Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Икки соатни ичида мени қарзга киритворадиган даражадаги электр ускунам йўқ уйимда!»
  • 30.03.2022
  • 271

Мурожаат эгаси: Нарзуллаев Ғайрат Нажмиддинович

Электрон почта: gayratn81@gmail.com

Мурожаат мазмуни: «Ассалому алейкум! Мен Наманган вилояти, Давлатобод туманидаги кўп қаватли хонадонлардан бирида (31-уй, 20-хонадон) истиқомат қиламан. Тахминан бир йилча аввал электрон ҳисоблаш ускунасини янгисига алмаштиришган. Ундан аввалгиси ҳам “онлайн кўриниш”да ишлар эди. Билмайман, нимага алмаштиришган... Мана шу алмаштиришдан сўнг ҳисобимда тахминан 10000 дан кам пул қолса ўчиришади. Телефон рақамимга 1 кунлик тўловингиз қолди деб СМС хабарнома келиши билан узоғи 20 минут ичида ҳисобимни тўлдираман (агар ярим тунда келмаса). Чунки 1 кунлик тўлов қолди, дегани «2 соатдан кейин электрингизни ўчирамиз», дегани. Бу ҳолат 3-4 марта бўлгани учун шундай деяпман, ҳаттоки ҳисобимда маблағим бўлса ҳам, узоғи билан 2 соатда электримни ўчиришади. Энг ёмони, ўчиб қолгандан сўнг 500000 тўлов қилсам ҳам, 50000 тўлов қилсам ҳам, албатта электр тармоқлари ҳудудий бошқармасига бориб ёқтириб келишим керак. Мана, бугун ҳам «тўловингиз 1 кунлик қолди», деб СМС хабарнома келди, ҳисобимда 9000 ошиқроқ пул қолган экан, шу заҳоти 50000 сўм тўлов қилдим. Афсуски, орадан 2 соат ўтиб электримни ўчиришди. Бу қанақа ташкилот ўзи?!

2 соатни ичида мени қарзга киритворадиган даражадаги электр ускунам йўқ уйимда! Ҳисобимда 60000 пулим бўлса ҳам ўчириб қўяверса, тутуруғи борми бу ташкилотни? Кечиктириб бўлмайдиган давлат хизматида бўлганлар учун, «электросет»га боришга вақти бўлмайдиганлар учун яратилмаганмиди бу онлайн “счётчик”ларинг...?

Телефон қилсанг телефонини олмаса, CALL марказларинг 1 соатлик навбатда бўлса, камига мазкур CALL марказингга кутган вақтинг учун ҳисобдан отни калласидек пул ечса? Ҳар минути 1000 сўмдан... Қайси ҳужжатда ёзиб қўйилган CALL марказга қўйилган телефонни кутгани учун абонентда шундай ҳисобда пул ечсин деб?! CALL центрга қўйилган телефонлар одатдаги тўловга ишлайдиган телефон бўлиши, аҳолини оғирини енгиллатадиган телефон бўлиши керак эмасми?..
Мени электр таъминотим қачон ҳисобимда ҳеч бўлмаса 5000 бўлганда ўчадиган ва қачон тўлов қилсам ўзи автоматик ёнадиган бўлади ва бунинг учун нима қилиш керак? Шу саволга жавоб берсангиз!»

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро Ғайрат Нажмиддинович, Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди ва Сиз мурожаатда кўтарган масала турдош ташкилот — "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг матбуот хизматига йўналтирилди. Умид қиламизки, масъул ходимлар мурожаатингизни ўрганиб, сизга тегишли тартибда жавоб беришади.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар орқали электр энергиясини узатиш (транспортировка қилиш), 220–500 кВ кучланишли электр тармоғи ва подстанцияларни эксплуатация қилиш, шунингдек, магистрал электр тармоқларида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишларини бажариш, бундан ташқари, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланиб, истеъмолчилар билан бевосита шартномалар имзоламайди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти фаолияти ҳақида батафсил: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/79

Ижтимоий тармоқ саҳифалари: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/10548

“Мурожаатлар” рукни: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/23

‼ Истеъмолчилар билан бевосита шартномалар тузиш ҳамда уларга электр энергиясини етказиб бериш, истеъмолчилар билан ўзаро ҳисобдорлик юритиш, шунингдек, паст кучланишли тармоқларни ривожлантириш, симёғоч ва трансформаторлар ўрнатиш, шу билан бирга, кўплаб бошқа хизматларни кўрсатиш “ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖнинг ваколатларига киради.

⇒ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат учун:

• het.uz – расмий веб-сайти

• Телеграм – @hetmuloqot, @HET_admin

• Facebook – Hududiy elektr tarmoqlari

Call centre: 1154

Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш бўлимлари: https://het.uz/oz/lists/regions

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>