Янгиликлар
Энергетика вазирлиги: Тошкент вилоятидаги қуввати 240 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси республикамизнинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади
  • 15.01.2022
  • 243

Аввал хабар қилганимиздек, Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қурилган, қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига илк кучланиш берилган эди.

Мазкур электр станция бугун, 2022 йил 14 январь куни соат 11:15 да Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.

Ушбу иссиқлик электр станцияси йилига 2,0 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Қурилмаларнинг фойдали иш коэфициенти юқорилиги ҳисобига, йилига 290 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газ ҳисобига қўшимча 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур электр станция “Aksa Enerji” компанияси томонидан республикамизда ишга туширилган иккинчи ИЭС хисобланиб, биринчиси жорий йилнинг 11 январь куни Бухоро вилоятида (қуввати 270 МВт) ишга туширилган эди.


Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1711

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>