Янгиликлар
"Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт" халқаро конференцияси: мақсад ва вазифалар, ҳамкорликдаги лойиҳалар
  • 25.07.2022
  • 353

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт" халқаро конференцияси бўлиб ўтади.

Тадбир арафасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида брифинг ташкил этилиб, унда ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Савол: Бўлажак конференциянинг асосий вазифалари ҳақида сўзлаб берсангиз?

Жавоб: Тадбирнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- Афғонистон йўналишида халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини, ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланиши, афғон халқига афғон халқига шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

- Афғонистон янги ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларини (кенг вакиллик асосида ҳукумат тузиш, хотин-қизлар ҳуқуқларига риоя қилиш ва қизларнинг тўлақонли мактаб таълими олишини таъминлаш) бажариш жараёнини тезлаштириш масаласида халқаро самарали мулоқотни йўлга қўйиш. Бу Афғонистондаги миллий ярашув жараёнини охирига етказишнинг асосий шарти бўлади;

- Афғонистон Муваққат ҳукумати томонидан ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни давлатлар, минтақанинг бошқа давлатлари ва бутун дунё хавфсизлиги манфаатларига қарши фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича олган мажбуриятларни тасдиқлаш;

- Афғонистоннинг чет элдаги молиявий активларига қўйилган чековларни бекор қилиш, шунингдек, мамлакат ҳудудида транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини тушунтириш.

Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат минглаб иш ўринларини яратишга, афғон жамиятининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга, балки Афғонистон заминида узоқ кутилган тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга хизмат қилади.

Савол: Қайси давлатлар ва ташкилотлар тадбирда иштирок этишларини тасдиқладилар?

Жавоб: Айни пайтда конференцияда Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Эрон, Италия, Испания, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Норвегия, Покистон, Россия, АҚШ, Туркия, Япония ва бошқа мамлакатларнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг устав органлари раҳбарлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, халқаро молия институтлари вакиллари, шунингдек, илк маротоба ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон муттакий бошчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбирда жами 100 га яқин хорижий делегациялар қатнашади.

Савол: Тадбир дастури ҳақида маълумот бера оласизми?

Жавоб: Конференцияда делегациялар раҳбарларининг чиқишлари кўзда тутилган. Бундан ташқари, анжуман доирасида Афғонистонни ривожлантириш ва унинг халқаро жараёнларга интеграциялашуви йўлида Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг тақдимотлари ҳам ташкил этилади:

- "Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар" темир йўли қурилиши лойиҳаси;

- "Сурхон-Пули-Ҳумри" электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси;

- Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабинининг фаолияти;

- Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолияти.

Халқаро конференция натижаларига кўра ташкилотчи мамлакатнинг баёноти эълон қилиниши кутилмоқда.

Манба: https://mfa.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>