ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида янги маълумотлар берилди (+видео)
  • 07.07.2022
  • 316

Жорий йил 1 ва 2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган воқеалар кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тинчини бузди.

Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшайди. Ўзбекистонни умумий уйимиз, дейди. Биз қайси миллат ёки элат вакили бўлмайлик, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикдан қувониб, кун сайин тараққий топаётган Ватанимиздан фахрланиб яшаймиз. Тинч-осуда ўтган ҳар бир кунимизга шукроналар айтамиз.

Бу олий неъматга кўз олайтирувчилар қимирлаб қолганлигини қўшни мамлакатлар мисолида кўриб, ҳар сафар вужудимизни бундай ғаламисларга нисбатан нафрат эгалларди. Нукусда бўлган нотинчликлар минглаб йиллардан буён тарихи бир, илдизи бир, ўзаги бир, турмуши бир, тили-ю дили ва дини бир бўлган юртдош дўстларимизнинг иши эмаслиги ойдек равшан.

Вазиятни ўз кўзимиз билан кўриш учун бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар 6 июль куни Нукус шаҳрига бордик. Оммавий тартибсизликлар бўлган майдонларни кўздан кечирдик.

Энг муҳими, Қорақалпоғистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Кўчаларда одатий ҳаёт тикланган, мактаб ва боғчалар, ижтимоий объектлар ишлаб турибди. Бозорларда одамлар гавжум.

Мард ва донишманд қорақалпоқ қадрдонларимиз вазиятни тўғри тушунган ҳолда, провокацияларга учмасдан, оммани тўғри йўлдан тойдиришга уринаётган айрим ғараз ниятли шахсларнинг гапига кирмай, ўз вақтида тартибсизликларни тўхтатишган.

Қорақалпоғистон Республикаси комендатураси вакили Зафар Алимов ўша кунги воқеалар ҳамда ҳозирги ҳолат ҳақида батафсил маълумот берди:

"– 2022 йилнинг 1 июль куни соат 14:00 да Тажимуратов Даулетмурат Мирзамуратович Нукус шаҳри “Қум овул” МФЙда жойлашган “Салмен ота” масжиди ёнида  жума намозини ўқиб чиқаётган фуқароларга мурожаат қилиб, 5 июль куни соат 17:00 да митингга чиқишга чақиради. Унинг чақириғи ёзилган видеолавҳалар тарафдорлари томонидан интернет тармоғига жойлаштирилиб, тарқатилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган маъсул ходимлари томонидан Тажимуратов Даулетмурат аҳолини митингга чақиришдан кўзланган мақсади нима эканлигини аниқлаш ва митинг ўтказиш тартибини тушунтириш ҳамда профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида Нукус шаҳар ИИО ФМБга олиб келинади.  

Шундан сўнг, 20-25 нафар фуқаро “Д.Тажимуратов ҳибсга олинди” деб, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 2-сон Тергов ҳибсхонаси олдига йиғилишади ва Нукус шаҳри “Мир” кўчаси бўйлаб Т.Қайипбергенов кўчаси орқали “Марказий деҳқон бозори” томонга қараб норозилик юришини амалга оширишади.

Йўл-йўлакай улар бошқа фуқароларни ҳам ўзлари билан бирга юришга чақиради. Намойишчилар сони ортиб, қисқа вақт ичида 10 мингга етади.

Шу фурсатда фуқароларни тинчлантириш учун тегишли чоралар кўрилиб, воқеа жойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Камалов, ички ишлар вазири А.Оринбаев ва бошқа раҳбарлар етиб боради. Улар билан учрашиб, талабларини эшитади.

Жўқорғи Кенгес раиси М.Камаловга фуқаролар Д.Тажимуратовни шу ерга олиб келиш талабини қўйишгандан сўнг, у ерга Д.Тажимуратов олиб келинади. Намойишчилар оломондан фойдаланиб, Жўқорғи Кенгес раиси М.Камаловнинг хизмат автомашинасининг том қисмига Д.Тажимуратовни чиқариб, унга тўн кийдириб, янги раҳбар деб эълон қилмоқчи бўладилар.

 

 

 

Йиғилганлар билан музокоралар олиб борилишига қарамасдан, улар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, ҳокимиятни босиб олиш, қонуний тайинланган ҳокимият вакилини четлатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси биноси томон қараб ҳаракатланадилар. Улар ҳаракат давомида ўзлари билан турли ёғоч таёқ, тош, темир жисмларни кўтаришиб, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишади. Шунингдек, тартиббузарлар ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, улардан махсус воситаларини тортиб олишга уринишади.

