Янгиликлар
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 8 нафар ходимларининг «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтига (Швейцария) хизмат сафари ҳисоботи
  • 01.08.2022
  • 197

Хизмат сафари муддати: 2022 йил 27 июндан 1 июль санасига қадар.

• Хизмат сафарининг ташкилий асоси: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институти ўртасида 2022 йил 12 июнь куни имзоланган шартнома; «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг 2022 йил 22 июндаги 146-сонли буйруғи.

• Хизмат сафарига юборилган ходимлар рўйхати: Р.Ибрагимов, «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали директори; А.Баймуҳаммедов, «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали директори; Р.Сафарбоев, «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали директори; И.Сафаров, «Energo-IT» филиали директори; И.Абдуғаниев, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи 2-тоифали мутахассиси; М.Муқимов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ SCADA лойиҳаси раҳбари; С.Имомхўжаев, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Махсус хизмат сектор бошлиғи; Л.Турапов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Реле ҳимояси ва автоматика марказий хизмати 2-тоифали мутахассиси.

• Ўқув-тренинг мавзуси: «Электр энергетикаси тармоғида рақамлаштириш»

•  Хизмат сафаридан кўзланган мақсад: Электр энергетика тармоғини рақамлаштириш жараёнида хориж тажрибасини ўрганиш.

• Натижалар: Хизмат сафари давомида рақамли подстанцияларнинг бугунги кундаги аҳамияти ва электр энергетика тармоғидаги иш самараси, уларни эксплуатация қилишдаги ўзига хос қийинчиликлар, потенциал хавф-хатарлар ва бошқаришдаги замонавий дастурий таъминотлар ўрганилди. Институт тренинглар марказидаги симуляция лабораторияларида подстанциядаги жараёнлар виртуал тарзда ҳосил қилинди ва подстанция бошқаруви онлайн режимда амалга оширилди.

Тренинг машғулотларининг биринчи куни

  Хизмат сафарининг биринчи кунида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ходимлари Швейцариянинг Баден шаҳридаги «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтининг тренинглар марказига ташриф буюришди. Тренинг дарслари аввалида «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институти ва унинг фаолиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Тақдимот давомида бугунги кунда «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институти томонидан подстанциялар учун куч қурилмалари, реле ҳимояси, автоматика ва алоқа қурилмалари ишлаб чиқарилиши ҳамда мониторинг ва бошқарув учун махсус дастурий таъминотлардан, жумладан LUMADA APM, LUMADA EAM ва LUMADA FSM дастурлари амалиётда фойдаланилаётганлигига алоҳида урғу берилди.

  Шундан сўнг, тренинг марказининг малакали мутахассислари томонидан электр энергетикасида рақамли технологияларни жорий қилиш, «рақамли ечимлар», рақамли телекоммуникация тизимлари ва рақамли бошқарув бўйича асосий маълумотлар келтириб ўтилди. 

  LUMADA – Hitachi компаниясининг рақамли инновацияларни бошқариш учун маълумотларни қайта ишловчи илғор рақамли ечимлари, хизматлари ва технологиялари комплекси ҳисобланадаи. Ушбу комплекс таҳлил қилиш ва таклифлар бериш учун бирламчи маълумотларни SCADA, ERP, ўзининг таркибида бўлган LUMADA APM, LUMADA EAM ва LUMADA FSM каби тизимлардан қабул қилиши мумкин.

Тренинг машғулотларининг иккинчи куни

  Хизмат сафарининг иккинчи кунидаги дарсларда асосий мавзу — IEC 61850 халқаро стандарти ва подстанцияда синхронизация турлари билан танишиш бўлди.

  IEC 61850 — бу подстанцияда жойлашган турли хил қурилмалар, масалан, ҳимоя, бошқариш ва ўлчаш ускуналари, шунингдек, ақлли електрон қурилмалар (IEDs) ўртасидаги алоқани таъминлаш учун алоқа протоколларини белгилайдиган халқаро стандартдир. 

Биринчи версиясидан бошлаб ушбу стандарт подстанция алоқа тармоқлари ва тизимларини бошқаришда катта муваффақиятларга эришган.

