Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОН САНОАТ ЯРМАРКАСИ ВА КООПЕРАЦИЯ БИРЖАСИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ
  • 18.11.2019
  • 1261

     Бугун, 18 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади.

     Кўргазмада «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Д.Исақулов, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари С.Артиков ва бошқа мутасадди ходимлари иштирок этишди.

     «Ўзбекистон МЭТ» АЖ  вакиллари кўргазманинг очиқ ва ёпиқ павильонларида электр энергетика соҳасида фойдаланиладиган турли маҳсулотлар, хусусан махсус техника намуналари, бутловчи қисмлар ва хом-ашё материаллари билан яқиндан танишдилар.

     Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўргазма мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини янада кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

     Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ушбу анъанавий кўргазманинг асосий ташкилотчилари бўлиб, бугун улар томонидан ОАВ вакиллари иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда иқтисодиёт ва саноат вазири ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

     Брифингда ОАВ вакиллари томонидан cooperation.uz сайти, яъни ЯГОНА ЭЛЕКТРОН КООПЕРАЦИЯ ПОРТАЛИ фаолияти ҳақида кўплаб саволлар берилди. Саволларга Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Ходжаев Ботир Асадиллаевич ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Икрамов Адҳам Илхамовичлар жавоб берар экан, мазкур портал орқали электрон тарзда шартномаларни расмийлаштириш ва онлайн харид қилиш мумкинлиги юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтишди.

     Маълумот ўрнида: электрон кооперация портали (www.cooperation.uz) ҳамкорларни излаш ҳамда узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўядиган шерикларни топишнинг муҳим воситаси бўлиб, масофадан туриб саноат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш ва давлат харидлари тизими орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга барқарор талабни шакллантиришни таъминлайди.

     Порталнинг асосий мақсади, маҳаллий саноат ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, кичик бизнес субъектларини ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш ҳамда саноат коопреациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳисобланади.

      Эслатиб ўтамиз:  саноат ярмаркаси  ва кооперация  биржаси кўргазмалари  18-22 ноябрь  кунлари давомида  Тошкент  шаҳридаги  «Ўзэкспомарказ» павильонларида ўз ишини давом эттиради.

     Кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш, бутловчи қисмлар, материаллар ва хом-ашёларни етказиб бериш бўйича хўжалик шартномалари тузиш имконияти мавжуд.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>