Оломонни Жўқорғи Кенгес биноси атрофида оммавий тартибсизликлари уларга тушунтириш ишлари олиб борилиши, ХМҚОларнинг куч воситалари тақсимлаб қўйилиши, махсус воситаларнинг ўз вақтида тўғри қўлланилиши натижасида бартараф этилишига эришилади.

2022 йилнинг 2 июль куни эса соат 08:00 ларда Тажимуратов Даулетмуратнинг яшаш хонадони олдида 70 нафар маҳалла аҳолиси тўпланади. Тезкор кўрилган чоралар натижасида улар соат 08:40 да тарқатиб юборилади.

Бироқ Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи туманларида ҳам фуқаролар тўпланиб, Нукус шаҳри томон ҳаракатланадилар.

Намойишчиларнинг бир қисми уларга тушунтириш берилганидан сўнг тарқалади. Лекин қолган жиноий унсурлар томонидан даъват қилинганлари Нукус шаҳри томон ҳаракатланадилар. Оломон ўз талабларини тинчлик йўли билан раҳбариятга етказмасдан, тартиббузарликлар келтириб чиқара бошлайди.

Мисол тариқасида келтириб ўтадиган бўлсак, шу куни соат 13:40 ларда Шуманай – Қонликўл туманлари кесишмасида жойлашган “Сариолтин” МФЙдан ўтувчи автомагистрал трассада тахминан 50 нафар фуқаро тўпланиб, йўлни тўсишади;

Соат 14:45 ларда Нукус туманидаги Халқ банки биноси олдида тўпланган 500 га яқин фуқаро Нукус шаҳридаги блок-постга хужум уюштириб, хизмат олиб бораётган 8 нафар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига тан жароҳати етказиб, уларнинг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шумовая граната, щит) эгаллаб олишади;

Соат 15:00 ларда Нукус шаҳар "Имом эшон Муҳаммад" масжиди олдида тахминан 300 нафар фуқаро тўпланиб, автомашиналарнинг шиналарини ёқиб юборишади;

Соат 15:05 ларда Нукус шаҳар Ойдин йўл кўчаси бўйлаб тахминан 500 нафар фуқаро тўпланиб, автомашиналарнинг шиналарини ёқиб, бекатлар ойналарини синдиради ва қўлларида шиша идишлардан ясалган (коктейл молотова) ҳамда тош ва амалда жароҳат етказиши мумкин бўлган воситалар билан қуролланиб, Ички ишлар органи биносини эгаллаш мақсадида Нукус шаҳар ИИО ФМБ биноси томон ҳаракатланишади;

Соат 20:00 ларда Кегейли туманидан Нукус шаҳрига кириш қисмида жойлашган “Куўаниш Жарма” блок-постига оломон томонидан 20 тага яқин оғир ва енгил автомашинада ҳужум қилинади ва бло- пост ёқиб юборилади;

Соат 21:15 ларда Нукус шаҳар ИИО ФМБ “Махсус қабулхонаси”га тахминан 200 нафар фуқаро томонидан ҳужум қилиниб, бино ҳудуди атрофида автомобиль баллони ёқиб юборилади.

Бундан ташқари, тартиббузарлар Нукус шаҳри кўчаларида ҳаракатланаётган фуқароларга тегишли "МАН" ва "КАМАЗ" русумли автомашиналарни ҳеч бир сабабсиз ёқиб юборади, ХМҚОга тегишли махсус транспорт воситаларига турли даражада шикастлар етказади.

Шундан сўнг соат 22:35 ларда мазкур ҳолатларга барҳам бериш мақсадида ёрдамчи кучлар зудлик билан етиб келади ва «дымовая шашка» махсус воситалари орқали тўпланган фуқароларнинг бир қисмини тарқатишга эришилади. Соат 04:30 ларда эса намойишчиларнинг қолган қисми ҳам тўлиқ тарқатиб юборилади.

Намойишчилар орасида агрессив ҳаракат қилаётганларининг аксарияти спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлгани ва улар ХМҚО ходимларига турли кўринишда ҳужумлар қилганлиги кузатилди.

