Янгиликлар
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ: Энергия тежамкорлиги бугуннинг долзарб мавзуси
  • 12.09.2019
  • 863

Тўғри топдингиз, куз-қиш мавсуми яқин...
 
Аномал иссиқ об-ҳавога эга ёз фасли ўз ўрнини бир пасда мўътадил иқлимга эга ҳосилдорлик фаслига бўшатиб берди. Аммо у ўзгарувчан, кузнинг қуёшли кунлари узоқ давом этмайди. Қиш қандай келишини эса ҳеч ким билмайди...
 
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида уй-жойлар, ижтимоий муассасалар ва корхоналарни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказгани барчамизга маълум. Мамлакатдаги барқарор ва сифатли энергия таъминоти — Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири эканлигини ҳам яхши биламиз.
 
Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, энергетика соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда? Президент қарорларининг ижроси қай тартибда амалга оширилмоқда?
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “медиа-режа”га биноан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 декабрдаги “Табиий газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши шароитида иқтисодиётнинг базавий тармоқларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама этилди. Анжуманда Энергетика вазирлиги таркибида фаолият юритувчи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
 
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Абдуҳамид Жўраевнинг журналистларга билдиришича, 2018 йил 1 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 897-қарорига мувофиқ ўша йилнинг 16 ноябридан ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифлари ўзгарган эди. Оддий сўз билан айтганда, нефть маҳсулотларининг нархи қимматлашди. Табиий газ ҳам деярли икки баробар ошди ва буларнинг барчаси электр энергиянинг таннархи ошишига таъсир кўрсатди. Бунинг оқибатида юзага келадиган молия оқимидаги тақчиллик ва зарар қопланиши учун давлат томонидан 354.0 млрд. сўм субсидия ажратилди. Унинг 164.0 млрд. сўми табиий газ, 190.0 млрд. сўми гидроэнергетика соҳасига йўналтирилди.
 
2019 йил маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича 2 541.2 млн. сўм (ёки 0.5%) режа белгилангани-ю, жорий йилнинг январь-август ойларида 1 817,8 млн. сўм тежалганини айтиб ўтди. Бу ишлаб чиқариш харажатларини бирмунча қисқартиришга эришилди дегани. Шунингдек, жамият 2019 йилда жами 51,6 млрд. кВт. соат электр энергиясини транспортировка қилиш мажбуриятини (иш ҳажмини) олгани, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 104.2% ни ташкил этиши, жорий йилнинг январь-август ойларида жами 32,9 млрд. кВт. соат энергетика маҳсулоти “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфига етказиб берилгани ҳақида маълумот берилди.
 
Матбуот анжуманида янги жорий қилинган ва қилинаётган электр ҳисоблагичлар, хусусан, уларнинг “ортиқча ҳисоблаши”га оид саволларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутахассиси Дилшод Юсуфалиев батафсил шарҳлар берди. Аҳолини узлуксиз, сифатли электр энергия билан таъминлаш масаласи, ундаги мавжуд муаммолар нафақат соҳа вакилларнинг, балки жамоатчиликнинг диққат-эътибори билан ҳал этилаётган масала экани мутахассислар томонидан алоҳида таъкидланди.
 
Анжуманнинг сўнгги дақиқалари интерактив мулоқотга бой бўлди. Унда истеъмол маданияти масаласига алоҳида тўхталиб, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги маданияти тушунчалари турли мультфильмлар орқали мактабгача тарбия ёшиданоқ йўлга қўйилиши давр талаби экани эътироф этилди. Мактаб ёшидаги ўқувчилар ва талабалар учун махсус маҳорат дарслари ташкил этиш, турли ролик ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилиши зарурлиги, истеъмолчилар ўртасида ушбу маданиятни шакллантиришда ОАВларининг муҳим роль ўйнаши алоҳида тилга олинди.
 

>