Келиб тушган мурожаатлар
МУРОЖААТ МАЗМУНИ: «СУРХОНДАРЁ, ДЕНОВ... БИЗНИНГ МАҲАЛЛАМИЗДА ЭЛЕКТР ТОКИ УМУМАН ЙЎҚ!»
  • 04.02.2020
  • 1344

  МУРОЖААТ МАЗМУНИ: Мен Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Янгиобод МФЙ, Янгиариқ маҳалласидан фуқаро Азамат Остонқулов бўламан. Мана, ўн кундирки, бизнинг маҳалламизда электр токи умуман йўқ! 2 ёки 3 кунда бир маротаба, 1 соатга электр токи берилмоқда.

  Табиий газ умуман мавжуд эмас. Камига ёш болали оилалар, қариялар ва касалманд кишилар бор... Қаҳратон қишда совуқдан шамоллаб, ўлиб кетишимиз учун электр токисиз қолдириб, сабримизни синаяпсизларми?

  Ахир оддий халқнинг дардини этишиб, аҳволини билиб, муаммоларини ҳал этиб, уларга хизмат қилиш керак эмасми? Бу давлатга, давлат раҳбарига хиёнат эмасми?

  Ушбу мурожаатни кўриб чиқиб, мавжуд муаммони ҳал этиш ва бу тўғрида маълумот беришингизни сўрайман!

  МУРОЖААТГА ЖАВОБ: Ҳурматли истеъмолчи Азамат Остонқулов! Сизнинг Энергетика вазирлигининг info@minenergy.uz электрон почтасига юборган расмий мурожаатингиз «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати томонидан маълумот ва ижро учун қабул қилинди.

 Сизнинг шикоятингизда кўтарилган масала Жамиятимизга турдош ташкилот — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ваколатлари доирасида бўлиб, энерготизимда мавжуд барқарорлик мувозанатини сақлаш мақсадида маълум миқдордаги чекловлар ўрнатилиши бевосита «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи «Иссиқлик электр станциялари» АЖ фаолиятлари билан чамбарчас боғлиқ.

 Маълум қиламизки, Сиз мурожатингизда кўрсатган давр: 2020 йилнинг 18–28 январь кунлари Сурхондарё вилояти истеъмолчиларига электр энергияни тақсимлаб етказиб берувчи «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг вилоят ҳудудий ташкилотлари тасарруфига суткалик ўртача 8,8–9,0 млн кВт•соат электр энергияси етказиб берилган. Хусусан, «Денов» подстанцияси орқали мазкур давр ичида суткалик ўртача 1,35–1,04 млн кВт•соат электр энергияси узатиб берилган.

 

«Денов» подстанциясидаги модернизация дастури амалиёти мўлжалдаги муддатдан илгари тугатилди ва подстанцияси қуввати қўшимча 23000 кВАга оширилди

  Шу билан бирга, айнан шу давр оралиғи, аниқроғи 25 январдан 1 февралгача Жамиятимиз таркибидаги «Сурхондарё магистрал тармоқлари» филиалига қарашли 220/35/6 кВли «Денов» подстанциясида мавжуд қуввати 40 000 кВА бўлган, 1965 йилда Тольяти трансформатор заводида ишлаб чиқарилган Т-2 куч трансформатори (ўта юқори юкламада ишлаши оқибатида мавжуд юкламани кўтара олмаётгани сабабли) модернизация дастури асосида янги, 63000 кВА қувватли куч трансформаторига алмаштирилди.   

Манба: t.me/uzmetaxborotxizmati
Манба: uzbekistonmet.uz

 Ушбу муносабат билан Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва туманга чегарадош ҳудудларда электр таъминотида маълум миқдордаги чекловлар ўрнатилишига мажбур бўлингани, шу билан бирга, модернизация дастури амалиёти мўлжалдаги муддатдан илгари тугатилгани, яъни трансформаторга 1 февраль куни юклама берилгани, бу билан «Денов» подстанцияси қуввати қўшимча 23000 кВАга оширилгани ҳақида жамоатчиликка маълум қилинган эди.

Манба: t.me/uzmetaxborotxizmati
Манба: uzbekistonmet.uz

 Буни оддий сўз билан ифодаласак, юқори юкламада ишлаётган электр ускуна-жиҳозларини алмаштириш ёки тузатиш пайтида электр таъминотида маълум маънодаги чекловлар бўлиши мумкин ва бу техника ҳамда хаёт хавфсизлиги қоидаларига хос техник-муҳандислик ҳолати ҳисобланади. Агар носозликларни бартараф этиш олдиндан режалаштирилган бўлса, бу ҳақда истеъмолчиларга маълум қилиб борилади. Фавқулодда содир бўлган авариялар носозлик бартараф этилиш жараёнида маълум қилинади. Айрим ҳолларда бу амалиёт таъминотда чеклов ўрнатилмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.

 Бундан ташқари, куннинг маълум бир пайтида электр таъминотига бўлган талаб кескин ортиши оқибатида электр жиҳозлари ва ускуналарида фавқулодда авария ёки ёнғинлар содир бўлмаслигининг олди олиниб, ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги балансни таъминлаш мақсадида диспетчерлар томонидан маълум маънодаги чекловлар ўрнатилишига мажбур бўлинади.

Манба: uzbekistonmet.uz
Манба: uzbekistonmet.uz

 Айрим ҳолларда носоз ва юқори қувват талаб этувчи электр жиҳозларидан оммавий тарзда фойдаланишлар ҳам фавқулотда авария содир бўлишига, трансформаторлар ёниб кетишига, бунинг оқибатида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар бўлишига олиб келади.

 Шунингдек, электр таъминотидаги узилишларга айрим истеъмолчиларнинг тармоққа ўзбошимчалик билан уланиши ва энергоресурслардан ноқонуний тарзда фойдаланишлар ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақда тегишли тушунтириш ишлари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан олиб борилмоқда ва махсус назорат инcпекциялари томонидан аниқланган ноқонуний уланмалар амалдаги тартибга биноан жаримага тортилмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизматининг расмий телеграм канали:
https://t.me/hetmuloqot (Телеграм: @hetmuloqot, @HET_admin; Facebook: Hududiy elektr tarmoqlari) ва веб-сайти: http://www.het.uz/oz.
Қисқа рақами: 1154.
Мурожаат учун: +99871-202-50-55.

http://www.het.uz/oz

  Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини транспортировка қилиш, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланиб, истеъмолчилар билан бевосита шартномалар имзоламайди.

  Ҳурматли истеъмолчи Азамат Остонқулов, мурожаатингиз мазмуни тегишли тартибда масъул ходимларига юборилди ва шартнома миқдорига мувофиқ Сурхондарё вилояти, хусусан Денов тумани истеъмолчиларига электр энергияси етказиб берилишни давом эттирилади.

  Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар истеъмолчиларга сифатли электр энергиясини мунтазам равишда етказиб бериш учун барча куч ва имконияларни сафарбар этган.

Ҳурмат билан,

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>