Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: “Мен билан боғланиб кўринг. Суҳбат ўтказинг ёки амалий тажрибаларим билан танишиб чиқинг. Ёқса — ишлаймиз, ёқмаса...”
  • 01.08.2022
  • 249

Мурожаат эгаси: Жўраев Фирдавс Фарҳодович, Бухоро вилояти

Электрон почта: firdavsjurayev3040305@gmail.com

Мурожаат мазмуни: Ассалому алейкум! Мен Жўраев Фирдавс, Бухороданман. Олий маълумотлиман. Ўрта-махсус коллежини 2017 йилда тугатдим. Аниқроғи, Бухоро политехника касб-ҳунар коллежини Электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича техник электрик йўналиши бўйича диплом эгасиман. 2018 йил Бухоро муҳандислик-технология институтининг Технологик машина ва жиҳозлар (тармоқлар бўйича) йўналиши бўйича ўқишга кириб, 2022 йил тамомладим.

Бу вақт давомида, яъни 2020 йил июль ойидан ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида барча турдаги маиший техника турлари ҳамда бошқа майда турдаги электр трансформаторларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш йўналиши бўйича иш фаолиятимни юритдим. Ҳозирда 2 нафар шогирдларим бор.

Бу борадаги ҳаракатлар ва интилишларим ёшлигимдан бери бор. Техника ва технологияларга бўлган қизиқишим бўлгани туфайли,  бундан-да тажрибалироқ ва билимлироқ бўлиш мақсадида, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2022 йил 1 июнда берилган бўш иш ўринлари билан танишиб чиқдим. Бунда «Марказий реле ҳимояси ва электр автоматикаси хизмати муҳандиси» йўналиши бўйича бўш иш ўрни борлигини кўриб мурожаат йўлладим. Мурожатим билан танишиб чиққанингиздан сўнг албатта мен билан боғланиб кўринг. Суҳбат ўтказинг ёки амалий тажрибаларим билан танишиб чиқинг. Ёқса — ишлаймиз, ёқмаса — танлаган ҳунарим ортидан янги марраларни кўзлаб ҳаракатда давом этаман...

Ҳурмат билан,

Фирдавс Жўраев

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Фирдавс Фарҳодович! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, энг аввало сизга шуни маълум қилишимиз лозимки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг kadr_nes@mail.ruinfo@uzbekistonmet.uz электрон почталари орқали тегишли ҳужжатларингизни, қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборган бўлсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме»  https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти.

Мурожаат учун: 71-236-6615.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта:  kadr_nes@mail.ruinfo@uzbekistonmet.uz

Ходимлар билан ишлаш бошқармасидан мурожаат:

Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади.

Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

Маълум бир бўш ўринларига ҳужжат топширган номзодлар суҳбатга чақирилаётгани (санаси ва вақти) Акциядорлик жамиятининг расмий-веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда. Эътиборли бўлинг ва ижтимоий тармоқ саҳифаларимизга обуна бўлишни унутманг!

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>