Янгиликлар
“Давлат – инсон учун”: 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси — янги тараққиёт ва миллий юксалиш даври
  • 26.01.2022
  • 505

Бироздан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибида давлат ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари  қамраб олинган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бошланади.

Унда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилиши бошланди.

"Барчангизга маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим давр бошланмоқда. Бу – янги тараққиёт ва миллий юксалиш давридир.

35 миллиондан иборат кўпмиллатли халқимиз дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқда.

Бугун биз жонажон Ўзбекистонимизнинг узоқ муддатга мўлжалланган истиқболи билан боғлиқ бўлган ўта муҳим масалани муҳокама қилиш учун йиғилдик", деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳақида:

"Ҳаммангиз хабардорсиз, ўтган йили сайловолди дастури доирасида ҳудудларга ташрифларда “Инсон қадри учун” тамойилини барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгиладик.

“Давлат – инсон учун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик. Ушбу стратегияда:

- яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденциялари қандай бўлади?

- келгусидаги фаолиятимизни белгилайдиган айнан қайси мақсад ва вазифалар биз учун энг долзарб ва устувор ҳисобланади?

- давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳа ва йўналишларини комплекс ривожлантириш учун асосий эътиборни нималарга қаратишимиз керак?

- кейинги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорларимиз, дастур ва режаларимизни янги даврда қандай давом эттиришимиз, уларга қандай қўшимча ва ўзгартиришлар киритишимиз керак, деган саволларга чуқур ва атрофлича жавоб берилган".

"Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас" - Президент.

Давлатимиз раҳбари халқимиз бугунги кенг кўламли ўзгаришларга катта ишонч билан қараб, тезроқ уларнинг самарасини кўришни истаётганини таъкидлади.

"Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз.

Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз.

Мухтасар айтганда, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади", деди Президент.

Йиғилишда 2022 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани, уларнинг барчаси йўналишлар бўйича ўрганилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ янги ташаббус билан тўлдирилгани маълум қилинди.

"Одамларимизнинг дастур муҳокамасидаги фаоллиги, уларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи ва дахлдорлиги ортиб бораётгани халқимиз юртимиздаги ўзгаришлар жараёнини, ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаётганидан яна бир бор далолат беради", деди Президент.

Давлатимиз раҳбари муҳокамаларда фаол иштирок этган барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдирди.

Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун 100 та мақсад” белгилаб олинди.

Ушбу мақсадларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

"Барча саъй-ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача аниқ етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт.

Бунинг учун республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла даражасидаги барча раҳбарлар бор куч ва ресурсларини тўлиқ сафарбар қилишлари зарур", деди Президент Шавкат Мирзиёев.

"Бундан буён фаолиятимизни мутлақо янгича, яъни, “инсон–жамият–давлат” тамойили асосида ташкил этамиз" - Президент.

Давлатимиз раҳбари стратегиянинг инсон қадрини юксалтириш ва халқпарвар давлат барпо этиш йўналишидаги вазифаларни кўрсатиб ўтди. Жумладан, булар:

- маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш;

- халқ билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш;

- “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш;

- давлат органларини “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказиш;

- электрон давлат хизматларининг улушини амалдаги 54 фоиздан 90 фоизга етказиш.

- жамоатчилик фикрини мунтазам ва илмий асосланган ҳолда тизимли ўрганиш. Бунинг учун, “Ижтимоий фикр” маркази фаолияти такомиллаштирилиб, алоҳида Социология институти ташкил этилади.

Адолат ва қонун устуворлигини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишидаги вазифаларни қайд этар экан, Президентимиз "Бизнинг бу борадаги позициямиз оддий, шу билан бирга, ўзгармас ва қатъийдир. Яъни, “Жамиятимизда қонун – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган принципни оғишмай амалга оширишда давом этамиз", деди.

Энг асосий вазифа – мамлакатимизнинг дунёдаги қонун устуворлиги индекси юқори даражада бўлган давлатлар қаторидан жой олишга эришишдан иборатлиги қайд этилди.