IEC 61850 алоқа протоколлари

  Internet протоколи тузилмалари маълумотларни узатишнинг хавфсиз усулини таъминласа-да, реал вақтда тизимлар учун нисбатан секин. Шунинг учун мазкур стандарт турли хил протоколлар учун жараённи тезлаштиради:
⇒  MMS (Manufacturing Messaging Specification): Микропроцессорли қурилмалар ва SCADA тизими ўртасида конфигурация ва маълумотлар алмашинувини мониторинги учун кенг қўлланилади;
⇒  GOOSE (Generic Object-Oriented Substation Events): Микропроцессорли қурилмалар ўртасида ўзаро хабарлар алмашинуви учун ишлатилади;
⇒  SV (Sampled Measured Values): Энерготизимда ток ва кучланиш трансформаторларидан келувчи ўлчаш, ҳимоя қилиш ҳамда бошқариш қийматларининг тез ва ишончли алоқасини таъминлайди.

IEC 61850 қурилмаларнинг подстанцияда қандай алоқа қилишини ва тегишли тизим талабларини тавсифлайди. Вақтни синхронлаштириш (Time synchronization) — бу тармоқдаги барча қурилмаларнинг санаси ва вақтини синхронлаштиришдир. Синхронлаштириш — рақамли подстанциянинг вақтга сезгир дастурлари ишида жуда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу кўрсаткич IEC 61850 стандартида муҳим талаб сифатида қайд этилган.

Тренинг машғулотларининг учинчи куни


Хизмат сафарининг учинчи кунида рақамли подстанция архитектураси ўрганилди. Шу билан бирга, рақамли подстанциядаги куч қурилмаларининг бошқаруви махсус лабораторияда симуляция (машқ) қилинди.

Подстанция тизими архитектураси 4 та даражага бўлинади:

1) Network level — тармоқ даражаси;

2) Station level — операциялар, муҳандислик функциялари ва ҳисоботлари бажариладиган станция даражаси;

3) Bay level — тизимни ҳимоя қилиш ва бошқариш функциялари амалга ошириладиган даражаси;

4) Process level — ўлчов трансформаторлари ва бошқа трансдюсерлардан (ўзгартиргич) сигналлар узатиладиган жараён даражаси.
Тренинг марказдаги симулятор лабораториясида подстанциядаги коммутацион жараён виртуал тарзда ҳосил қилинди. Бунда аввал дастурга қурилмаларнинг тавсифи, коммутацион қурилмаларнинг ўзаро алоқаси ва уларнинг боғланиш кетма-кетлигини таъминлаш муҳим ҳисобланади.

Тренинг машғулотларининг тўртинчи куни


Хизмат сафарининг навбатдаги куни рақамли подстанциянинг асосий элементи ҳисобланган аналог сигналларни ўзгартирувчи блок — Merging Unit’нинг иш жараёнини ўрганиш ва таҳлил қилишга бағишланди.
Аналог сигналларни ўзгартирувчи блок — бу кучланиш ва ток трансформаторларидан келувчи аналог сигналларни йиғиш ва бошқа реле ҳимояси ва автоматлаштирилган жараёнларни бошқариш тизимлари қурилмаларига рақамли шаклда маълумотларни узатиш учун мўлжалланган.

Тренинг машғулотларининг бешинчи куни


Тренингни сўнгги кунида «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтининг синов ва сертификатлаш лабораторияларига, коммуникация ва киберхавфсизлик марказларига ташриф буюрилиб, уларнинг фаолияти ўрганилди.

Хулоса ўрнида: ахборот технологиялари, рақамли дастурлар тез суръатларда ривожланаётган бугунги кунда Ўзбекистон энерготизимида рақамли технологиялар, шунингдек, рақамли подстанцияларни жаҳон тажрибасига суянган ҳолда жорий қилиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Хизмат сафарига юборилган мутахассислар гуруҳи номидан ҳисобот тайёрловчи:
Исмоил Абдуғаниев, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи 2-тоифали мутахассиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>