Янгиликлар
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти: 14 ЯНВАРЬ — ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ!
  • 14.01.2022
  • 244

  Бугун, 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни! «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ушбу байрам муносабати билан барча юртдошларимизни табриклайди!

 

  Она-Ватан тинчлиги, юрт осойишталиги — ҳаётимиз файзи, фаровонлигимиз белги-нишонаси, юртимиз равнақи кафолатининг рамзи ҳисобланади. Тинч ва осуда ўтган ҳар бир кунимизга шукроналар келтиришимиз керак.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.

  – Мана шу қутлуғ айёмда жонажон Ватанимизга садоқат, азму шижоат каби эл-юртимизга хос юксак фазилатларнинг қадр-қиммати ва аҳамиятини, улар ҳаётимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини янада теран англаймиз ва ўзининг жанговар фаолияти билан буни амалда исботлаб келаётган сиздек ғоят олижаноб касб эгаларини шарафлаймиз.

  Шу билан бирга, жанговар бурчини адо этишда мардларча ҳалок бўлган фидойи ҳарбий хизматчиларимизнинг нурли ва сўнмас хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирамиз, – дейди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида.

  Тарихга назар: 1991 йил 6 сентябрь куни Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган эди. 1992 йил 14 январдаги қарорга мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган. Ана шу тарихий кун — 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. 1993 йилда 29 декабрда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни деб расман эълон қилинди.

  Биласизми: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 125-моддасида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади» дейилган. Конституциянинг 126-моддасида эса «Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эга» дея эътироф этилган.

  Унутманг, азиз ватандош, тинчлик-осойишталикнинг қадри, бу азиз неъматни асраб-авайлашга барча бирдек масъул.

 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>