Янгиликлар
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафарини Кармана туманидан бошлади. Давлатимиз раҳбари бу ерда барпо этилган янги қуёш электр станциясини ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда
  • 27.08.2021
  • 310

  Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида сизлар билан бирга  муҳим бир тадбирда йиғилиб турибмиз.

  Бугун Кармана туманида  “яшил энергетика”га ўтиш йўлидаги биринчи қадам бўлмиш  қуввати 100 мегаВатт бўлган  замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилмоқда.

  Барчангизни ана шу қувончли воқеа билан чин қалбимдан табриклайман.

  Аввало,  ушбу лойиҳа доирасида қисқа муддатда – бир ярим йил ичида катта ҳажмдаги ишлар бажарилганини таъкидлаш лозим.

  Хусусан, 110 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилгани чиндан ҳам саноатимиз тарихида  жуда катта воқеадир.

  Бу ерда йилига 252 миллион кВ•соат электр энергияси  ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна  буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади.

  Президент Шавкат Мирзиёев ушбу станция Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги  биринчи мана шундай улкан қадам, таъбир жоиз бўлса, “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бераётганини таъкидлади.

  "Маълумки, юртимизда бир йилда ўртача 320 қуёшли кун кузатилади. Ўлкамизни бежиз  “Серқуёш Ўзбекистон”  деб аташмайди.

   Лекин шу пайтга қадар ана шундай улкан салоҳиятдан  фойдаланиш масаласи   эътиборимиздан четда қолиб келаётган эди", - деди давлатимиз раҳбари.

  Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра,  Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард килоВатт-соат  электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу  республикамизнинг  бугунги кунда энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп.

  2030 йилга бориб  қуёш электр станциялари қувватини камида 5 минг,  шамол электр станциялари бўйича эса 3 минг мегаВаттга етказиш режа қилинган.

  Жумладан қуйидаги қувватлар фойдаланишга топширилади:

  - жорий йил якунига қадар Самарқандда қуввати 100 мегаВатт бўлган яна битта қуёш станцияси;

  - келгуси икки йилда Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд,  Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарёда умумий қуввати 2 минг 100 мегаВатт бўлган 9 та қуёш станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида эса 1 минг 600 мегаВатт қувватга эга бўлган 4 та шамол электр станцияси.

  Президент Шавкат Мирзиёев янги станция  Ўзбекистон тарихида илк бор хусусий инвестор томонидан қурилган электр станцияси эканига эътибор қаратди.

  Бу сўнгги икки йилда электр энергияси соҳасида бошлаган катта ислоҳотларимизнинг амалий натижаси,  инвесторларнинг мамлакатимизга нисбатан ишончи  тобора ортиб бораётганининг ёрқин далилидир.

  Биз энергетика соҳасида туб ислоҳотларни бошладик. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ўзида жамлаган монопол давлат компанияси ўрнига бир-биридан мустақил  4 та компания ташкил этилди.

  "Энергетика соҳасида рақобатдош улгуржи бозорни шакллантириш, хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш ва шу орқали электр энергиясига ўсиб бораётган талабни  мақбул нархларда қондиришни асосий вазифа этиб белгиладик.

  Шу тариқа 2025 йилгача юртимизда камида  50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятларни яратиб берамиз", деди давлатимиз раҳбари.

  Ушбу лойиҳа Бирлашган Араб Амирлигининг  Masdar компанияси томонидан амалга оширилган бўлиб, бу хорижий давлат компаниялари билан ҳамкорликдаги айни пайтдаги энг йирик лойиҳадир.

  Давлатимиз раҳбари Амирликлар билан ўзаро ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб, янги босқичга кўтарилиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

  Биргина энергетика соҳасида умумий қиймати  қарийб 1,5 миллиард доллар бўлган 1 минг 700 мегаВаттли 6 та лойиҳани амалга ошириш бошланган.

  Жумладан, Навоий вилоятининг ўзида 2023 йилда Masdar компанияси билан ҳамкорликда 500 мегаВаттли шамол станцияси ва Phanes group иштирокида 200 мегаВаттли қуёш станцияси барпо этилади.

  Президент Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати вакилларига, Masdar компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил Ал-Рамаҳий ҳамда қурилишда иштирок этган 600 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий мутахассисларга чуқур миннатдорлик билдирди.

  Президент янги электр станциясининг саноат тармоқлари ривожидаги ўрни ҳақида гапирди:

  - Бугунги кунда ва яқин келажакда ишга тушадиган қуёш ва шамол станциялари нафақат энергетика соҳасида, балки бошқа тармоқларда ҳам жуда катта имкониятлар яратади. Биз бундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш баробарида, катта билим ва тажриба орттирмоқдамиз. Юртимизда янги ишлаб чиқариш йўналишлари, замонавий технологиялар пайдо бўлмоқда.