Мулк ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий судлар ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим яратиш зарур.

"Бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Шунинг учун авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда", деди Президент йиғилишда.

Бу муаммони бартараф қилиш учун мутасаддиларга, аввало, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритиш топшириғи берилди.

Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишга шароит яратиш, авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, бунинг учун ҳаракатни бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги кўрсатилди. Шу муносабат билан Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратурага аниқ топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев:

"Ҳеч кимга сир эмас – бугун жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифа, керак бўлса, масалаларнинг масаласи бўлиб турибди.

Фақат самарали иқтисодий ислоҳотларгина мавжуд ижтимоий муаммоларни ечиш имконини беради.

Биз келгуси фаолиятимизда иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш орқали замонавий иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартиришга энг асосий эътибор қаратишимиз шарт" деди Президент ва стратегиянинг иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш йўналиши бўйича вазифаларни белгилаб берди.

"Бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Шунинг учун авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда", деди Президент йиғилишда.

Бу муаммони бартараф қилиш учун мутасаддиларга, аввало, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритиш топшириғи берилди.

Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишга шароит яратиш, авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, бунинг учун ҳаракатни бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги кўрсатилди. Шу муносабат билан Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратурага аниқ топшириқлар берилди.

Барча иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимлар олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:

- ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 бараварга кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартириш;

- жорий йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик;

- жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 триллион сўм кредитларни “маҳаллабай” кафолатли етиб боришини таъминлаш;

- бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;

- деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш.

- яқин беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш.

Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида стратегияда белгиланган вазифалар:

- мактаб таълими сифатини ошириш, келгуси беш йилда мактабларда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш ҳамда дарсликларни янгилаш;

- барча ҳудудларда мактабгача таълимнинг қамров даражасини 67 фоиздан 80 фоизга етказиш;

- камида 10 та олийгоҳнинг нуфузли халқаро рейтингларга киришини таъминлаш;

- хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш;

- бюджетдан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратиладиган маблағларни 3 бараварга ошириш;

- бирламчи тиббиёт хизматлари сифатини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, рақамли тиббиётни кенг жорий қилиш.

"Кимки маънавият масаласи – бу фақат Маънавият ва маърифат маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши деб ўйласа, хато қилади" - Президент.

"Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади", деди давлатимиз раҳбари.

Стратегиянинг маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналиши бўйича Президент қуйидаги вазифаларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди:

- мавжуд 12 мингдан зиёд кутубхона имкониятларидан самарали фойдаланиб, китобхонликни оммалаштириш;

- жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш;

- мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда кечаги воқеалар - минтақавий энерготизимда рўй берган носозликлар ва уларнинг оқибатларига тўхталди.

"Биз бугунги кунда глобал дунёда яшамоқдамиз. Глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Мана, куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол Ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим. Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни шахсан назоратимга олдим" деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари мавзуни давом эттирди:

"Бундай экстремал вазиятда энергетика, нефть-газ, коммунал соҳа, транспорт, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, оммавий ахборот воситалари ўзаро баҳамжиҳат ишлагани ҳисобига авария оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилмоқда

Шу билан бирга, бундай ҳолатда халқимиз ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади.

Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак.

Тинч-осойишта ҳаёт осмондан тушмайди. Бу ҳаётни қадрлаш, асраб-авайлаш, бу ҳаётни ҳимоя қилиш керак", деди Президент.

Тараққиёт стратегиясидаги яна бир муҳим вазифа – Ватанимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришдан иборат.

Бу борада Президент дунёда ва минтақада юзага келаётган хавф-хатарларни инобатга олиб:

- Янги Ўзбекистон хавфсизлиги концепциясини қабул қилиш;

- ахборот технологиялари билан боғлиқ хуружларнинг олдини олиш ва кибер хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ишларни такомиллаштириш;

- Қуролли Кучларнинг бошқарув тизимини янги босқичга олиб чиқиш;

- фавқулодда вазиятларни бошқариш тизимини такомиллаштириш;

- ички ва ташқи молиявий оқимларни мониторинг қилиш ва улар билан боғлиқ хавф-хатарларни олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Президент Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури ижросини ташкил этиш бўйича ҳам қатор топшириқлар берди.

