Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: “Ўқиётган соҳам бўйича юқори давлат ташкилотларида ишлаб, оилам ва Ватаним келажаги учун ҳисса қўшмоқчиман!”
  • 01.07.2022
  • 254

Мурожаат эгаси: Нодирбек Абдумаликов Отабек ўғли, Фарғона вилояти

Электрон почта: abcmalikov@gmail.com

Мурожаат мазмуни: «Ассалому алайкум! «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ходимлари, яхшимисизлар? Мен Нодирбек Абдумаликов Отабек ўғли ФарПИ сиртқи таълим, электр энергетикаси йўналиши бўйича 3-курсни тамомламоқдаман.

Мен ўқиётган соҳам бўйича юқори давлат ташкилотларида ишлаб, оилам ва ватаним келажаги учун ҳисса қўшмоқчиман. Юртбошимиз томонидан ҳам талабаларни давлат ташкилотларида ишлашига рухсат берганлари ҳам бежиз эмас.

Қуйида мен ўз маълумотларимни резюме кўринишида жўнатиб қўймоқдаман ва албатта «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Фарғона филиалида менбоп иш топиб беришингизга ишонаман. Ва тез фурсатларда сизлардан яхши хабар кутиб қоламан, чарчаманглар!

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Нодирбек Отабек ўғли! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, энг аввало сизга шуни маълум қилишимиз лозимки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг kadr_nes@mail.ruinfo@uzbekistonmet.uz электрон почталари орқали тегишли ҳужжатларингизни, қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборган бўлсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме»  https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти.

Мурожаат учун: 71-236-6615.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта:  kadr_nes@mail.ruinfo@uzbekistonmet.uz

Ходимлар билан ишлаш бошқармасидан мурожаат:

Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади.

Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

Маълум бир бўш ўринларига ҳужжат топширган номзодлар суҳбатга чақирилаётгани (санаси ва вақти) Акциядорлик жамиятининг расмий-веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда. Эътиборли бўлинг ва ижтимоий тармоқ саҳифаларимизга обуна бўлишни унутманг!

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

Ахборот хизматидан тавсия: Ҳурматли фуқаро Нодирбек Отабек ўғли, меҳнат фаолиятингизни бошлашдан олдин ўзбек тилида имловий ва услубий хатоларсиз ёзишни ўрганинг. Айниқса, маълум бир соҳанинг юқори, бошқарув органларида ишлашдан олдин қуйи ташкилотларда етарлича иш тажрибаси орттириш, таҳсил олиш жараёнида олган билимларингизни амалий ишда мустаҳкамлаш карьерангиз учун муҳим деб ҳисоблаймиз. Бир сўз билан айтганда, техник-муҳандислик йўналишидаги ташкилот маъмурий-бошқарув лавозимларида самарали меҳнат қилиш учун ходимлардан электр объектларининг турли тармоқ йўналишларида кўп йиллик билим-тажриба орттириш, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларидаги эксплуатация жараёни, яъни таъмирлаш-созлаш ва қурилиш-монтаж амалиёти ҳамда лойиҳалаштириш-режалаштириш вазифаларини мукаммал эгаллаган бўлиш мақсадга мувофиқ.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>