Янгиликлар
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг 2021 йил 10–11 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига хизмат сафари ҳисоботи
  • 11.09.2021
  • 509

  2021–2022 йил қиш-куз мавсумига тайёргарлик ишлари, магистрал электр тармоқлари омборхоналарида сақланаётган захира материалларининг таркиби ва миқдори, овул оқсоқоллари ва маҳалла фаоллари билан ўтказилган сайёр қабуллар: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Ўзбекистон Экологик партиясидан Қорақалоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган депутат Д.А.Исақуловнинг 2021 йил 10–11 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятига хизмат сафари тафсилотлари.

 

  Хизмат сафарининг биринчи куни, яъни 10 сентябрь тонггида пойтахтнинг маҳаллий аэропортидан ҳавога кўтарилган учоқ Нукус шаҳри аэропортига соат 8:35 да қўнди. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисини «Қорақалпоқ магистрал электр тармоқлари» филиали директори С.К.Умбетов кутиб олиб, Қорақалполғистон Республикасида 2021–2022 йил қиш-куз мавсумига тайёргарлик ишлари хусусида ҳисобот ахборотини тақдим этди.

  Шундан сўнг Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ишчи тартибдаги қабулларда бўлиб, сўнг депутатлик фаолиятига доир учрашувларни ўтказиш мақсадида Хўжайли туманига йўл олди.

 

  Ёдингизда бўлса, Қорақалоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Д.А.Исақулов 38-сонли “Кулоб” сайлов округи таркибидаги Саришунгил овулининг фуқаролари билан икки марта сайёр қабул ўтказган эди. Унда 31 та янги хонадонларга электр ва газ таъминоти, ичимлик суви, ички йўллар, мактаб ва болалар боғчаси билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинганди.

Батафсил: https://t.me/deputatisaqulov/151

 

  2020 йил декабрь, 2021 йил февраль ойидаги учрашувлардан сўнг депутат Д.А.Исақулов янги овулнинг 3–4 йилдан буён ечим топилмай келинаётган муаммолари юзасидан Хўжайли тумани ҳокими, “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республика Вазирлар Кенгашига депутатлик сўровлари юборган эди.

 

Батафсил: https://t.me/deputatisaqulov/199

 

  Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ янги аҳоли пунктларига инфратузилма тармоқларининг тортилиши маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши лозим. Аммо Хўжайли туманида йирик саноат корхоналарининг йўқлиги, ўрта ва кичик бизнес тармоқлари энди-энди, охирги 4-5 йилда ривожланаётгани, бунга экологик жиҳатдан инқирозга юз тутган ҳудуддаги шўр ер майдонлари ва ичимлик суви танқислиги билан боғлиқ ҳолат маълум даражада тўсиқ бўлаётгани — туман маҳаллий бюджети янги овулларни тўлиқ обод қилишга етмаслиги кўпчиликка маълум масала.

 

Электр таъминоти масаласи ҳал этилган эди...

Шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, депутат сўровига мувофиқ, “Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг саъй-ҳаракатлари билан янги овул ҳудудига бир неча километр электр тармоқлари линияси тортилиб, янги трансформатор ўрнатилди. Айни пайтда овулнинг ички ҳудудига ҳам симёғочлар ўрнатилиб, тақсимловчи электр тармоқлари тортилди. Янги хўжалик фуқаролари амалдаги қонунчиликка мувофиқ Хўжайли тумани электр корхонасига ариза билан мурожаат қилиб, электрон ҳисоблагичлар ўрнатиб, электр таъминоти тармоғига уланмоқда.

 

  Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган Жўқорғи Кенгеси депутати Д.А.Исақуловнинг Саришунгул янги овулидаги навбатдаги сайёр қабули ҳам янги хонадонларнинг қурилиш майдонида, 31 та янги хонадон фуқаролари ҳамда ҳокимият масъул вакиллари иштирокидаги муҳокамалар билан бошланди.

Навбатдаги масала табиий газ таъминоти...

  Ахир куз-қиш мавсуми бошланишига саноқли кунлар қолди. 3–4 йилдан буён янги хонадонларга кўчиб чиқа олмаган фуқаролар бу йилги қиш мавсумини янги овулда ўтказишни, келгуси йилдан бошлаб барча шароитлар яхшиланиб, Хўжайли туманидаги ўнлаб овуллар қаторига яна бир овул қўшилишига умид боғлаганлар.

