Янгиликлар
100 МВт ҚУВВАТЛИ ФОТОЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛАДИ
  • 13.09.2019
  • 1030

100 МВт ҚУВВАТЛИ ФОТОЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛАДИ

 

     Бугун, 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги иштирокида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Франциянинг «TOTAL Eren» компаниялари ўртасида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан келишув имзоланди. 

    Учрашувда «TOTAL Eren» компаниясининг ижрочи вице-президенти Фабьен Демол хоним, компания етакчиларидан Антуан Гаррет ва Кристоф Шалле, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Ўктамович Умурзоқов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг бошқарув раиси Дадажон Айнақулович Исақулов ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда фотоэлектр станцияси қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойида Франция Республикасига расмий ташрифи чоғида имзоланган эди. Мана, бугунги кунга келиб франциялик ҳамкорлар мазкур лойиҳага 150 миллион евро сармоя киритиш назарда тутилган.

    Ўзбекистонда қуёш электр станциясини қуриш ишларининг бошланиши 2020 йил биринчи чорагида амалга оширилади. Қисқа қилиб айтганда, «TOTAL Eren» компанияси Ўзбекистонда 25 йил давомида электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш амалиётини бажаради.

   «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати       

   

>