Тартиббузарларга нисбатан ХМҚО ходимлари томонидан уларни тарқатиб юбориш учун махсус қуроллардан фойдаланилди. Шу ўринда қўлланилган “Товуш ва ёруғлик орқали таъсир этувчи, кўзни ёшлантирадиган, тутун ҳосил қиладиган гранатали отилмалар”  воситаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Техник хусусиятига кўра, ушбу воситалар оломонга қарата отилганда 50-400 метргача масофада ерга тушади ва қисқа вақтда кичик детонация содир бўлиб, кўзни ёшлантирувчи тутун ва эшитиш органига таъсир қилувчи товуш ҳамда ёруғлик тарқатади. Аксарият ҳолатларда граната отилгандан кейин оломон орасига бориб тушганда одамлар у ердан узоқлашади, лекин кеча содир бўлган воқеаларда спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлган шахслар граната бориб тушгандан сўнг ундан узоқлашмасдан, аксинча, уни олиб ҳарбийларга қайтариб отишга ҳаракат қилишган ҳолатлар кузатилди. Бу эса ўзининг салбий оқибатини келтириб чиқариб, портлаш натижасида битта ҳолатда фуқаронинг юз қисмига жароҳат етказди. Яна бир ҳолатда эса гранатанинг устига йиқилганлиги натижасида думғаза қисмида детонация содир бўлиб, оғир тан жароҳати олди. Ушбу ҳолатлар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалди ва ҳозирда қандай қурол қўлланилганлиги ҳақида нотўғри фикрлар ҳам пайдо бўлиб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тартибсизликлар натижасида 243 нафар фуқаро шифохоналарга мурожаат қилган, уларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришга рухсат берилган. Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда. Жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.

14 нафар фукаро тартибсизликлар содир булган жойда турли жароҳатлар олиб, вафот этган, улардан 13 таси алкоголь ва гиёҳванд таъсирида бўлганлиги аникланган.

Вафот этганлар орасида хизмат бурчини бажарган 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур воқеалар рўй берган кунлари икки марта Нукус шаҳрига ташриф буюриб, Қорақалпоғитон Республикаси Жўқорғи Кенгеси аъзолари, фаоллар билан учрашиб, барча масалаларга ойдинлик киритди. Нукус шаҳридаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан учрашиб, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари бир тану бир жон эканлигини таъкидлади.  Қорақалпоқ халқининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу учрашувлар аҳолини тинчлантирди ва намойишчиларнинг тарқалишига сабаб бўлди.

Ҳозирда ваколатли давлат органлари томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жиноят ишлари натижалари бўйича тўлиқ маълумот тергов ҳаракатлари тўлиқ, холисона, қонуний ўтказилгандан кейин тақдим этилади.

Ҳозирги кунда Президент фармонидан келиб чиқиб Фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Ҳудудга кириш ва чиқиш, махсус тоифаланган объектлар, яшаш маромини таъминловчи ташкилотлар фаолияти тизимли йўлга қўйилиб, назоратга олинган. Нукус шаҳри ва бошқа туманлар тинч-осуда ҳаёт тартибига қайтмоқда, – деди Зафар Алимов".

Интернетда “Нукус кўчалари қонга тўлди” деган изоҳ билан видео тарқалганди. Кейинчалик ушбу видеода қон эмас, балки оломонни тарқатиш учун сепилган қизил рангли махсус сув эканлиги маълум қилинганди.

ЎзА ушбу вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси комендатурасидан изоҳ олди.

Қорақалпоғистон бўйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи ўринбосари майор А.Абдувалиевнинг маълум қилишича, ҳақиқатдан оммавий тартибсизликлар бўлган пайтда одамларни тарқатиш мақсадида қизил бўёқ қўшилган сув сепилган. Бундан мақсад намойишчиларни тезда таниб олиш ва уларни тинч аҳолидан ажратиш бўлган.

Масъулнинг таъкидлашича, ушбу бўёқ инсон саломатлиги учун хавфсиз.

Қорақалпоғитон Республикаси Жўқориғи Кенгеси депутати Аҳмад Реймов таъкидлашича, ҳозир ҳудудда  ҳамма нарса барқарор. Барча ташкилот ва муассасалар одатий ҳолатда ишламоқда.

– Намойишлар билан кўчага чиққан фуқароларни йўналтирган одамлар ҳам бўлган, – дейди Аҳмад Реймов. – Намойишчилар қўлбола воситалар, арматура билан чиқишди. Менимча, 80 фоизи ғайритабиий ҳолатда эди. Энди вазият барқарорлашди. Бизга тинчлик керак.

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/qoraqalpogistondagi-voqealar-haqida-yangi-malumotlar-berildi-video_388152

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>