 

  Депутат билан сайёр қабул чоғида электр таъминоти масалаларидан ташқари ичимлик суви муаммоси, табиий газ таъминоти учун “ГРП” — газ тақсимловчи қурилма ўрнатиб, овулнинг ички ҳудудига тақсимловчи газ қувурлари тортилиши масаласи атрофлича муҳокама этилди. Хўжайли тумани ҳокимининг ўринбосарлари, "Ҳудудгазтаъминот" ҳамда "Ҳудудий электр тармоқлар" Хўжайли тумани бўлими раҳбарлари ҳамда бош муҳандислари ушбу масалалар қайси муддатларда ечим топиши мумкинлиги ҳақида ўз режаларини баён этишди.

Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/6750

  Маълум бўлдики, газ қувурларини тортишга маҳаллий бюджет маблағлари етарлича эмас. Аҳоли вакиллари ўзаро пул йиғиб, газ тақсимловчи қурилма харид қилишган.

 

  Депутат Д.А.Исақулов янги овул фуқаролари бу йилги куз-қиш мавсуми олдидан янги хонадонларга кўчиб ўтишини инобатга олиб, масалага ҳомий ташкилотларни жалб қилиш лозимлигини таъкидлади. 1250 метр 40 мм диаметрга эга газ қувурлари ва ёрдамчи-бутловчи материаллар ҳомий ташкилотлар ҳисобидан газ таъминоти корхонасига тақдим этилиши, улар эса куз фасли тугагунга қадар барча қурилиш-монтаж ишларини тугатиши, 31 та хонадоннинг юз нафардан ортиқ фуқаролари эса ўз хонадонларига совуқ об-ҳаво — ёмғир-қор мавсуми бошланмасданоқ кўчиб ўтиши лозимлиги белгиланди. 

 

  Сайёр қабул ўтаётган пайтда Саришунгул овулига Хўжайли тумани ҳокими Ж.М.Ермашов ташриф буюрди. Жўқорғи Кенгес депутати ва туман ҳокими овул фуқароларининг бошқа йўналишдаги мурожаатларини тинглаб, масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар беришди.

  Сайёр қабул натижасига кўра, Жўқорғи Кенгес депутати Д.А.Исақуловнинг ташаббуси билан, газ таъминоти масалаларига ҳомий ташкилотларни жалб этиб, газ қувурлари харид қилиш, фуқаролар номидан газ таъминоти ташкилотига газ қувурларини далолатнома орқали топшириш, сўнг монтаж ишлари бажарилиб, янги хонадонлар газ таъминоти умутизимига уланиши мумкинлигини билдирди.

 

  Хўжайли тумани ҳокими ҳамроҳлигида амалга оширилган Жўқорғи Кенгес депутати Д.А.Исақуловнинг навбатдаги ташрифи чегара ҳудудида жойлашган олис “Амударё” ҚФЙдаги 16-сонли умумтаълим мактаби биносида — Депутат қабулхонасида қайд этилган ўнлаб мурожаатларни ўрганиш билан давом этди.

  Депутат қабулхонаси раҳбари — Ўзбекистон Экологик партияси Хўжайли туман бўлими раҳбари Г.Ю.Сариеванинг 2021 йил мурожаатлари бўйича ҳисоботи тингланди. Мурожаатлар турли йўналишларда таснифланиб, Хўжайли тумани ҳокими Женес Маратович ҳамда Дадажон Айнақуловичнинг муаммолар ечими бўйича кўрсатмалари қайд этиш дафтарига муҳрланди. Масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

 

  Сўнгра умумтаълим мактабининг фаоллар залида “Амударё” қишлоқ фуқаролари йиғинидаги овул оқсоқоллари ва маҳалла фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Туман ҳокими иштирокидаги Жўқорғи Кенгес депутати билан учрашувда овулдаги ичимлик суви, газ ва электр таъминоти, йўл қурилиши, мактаб-боғча ва ишсизлик масалалари атрофлича муҳокама этилди. Учрашувда иштирок этган Хўжайли тумани ташкилот раҳбарларининг айримларига, ўз ишига совуққонлик билан ёндашгани, фуқаролар мурожаатини ўз вақтида бажармагани учун, мурожаатлар белгиланган муддатларда ижро этилмаса, туман ҳокими Ж.М.Ермашов томонидан интизомий жазолар қўлланилиши билдирилди.

  Маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари билан учрашувнинг иккинчи қисми якка тартибдаги сайёр қабуллар билан давом эттирилди. Ёзма тақдим этилган мурожаат, шикоят ва аризалар қайд этиш китобига ижро муддати кўрсатилиб қайд этилди, фуқароларнинг шахсий хусусиятга эга мурожаатлари ҳам тингланди.

 
 
 
 
 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг навбатдаги ташриф манзили Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти чегара ҳудудида жойлашган 220 кВ кучланишли «Беруний» подстанцияси бўлди.

  Бошқарув раисига тегишли тартибда ахборот берган подстанция бошлиғи ва электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбари 2021–2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот беришди.

 
 

  Д.А.Исақулов подстанцияда олиб борилган қурилиш-монтаж ишларидан сўнг фойдаланиш муддати тугаган эски электр қурилма ва жиҳозларини рангли ва қора металлга ажратиб, тегишли тартибда қайта ишлаш жараёнига топшириш, яроқлиларини қайта таъмирлаб, унга зарурият билдирган филиалларга юбориш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди. Шундан сўнг 220 кВ ли «Беруний» подстанцияси омборхонаси кўздан кечирилди. Унда куз-қиш мавсумида турли носозлик ва авариявий ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўладиган захира материалларининг таркиби ва миқдори ўрганилди.   

 
 

  Навбатдаги ташриф Хоразм вилояти марказидаги “Хоразм” подстанцияси ҳамда «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиалининг Автотранспорт ва механизмлар гуруҳи ҳудудидаги омборхонада мавжуд материаллар захираси бўйича ўрганишлар билан давом эттирилди. Хоразм вилоятидаги юқори кучланишли подстанция ва электр тармоқларида амалга оширилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тўғрисида филиал директори Р.Я.Сапарбоев ҳисоботи тингланди.

 

  Бошқарув раиси томонидан “Хоразм” подстанциясида олиб борилган модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишларидан чиққан, ҳозирда ўрнига замонавий ва ихчам ускуна ва жиҳозлар ўрнатилган, аввалроқ демонтаж қилинган, фойдаланиш муддати тугаганига бир неча йиллар бўлишига қарамасдан фойдаланилган эски ускуна ва жиҳозларни икки қисмга ажратиш, яроқлиларини таъмирлаб, 1960–1970 йиллар оралиғида қуриб фойдаланишга топширилган подстанцияларга юбориш, яроқсизларининг рангли ва қора металлга ажратиб, қайта ишловчи корхоналарга белгиланган тартибда топшириш юзасидан кўрсатмалар берди.

  Омборхоналарни ўрганиш натижаларида маълум бўлдики, «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали омборхонасида эски, айни пайтда фойдаланишдан батамом чиқарилган айрим ускуна ва жиҳозлар бўлиб, ҳамон тегишли далолатнома орқали ҳисобдан чиқарилмаган. Филиал раҳбари ва маъмурият масъул ходимларига интизомий чора белгиланиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгиланди.

 

  Шу билан бирга, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақулов «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали томонидан 2021–2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун жамғарилган захира материалларининг миқдори ва ҳолати билан бевосита танишди. Электр таъминотидаги носозлик ҳолатларини олдини олиш учун Автотраспорт ва механизмлар шайлиги, навбатчилик жадвали, муҳандис ва электр монтёрлар меҳнат фаолияти учун яратилган шароитлар, тезкор чоралар учун қулайликлар, рақамли технология дастурлари, алоқа ускуналари ҳамда кадрларнинг билим-салоҳияти ўрганиш ишлари давомида синов ва текширувдан ўтказилди.

  Бугун, 11 сентябрь куни Урганч-Тошкент тонгги рейси билан пойтахтга қайтган «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақулов  айни пайтда маъмурият ишлари билан шуғулланмоқда. Куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2021–2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунларини ўрганилади.

У.П.Урунов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

ДЕПУТАТ ҚАБЫЛЛАЎХАНАСЫ / ДЕПУТАТ ҚАБУЛХОНАСИ

t.me/deputatisaqulov

>