ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Ўзбекистон энергетика тизимининг Тожикистон энергетика тизими билан параллел ишлаши йўлга қўйилади»
  • 01.01.2022
  • 214

Ўзбекистон энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор ишлашини таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Shutterstock

 

Хусусан, Ўзбекистон энергетика тизимининг Тожикистон энергетика тизими билан параллел ишлаши таъминланади. Бунда: 64 км узунликдаги 500 кВли Л-507 электр узатиш тармоғини тиклаш; Л-503 ҳаво тармоғини Тожикистон ҳудудидаги 500 кВли “Сўғд” подстанциясига улаш ишларини бошлаш мўлжалланган.

Шунингдек, саноат тармоқларида йўқотишларни камайтириш ва ресурсларни ишлатиш самарадорлигини ошириш ҳам кўзда тутилган.

Саноат тармоқларида йўқотишларни камайтириш ва ресурсларни ишлатиш самарадорлигини ошириш бўйича “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлик дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бунда:

► саноат тармоқларида 3,9 млрд куб метр табиий газ, 4 млрд кВт соат электр энергияси ва 21 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш орқали энергия сиғимини 20 фоизга, шу жумладан 2022 йилда 5 фоизга камайтириш;

► ҳар бир тармоқ кесимида ресурсларни ишлатиш самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш;

► бино ва иншоотларда энергия самарадорликни 30 фоизга ошириш;

► чиқиндисиз ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш назарда тутилади.

Йирик саноат корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича лойиҳалар рўйхати тасдиқланади ҳамда уларни молиялаштириш манбалари белгиланади.

2022-2024 йилларда иқтисодиёт тармоқлари кесимида ишлаб чиқаришни модернизация ва реконструкция қилиш натижасида энергия ресурсларини тежашни назарда тутувчи техник чора-тадбирлар дастури ҳам ишлаб чиқилади.

Соҳалар ва йўналишларда ёқилғи-энергия истеъмоли бўйича хўжалик юритувчи субъектларнинг энергия истеъмоли мунтазам таҳлил қилиб борилади. Соҳалар ва йўналишларда ёқилғи-энергия истеъмоли бўйича меъёрларга риоя этилиши ва доимий равишда янгиланиши таъминланади.

Йирик ишлаб чиқариш корхоналарида энергияни тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича техник сиёсат ишлаб чиқилади ҳамда унинг кўрсаткичларини йиллик бизнес-планларга киритган ҳолда тегишли бошқарув органларида тасдиқлаш амалиёти жорий этилади.

 

https://kun.uz/news/

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>