"Бир нарсани аниқ тушуниш лозим. Дастурда кўзда тутилган барча чора-тадбирлар халқимиз томонидан катта ишонч билан қизғин қабул қилинди.

Уларнинг амалдаги ижросини аҳолимизнинг барча қатламлари –  ўрта синф вакиллари ва тадбиркорлар, зиёлилар, бюджет соҳаси ходимлари, ҳарбий хизматчилар, фахрийларимиз, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар – барча-барчаси ўз кундалик ҳаётида сезишлари керак" деди давлат раҳбари.

Жумладан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 1-4-синф ўқувчиларини бепул нонушта ёки тушлик билан таъминлаш, республикадаги ички йўллар масаласи, ирригация-мелиорация тадбирларига доир вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси тузилади.

Республика комиссияси дастурдаги тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича ҳар ойда вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо бериб боради, ҳар чоракда амалга оширилган ишлар натижаси, бу борада раҳбарларнинг жавобгарлиги бўйича Президентга ахборот бериб боради.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси котибият ва департаментлари раҳбарлари бошчилигида 7 та йўналишда доимий ишловчи штаблар тузилиб, вазирлик, идора ва ҳудудлар билан топшириқларнинг кунлик ижросини ташкиллаштиради.

Президентимиз “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” доирасида амалга ошириладиган ишларимиз ва уларнинг натижасини аҳолининг барча қатлами ва хорижий ҳамкорларимизга тўлақонли шаклда, содда ва тушунарли тилда етказиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга янги ёндашувлар асосида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали дастур ижроси бўйича барча даражадаги раҳбарларнинг ҳар ўн беш кунда халққа ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш ва назоратини ташкил қилиш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига дастурнинг жойлардаги ижроси натижадорлигини аҳолига етказиш бўйича онлайн портални ишга тушириш вазифаси топширилди.

Шу билан бирга, дастур ижросининг мониторинги, аҳолининг бу борадаги фикр ва мулоҳазаларини қабул қилишнинг институционал тизими ҳам бўлиши шарт, дея таъкидлади Президент ҳамда "Тараққиёт стратегияси" маркази ва "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш бўйича таклиф киритишни топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев:

"Кўриб турганингиздек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини ҳаётга жорий этиш учун олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Уларни амалга ошириш албатта осон бўлмайди.

Лекин биз ўтган беш йил мобайнида бу борада катта тажриба тўпладик, ўз иш услубимизни шакллантирдик. Энди талаб янада қаттиқ бўлади. Бу фақат Президентнинг талаби эмас, бизга ишонч билдирган халқимизнинг талаби, ҳаёт талаби.

Шунинг учун ҳам бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшиб, ҳақиқий фидойилик намунасини кўрсатиб ишлашимиз керак".

Президент Шавкат Мирзиёев:

"Ҳар бир сўзимиз, ҳар бир хатти-ҳаракатимиз жамиятга, одамлар қалбига қандай таъсир кўрсатишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор беришимиз зарур.

Давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак.

Мен ишонаман – кўпни кўрган, мард ва олижаноб, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз билан биргаликда Янги Ўзбекистонни – инсон тинч, озод ва фаровон яшайдиган, эзгу мақсадларини эмин-эркин амалга оширадиган давлат ва жамиятни албатта барпо этамиз.

Бунинг учун бизда барча сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий асослар, энг муҳими, кучли хоҳиш-ирода ва қатъий интилиш бор", деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

 

https://t.me/Press_Secretary_Uz/1176, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1177, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1178, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1179, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1180, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1181, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1182, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1183, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1184, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1185, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1186, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1187, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1188, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1189, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1190, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1191, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1192, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1193, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1194, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1195, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1197, https://t.me/Press_Secretary_Uz/1198

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>