Қизиқарли хабарлар
АТОМ ЭНЕРГИЯСИДАН ТИНЧЛИК МАҚСАДИДА ФОЙДАЛАНИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБИ
  • 15.11.2019
  • 1468

   Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш энергия ресурсларини талаб қилади. Ушбу эҳтиёжни ишончли манбалар билан таъминлашни кенгайтиришга эҳтиёж йўқ эмас.

   Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинди.

   Фармон билан энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлаш, энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган чоралар белгиланди.

   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом”) ташкил этилди.

    Шу билан бирга, фармон ижроси доирасида шу йил 9 сентябрда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

   Қонун қабул қилишдан мақсад – атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишни таъминловчи институт ва тизимлар фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асосларини яратишдир. Шунингдек, соҳага оид нормалар ва қоидаларни унификациялаш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда фуқаролар ва юридик шахслар хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмини яратиш.

   Аҳамиятли жиҳати – қонунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги белгиланганидир. Хавфсизлик таъминланиши, ахборотнинг очиқлиги, ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши ҳам асосий принциплар қаторидан ўрин олди.

   Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш, бу соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқи учун рухсатнома бериш, давлат назорати ва текшируви тартиби жорий этилди. Ядровий қурилмани ва сақлаш пунктининг хавфсизлигини даврий баҳолаш, уни жойлаштириш ҳамда барпо этиш ҳам шулар жумласидандир.

   Ядровий қурилмани ва сақлаш пунктини қабул қилиб олиш ва ишга тушириш тартиби қандай бўлади? Қонунга кўра, уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, тегишли лойиҳада назарда тутилган барча ишлаб чиқариш ва маиший мақсадлар учун мўлжалланган объектлар билан комплекс равишда амалга оширилади.

   Бу жараён эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан кўрсатилган объектлар лойиҳалари асосида тасдиқланган ҳамда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи тегишли органлар билан келишилган дастурга мувофиқ амалга оширилади. Бу эса. махсус ваколатли орган томонидан берилган лицензия мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

   Бундан ташқари, ядровий материаллар, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндиларнинг давлат ҳисоби ва назорати юритилади. Ядровий материаллар ва радиоактив моддаларни транспортда ташиш, ядровий материалларни, радиоактив моддаларни ва чиқиндиларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш, атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилиш, аварияга оид шайлик ва авария ҳолатида ҳаракат қилиш, аварияга оид ташқи режа ва ички режани ишлаб чиқиш тартиби мустаҳкамланди.

   Шунингдек, қонунда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар, эксплуатация қилувчи ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланди. Жисмоний ва юридик шахсларга, атроф-муҳитга радиациявий таъсир натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш нормалари, радиациявий таъсир натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш тартиби ҳам белгилаб қўйилди.

   Қонун атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш ва атом энергетикасини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароит яратади. Атроф-муҳитни, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ионлаштирувчи нурланишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш тизимини шакллантиришда ҳуқуқий асос бўлади. Аварияли вазиятлар ва ҳалокатлар келиб чиқиши хавфларини камайтириш мақсадида атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланишда мансабдор шахслар жавобгарлиги жорий этилди.

 

Ф.ДАДАХЎЖАЕВ,

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Манба: uza.uz

>