Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: “Ишга бепул киришнинг имкони борми?”
  • 23.05.2022
  • 273

Мурожаат эгаси: Норқобилов Муротали Раҳматулла ўғли

Электрон почта: norqobilovmurotali@gmail.com

Мурожаат мазмуни: Сурхондарё вилоятиданман. “Миллий электр тармоқлари”га ишга бепул киришнинг имкони борми?

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Муротали Раҳматулла ўғли! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, энг аввало сизга шуни маълум қилишимиз лозимки, ташкилотимизнинг тўлиқ номи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бўлиб, ундаги бўш иш ўринларига ишга қабул қилиш жараёнлари меҳнат қонунчилигига асосан (амалдаги қонунларга мувофиқ), белгиланган тартибларга кўра амалга оширилади.

Бугунги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқлари, энергетика тизими бўйича фаолият юритадиган миллий диспетчерлик маркази, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Жамиятга қарашли 85 та подстанция ва 11 400 км дан ортиқ 220–500 кВли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти марказий аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда жами бўлиб 4300 нафардан зиёд мутахассис-ходимлар меҳнат фаолияти олиб бормоқда.

Бўш иш ўринларига белгиланган талабларга мувофиқ номзодларни танлаб ишга қабул қилиш Филиал раҳбарияти ва ходимлар билан ишлашга масъул мутахассислар зиммасига юклатилган. Фақат раҳбар кадрларнинг бўш иш ўринларига тавсия қилинган номзодлари Акциядорлик жамиятининг маъмурияти орқали тегишли тартибда суҳбатдан ўтказилиб, тегишли бўлим ва бошқармалардан ижобий тавсия олганидан сўнг ишга қабул қилиниши мумкин.

Агар сиз бўш иш ўринларига ишга жойлашиш жараёнида таъмагирлик, қайдайдир тўсиқ ва коррупцион ҳолатларга дуч келсангиз, энг аввал, Ходимлар билан ишлаш бошқармасига, Ишонч ва Ягона телефон рақамларига, шунингдек, Молиявий бошқарув, бизнес этика, шаффофлик ва комплаенс бўлимининг махсус 71 2085649 рақамига (Korrupsiyaga qarshi kurash — «O‘zbekiston MET» AJ Chat https://t.me/+5-_dsTsiElAxMTRi) қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Қўшимча маълумот:

Ҳурматли фуқаро, Муротали Раҳматулла ўғли, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ишга киришингиз учун, дастлаб, Ходимлар билан ишлаш бошқармасининг kadr_nes@mail.ru электрон почтасига резюме-маълумотномангизни юборишингиз лозим.

Янгилик: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайтида uzbekistonmet.uz «Онлайн резюме» функцияси ишга туширилди: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume. Бу янги қулайлик ишга кириш истагида бўлган мутахассислар билан Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассисларини бевосита, онлайн режимда боғлаб, иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти.

Мурожаат учун: 71-236-6851; 71-236-6190.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта: kadr_nes@mail.ruinfo@uzbekistonmet.uz

 

Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади. Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

 

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>