаро ҳамкорлик қилиш; энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни узоқ муддатли прогнозлаштириш; турли мамлакатлар амалиётини ҳисобга олган ҳолда, энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида янги йўналишларни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

  Шунингдек, Концепцияда ШҲТ га аъзо давлатларнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тамойиллар, хусусан, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг янгилиги, фойдалиги ва асослиги, ечимларнинг уйғунлиги ва изчиллиги кабилар ҳам мустаҳкамланган.


Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1396

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ

Ахборот хизмати

>