ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг дипломатик корпус вакилларига қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини тақдим этди
  • 20.12.2021
  • 225

  Жорий йилнинг 17 декабрь куни Энергетика вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Иштирокчилар халқаро компанияларнинг қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари тендерларида иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
 

 


  Хусусан, Ўзбекистон Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев яқин вақт ичида Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини (ҚФЭС) қуриш бўйича тендер эълон қилинишини таъкидлади. Тендер Осиё тараққиёт банкининг маслаҳат кўмагида “ADB SOLAR-2” лойиҳаси доирасида ўтказилади. Бугунги кунга келиб ОТБ техник маслаҳатчилари тегишли майдонларда тадқиқот ишларини олиб бормоқда ва тендер эълон қилиш учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрламоқда.
 

 


  2022 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) маслаҳат кўмагида “Karatau wind-2” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон Республикасида 200 МВт қувватга эга шамол электр станциясини (ШЭС) қуриш бўйича тендер эълон қилишни режалаштирмоқда. Бугунги кунда тендер эълон қилиш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда ва ЕТТБ маслаҳатчилари билан тегишли майдонда шамол салоҳиятини ўлчаш устида ишлар олиб борилмоқда.

  Тендер савдолари икки босқичдан иборат: манфаатдор потенциал инвесторларнинг малакасини аниқлаш (RfQ) бўйича сўров (1-босқич) ва тендернинг 1-босқичидан ўтган иштирокчилар томонидан рақобатбардош (нарх) таклифлар (RfP) тақдим этиш (2-босқич).
 

 
 
 
 
 
 

  Хусусан, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасининг Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш лойиҳаси доирасида тендер ўтказилмоқда. Мазкур тендернинг биринчи босқичи (RfQ) 2021 йилнинг 31 августидан 30 ноябрига қадар бўлиб ўтди. Айни пайтда малака олиш учун ариза топширган 15 та компания бўйича ҳужжатлар баҳоланмоқда. Натижалар сарҳисоб қилингач, RfQ дан муваффақиятли ўтган иштирокчилар иккинчи босқичга ўтказилади, бунда уларнинг тариф (нарх) таклифлари баҳоланади. Ушбу тендер Энергетика вазирлиги томонидан Халқаро молия корпорацияси маслаҳат кўмагида “Scaling Solar 3” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
 

 
 

  Учрашувда Энергетика вазирлиги мутахассислари Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг саволларига жавоб бериб, мамлакатимизда сўнгги 3-4 йил давомида фаол амалга оширилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларида турли мамлакатлар компаниялари иштирокини янада кенгайтириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
 

 

 

 
 


  Ўзбекистон Республикаси
  Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

  https://minenergy.uz/uz/news/view/1680

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>