  Масалан, бугун сизлар иштирокингизда  фойдаланишга топширилаётган станцияда “Ўзэлектроаппарат” корхонасидан электротехника жиҳозлари, “Ўзбеккабель”, HPC systems корхоналаридан кабеллар,  Бектемир металл конструкциялари заводидан таянч устунлар келтирилган.

  Умуман, бундай йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун йилига камида 1 миллиард долларлик  янги бозор очиб беради, электротехника кластерини ташкил этиш учун пухта замин яратади.

  Ушбу кластерда қуёш панеллари, кабель маҳсулотлари, трансформаторлар,  аккумуляторлар, электр двигателлар,  шамол электр станцияси учун генератор ва таянч ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мумкин. Бу минглаб янги иш ўринлари деганидир.

  Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги устувор вазифалар ва режаларни айтиб ўтди.

  Сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми эса 30 фоизга кўпайган.

  Келгуси 5 йилда иқтисодиётимиз ўсишини 1,5 баробарга ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини  камида 100 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз.

  Бу борада ўрта ва йирик шаклдаги минглаб янги саноат корхоналари ишга туширилиб,  электр энергиясига эҳтиёж 100 миллиард килоВатт соатга етади. Бу рақам – ҳозиргидан  30 миллиард килоВатт соатга кўп дегани.

  Шунинг учун, электр энергияси соҳасида янги ислоҳот ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жуда катта режаларни белгилаб олганмиз. Жумладан, келгуси 5 йилда қиймати 6,5 миллиард доллар бўлган 19 та лойиҳа ҳисобидан, қўшимча равишда 11 минг 500 мегаВатт янги қувватлар ишга туширилади.

  2030 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи манбалар улуши 30 фоиздан ортади.

  Электр энергиясини ҳудудларга етказиш учун  500 ва 220 киловольтли 3 минг километр янги электр тармоқлари  барпо этилади.

  Президент Шавкат Мирзиёев тармоқни ривожлантириш мавзусини давом эттирди:

  Бугунги кунда паст кучланишли тармоқларнинг 66 фоизи, подстанцияларнинг 74 фоизи ва трансформатор пунктларининг 50 фоиздан кўпроғи эскирган.

  Шунинг учун келгуси беш йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор  ва 100 дан ортиқ подстанциялар тўлиқ янгиланади.

  Кейинги пайтда қўшни мамлакатлар билан ягона энергетика занжирини ташкил этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

  Шу мақсадда, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Энг муҳими,  минтақамиз мамлакатлари энергия тизимини ўзаро боғлайдиган  қўшимча магистрал тармоқларни ишга туширамиз.

  Бу албатта барча қўшни давлатлар учун  ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда катта имкониятлар яратади.

  Давлатимиз раҳбари энергетика соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш долзарб масала эканини таъкидлади.

  - “Яшил иқтисодиёт” ва қайта тикланувчи энергия манбалари  – XXI асрда  барқарор иқтисодий тараққиёт асоси эканини барчамиз яхши тушунамиз. Шу сабабли илм-фан, таълим, замонавий кадрлар тайёрлаш масалалари энергетика соҳасида долзарб аҳамиятга эга.

  Бу йўналишда илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш мақсадида жорий йил бошида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини ташкил этдик.

  Бундан ташқари, пойтахтимизда Москва энергетика институтининг филиали иш бошлади.

  Ушбу соҳада лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, эксплуатация ва таъмирлаш йўналишлари бўйича қўшимча мингдан ортиқ юқори малакали техник ходимлар талаб этилади.

  Шу мақсадда хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда 2022 йилдан бошлаб Навоийда муқобил энергетика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилади.

"Бизда имконият ва салоҳият етарли" - Президент.

- Биз бугун Янги Ўзбекистонни бунёд этишда  рақобатдош иқтисодиёт тармоқларини яратишга алоҳида эътибор қаратиб, барча соҳаларда маррани катта олмоқдамиз. Энг муҳими, бунинг учун бизда имконият ва салоҳият етарли.

  Бугунги тадбирда иштирок этаётган  барча меҳмонларимиз ва лойиҳа иштирокчиларини,  энергетика соҳасида янги уфқларни очиб берадиган  ушбу лойиҳанинг  муваффақиятли амалга оширилгани билан чин қалбимдан табриклайман.

  Фурсатдан фойдаланиб,  барчангизни яқинлашиб келаётган энг улуғ ва энг азиз байрамимиз  – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман, - деди Президент маросим якунида.

Тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари, мамлакатимиз энергетика тармоғи ва жамоатчилиги вакиллари сўзга чиқди.

Манба: https://t.me/Press_Secretary_Uz

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>