Янгиликлар
Мамлакатимиздаги иккинчи йирик қуёш электр станцияси Самарқандда ишга туширилади
  • 09.09.2021
  • 323

  Қарор ва ижро

 Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш муҳим вазифалардан. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, хусусан, қуёш электр станцияларини барпо этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

  Шу кунларда Самарқанд вилояти Нуробод туманида қурилиши жадал олиб борилаётган қуёш электр станцияси ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

  Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 2019 йил 13 сентябрда бўлиб ўтган тадбирда ушбу лойиҳага расман асос солинган эди. Яъни, унда Энергетика вазирлиги иштирокида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Франциянинг «TOTAL Eren» компанияси ўртасида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан келишув имзоланди.

  Мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилаётган ушбу қуёш электр станциясининг умумий ер майдони 353 гектар, лойиҳанинг умумий қиймати эса 100 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа инвестор – Франциянинг “Total Eren SA” компанияси томонидан 100 фоиз тўғридан-тўғри молиялаштирилмоқда.

  Президентимизнинг 2020 йил 13 майдаги “Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу лойиҳани ҳаётга самарали татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Улуғбек Урунов ҳозирги кунда қурилиши жадал олиб борилаётган  ушбу қуёш электр станцияси ҳақида маълумот берди.

  –  Мамлакатимиз «яшил энергия»сининг яна бир йирик лойиҳаси – фотоэлектр станцияси қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойида Франция Республикасига расмий ташрифи чоғида имзоланган лойиҳалардан бири эди, – деди У.Урунов. – Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб, бундан қарийб 3 йил олдин тамал тоши қўйилган лойиҳаси бугунги, йирик саноат мажмуалари ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналари жадал ривожланаётгани туфайли электр энергияга бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бораётган айни пайтда фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. Ҳозирда лойиҳа бўйича «Ўзбекистон милий электр тармоқлари» АЖга юклатилган вазифалар, жумладан, кириш йўлларини қуриш, ер майдонини текислаш ва тўсиқлар билан ўраб чиқиш ишлари якунланган. Ишлаб чиқарилган қувватни мамлакатимиз электр таъминоти умумтизимига қабул қилиш имкониятлари мавжуд. Аниқроғи, илк генерация қувватини ягона электр энергетикаси тизимига улаш октябрь ойига, лойиҳани тўлиқ ишга тушириш эса жорий йилнинг декабрь ойига режалаштирилган.

  Бу лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, йилига 260 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 76 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади.

  Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 август куни Навоий вилоятининг Кармана туманида илк йирик лойиҳа – 100 мегаваттли фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилди. Унинг тантанали очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>