Янгиликлар
ЁШ МУҲАНДИСЛАРДАН ИБОРАТ ХОДИМЛАР ГУРУҲИ ЖАМИЯТНИНГ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ОБЪЕКТЛАРИГА САЁҲАТ УЮШТИРИШДИ
  • 27.01.2020
  • 633

     Жорий йил 25 январь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида фаолият юритувчи ёш муҳандислар ҳамда ташкилотда ижтимоий-иқтисодий, ахборот, транспорт, алоқа ва хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи, яъни бевосита юқори кучланишли подстанциялар иш фаолияти билан яқиндан таниш бўлмаган ходимлардан иборат гуруҳ бошқарма бошлиғи ўринбосари Мирали Комилов бошчилигида Жамиятда тасарруфидаги «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали  таркибидаги «Қўйлиқ» подстанциясига ташриф буюришди.

     Экскурсия саёҳатини амалга оширган ходимлар «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали директори Расулов Анвар Ғаниевич, бош муҳандис Султонов Акмал ҳамда «Қўйлиқ» подстанцияси бошлиғи Ражабов Жавлон томонидан кутиб олинди.

     Дастлаб саёҳатчиларга махсус бошкийим тарқатилиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпиқ объектлар сирасига кирувчи подстанцияда қандай хавфсизлик чораларига риоя этиш лозимлиги хусусида махсус инструктаж ўтилди. Сўнг барча ташриф буюрувчилар инструктажлар ҳамда ташрифлар журналига имзо орқали қайд этилгач ичкарига таклиф этилди. 

     Саёҳатчиларга биринчи навбатда филиал тасарруфидаги махсус техникалар намойиш этилиб, электр тармоқларига хизмат кўрсатишда қайси автомеханизмлар қандай амалиётларни бажаришда хизмат кўрсатиши тушунтириб берилди.

     Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» номли инвестиция лойиҳаси доирасида нисбатан кам қувватли, хизмат муддатини ўтаб бўлган, маънан эскирган автотрансформаторларни янги, замонавий, энг аҳамиятли томони, қуввати юқори бўлган автотрансформаторларга алмаштириб, электр энергия таъминотининг ишончлилиги ва узлуксизлигини таъминлашган қаратилган бир қатор ишларни олиб бормоқда.

     Юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи «Қўйлиқ» подстанциясига ташриф буюрган ходимлар Жаҳон банки иштирокидаги инвестиция лойиҳаси доирасида янгиланган ва қуввати оширилган электр ускуналари, замонавий иш режимига эга жиҳозлар билан танишдилар.

     Мутахассислар ёш муҳандислар билан электр ускуналарининг ишлаш принципи, подстанциянинг олдинги ва модернизациядан кейинги ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар билан ўртоқлашди. Бунинг баробарида саёҳатга ташриф буюрган ходимларга электр ускуналаридан фойдаланишда қандай хавфсизлик қоидаларга риоя этиши лозимлиги ҳақида гапириб берилди.

      Мутахассислар техника хавфсизлиги воситалари билан бирма-бир таништиришаркан улардан тўғри фойдаланиш электромонтёрлар ҳаёт хавфсизлигининг гарови эканлигини, юқори кучланишли электр тармоқларида кичик хатонинг ўзи бўлмаслиги, таъбир жоиз бўлса, мутахассисларнинг бундай юқори кучланишли тармоқларига хизмат кўрсатишдаги хатоси биринчи ва охирги бўлиши мумкинлиги ҳаётий мисоллар билан гапириб берилди.

     Шунингдек, «Қўйлиқ» подстанцияси ходимлари экскурсия саёҳатига ташриф буюрганларнинг саволларига жавоб беришди. Савол-жавоблар подстанция биносининг реле ҳимояси ва автоматика хонасида ҳам қизғин давом этди. Саёҳатчилар у ерда подстанция навбатчисининг бошқарув пульти билан танишиб, унинг масъулиятли вазифа-мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

      Асосан офис хоналарида махсус электрон дастурлар орқали ишлаб, асосий фаолияти ёзма техник-муҳандислик хулосаларини тайёрлашдан иборат ёш муҳандислар «Қуйлиқ» подстанцияси ва ундаги ускуна-жиҳозлари билан бевосита танишишга муяссар бўлганликларидан мамнунлигини билдириб, мутахассисларга миннатдорлик билдиришди.

      Шундан сўнг саёҳатга чиққан ходимлар энергетикларнинг алоқа маркази — «Energo IT» филиалига ташриф буюришди. Бир неча минг ишчи-ходимлар фаолият юритаётган йирик соҳа вакилларига сифатли ва ишончли ҳамда тезкор телефон алоқаси — тармоқ коммутаторлиги хизмати, бундан ташқари, видеокузатув, видеоселектор, интернет, веб-саҳифа ҳамда ижро интизомига тааллуқли махсус дастурлар техник таъминоти, электрон ускуна-жиҳозлар таъмири ва техник сервиси, шу билан бирга яна бир қанча амалиётларни бажарадиган мазкур филиал иш услуби ёш муҳандисларда катта таассурот қолдирди.

      Филиал раҳбари Сагдиев Зикрилла Тоҳирович XX асрнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқарилган алоқа воситалари жиҳозларининг иш тартибидан то бугунги замонавий техника ҳамда технология ютуқлари асосида ишлайдиган ускуна-жиҳозлар иш услуби ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

      Саёҳат сўнгида ходимлар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Миллий диспечерлик маркази иш фаолияти билан танишдилар. Марказ бошлиғининг ўринбосари Бобоев Музаффар Комилжонович электр энергия таъминоти тизимида ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол ўртасида техник мувозанат ўрнатиш нақадар муҳим ва мушкул вазифа эканлигини тушунтириб берди. Марказнинг навбатчи муҳандислари соҳанинг бошқа турдош ташкилотлари билан ишлашда қандай муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор бериш лозимлиги ҳақида гапириб беришди.

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Азизбек Ботиров Жамият маъмуриятига бундай фойдали саёҳат уюштириб берганликлари учун ёш муҳандислар номидан миннатдорлик билдирди.

     Саёҳат сўнггида ёшлар етакчиси ёш муҳандислар ўртасида танлов эълон қилиб, танлов ғолиблари Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг ички туризмни ривожлантиришга қаратилган саёҳатига бепул чипталарга (Хива шаҳрига 3 кунлик саёҳат) эга бўлиши мумкинлигини билдирди.

     Танлов шартлари оддий бўлиб, ёш муҳандислар ўз иш фаолиятлари йўналишида Жамиятнинг тажрибали муҳандисларига тақдимот ўтказишлари, тақдимот соҳанинг назарий ва амалий жиҳатлари, янги технологияларнинг аҳамияти, соҳада мавжуд ютуқ ва камчиликлар таҳлили ҳамда ёш мутахассисларнинг ҳуқуқий саводхонлиги масалаларига бағишланган махсус слайдлар намойишидан иборат бўлиши лозим. 

     Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарияти «2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да ёш мутахассисларга, энергетика соҳаси ёш муҳандисларининг ҳам касбий, ҳам маънавий-маърифий камолотига алоҳида эътибор бериб келмоқда. Бу, ўз навбатида, соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилиб, ёш кадрларга эътиборни кучайтирган ҳолда фаолиятнинг умумий сифати ҳамда натижадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

 

 «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати

  Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>