ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Адоғи кўринмаётган мавсумий блэкаутлар. Мамлакат энергетика тизими тартибга келадими?
  • 27.07.2022
  • 202

Бир ҳафтадирки, Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Туманлар, гоҳида туманлардаги маҳаллалар навбати билан электрдан узиб қўйилмоқда. Бу энергетика соҳаси тобора ортга кетаётганини кўрсатмоқда. Тизим бошсиз қолаётгани, юқори лавозимларда соҳага бегона одамлар ўтиргани, шунингдек бошланган ислоҳотлар номаълум муддатга кечиктирилгани муаммолар яқин орада барҳам топмаслигига ишорадек, гўё.

«Нурсиз» пойтахт

Тошкент шаҳрида соатлаб свет ўчиши энди янгилик эмас. Айниқса, сўнгги бир ҳафтада кузатилаётган жазирамада электр энергиясининг қадри билинмоқда.

 
 

«Янгиҳаёт тумани, Наврўз 9-тор кўчада деярли ҳар кун свет ўчади, кучланиш умуман барқарор эмас, 100 волтгача тушиб кетади», дейди Шукур Сулаймонов.

Гулнора Абдураҳимова Дўмбирободда свет кунда-кунора ўчиши, илгари тўрт-беш соатлаб ўчишига анча кўникишган бўлса, энди тонгга яқин ёнишига ҳам ўрганиб қолишгани ҳақида ёзган.

«Чилонзор тумани 19-даҳада ҳам ҳар куни шу аҳвол», дея ёзғиради Санжар Мусаев.

Наргиза Арслоновага кўра, Сергелида кунига икки марта свет ўчмаса ҳисоб эмас.

«Юнусободдаги Шаҳристон метроси жойлашган кўчанинг бир томонида свет бор, бир томонида йўқ», дея хабар қилади Гулмира Матмусаева.

Истеъмолчилар юқоридагилардан ташқари пойтахтнинг Юнусобод, Яшнобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Миробод, Мирзо Улуғбек туманларида ҳам кунига бир неча марта свет ўчаётгани, элект энергияси узилиши билан ичимлик суви ҳам келмай қолаётганидан шикоят қилишган. Facebook’даги «Юнусободликлар» гуруҳи эса мавзуга доир шикоятлардан, таъбир жоиз бўлса, «портлаётгани»ни кўриш мумкин. Афтидан, энг кўп ва давомли узилишлар айнан ушбу туманда кузатилаётгандек.

 

Facebook’даги «Юнусободликлар» гуруҳида эълон қилинаётган шикоятлар. Фотоколлаж: Kun.uz

 

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид кутилаётган муаммо ҳақида туман ҳокимлиги, Олмазор ТЭТК, «Янги қалдирғоч» ХУЖМШ масъулларини огоҳлантиришгани, бироқ масъуллар истеъмолчиларнинг мурожаатларига лоқайд муносабатда бўлгани сабаб трансформаторлар ёниб кетгани, бунинг оқибатида юзлаб хонадонлар электр таъминотимиз қолишганидан шикоят қилган.

Олмазор тумани Қорақамиш 2/5 даҳасида ёнаётган трансформатор, 2022 йил 24 июл. Фото: Facebook/Дилмурод Саййид

Бундан ташқари, интернет фаоллари Тошкент, Самарқанд, Навоий, Наманган вилоятларида ҳам энергия таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар беришган.

Ушбу муаммо ҳаракат хавфсизлигига ҳам таъсир қилмоқда. Маълум қилишларича, электр энергияси алмашлаб ўчирилиши натижасида кўплаб чорраҳаларда светофорлар ишламаяпти. Бу эса автомобиллар қатновини қийинлаштирмоқда.

«Шахмат тартибида ўчириш» муаммонинг ягона ечимими?

Тошкент шаҳри туманларида электр алмашлаб ўчирилиши тасодифий эмас. Соҳага алоқадор шахслар буни «шахмат тартибида ўчириш» деб аташади. Яъни энерготизимда юклама ортиб кетган пайтда свет атайлаб ўчирилади.

Энергетика вазирлиги бу чора кенг кўламли муаммоларнинг олдини олиши, агар шундай қилинмаса тармоқда жиддий носозликларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Бироқ истеъмолчилар кўрилаётган чора орқали муаммонинг оқибати билан курашилаётгани, унинг илдизи, сабабларига ечим изланмаётганидан қайғурмоқда.

«Кетма-кет 6 кун, ҳар куни 13:30 дан 18:30-19:00 гача свет ўчаверганидан билдимки, светни ўчириш режа асосида амалга оширилмоқда. Эски, алмисоқдан қолган трансформаторлар, кабеллар ва проводларнинг юқори даражадаги истеъмол юкламаси туфайли куйиб кетишининг олдини олиш мақсадида.

Юкламалар қаердан пайдо бўляпти? Албатта янги қурилган ва қурилаётган «новостройкалар» туфайли. Чунки улардан тизимни янгилаш, замонавий трансформаторларни ўрнатишни ҳеч ким талаб қилмаяпти, қилолмаяпти.

Талаб қилишса, уй қурувчи тадбиркорлар ўринли эътирозини билдиради: «Биз катта миқдорда пора ва откатлар берганмиз, бизда бошқа пул йўқ! » Коррупция оқибатларини кўряпмиз ўртоқлар!)

Таклиф: Қонун билан ушбу талабни мажбурий қилиб қўйиш керак: «Кўп қаватли уйларни фойдаланиш учун қабул қилиш (госприемка) фақатгина янги коммуникацион тизимлар, янги трансформаторлар, сифатли кабел ва ўтказгичлар ўрнатилган тақдирдагина амалга оширилади, мавжуд тизимларга уланиш тақиқланади!» деб ёзади ҳуқуқшунос Бобир Муқаддамов.

Kun.uz манбаларининг таъкидлашича, аслида муаммонинг ечими бор. Бунинг учун Энергетика вазирлиги, «Миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «куз-қиш тайёргарлиги»дан «ёз ва қиш мавсумига тайёргарлик»ка ўтиши керак.

Аввалги мақолада Kun.uz Энергетика вазирлигига мамлакат энергия таъминоти юклама ортишига қанчалик тайёрлиги юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилгани, бироқ вазирликдан бу борада ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги айтилгани ҳақида ёзилганди. Бу эса тизимда ёзги мавсумга қишдагидай тайёргарлик кўрилмаслиги, йилдан йилга авжига чиқаётган жазирамалар шароитида мутасаддиларда вазиятни ўнглаш, аҳолини энергия билан барқарор таъминлаш бўйича режалар йўқлиги ҳақида хулосага келишга сабаб бўлганди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда электр энергиясининг энг кам истеъмоли баҳорги вақтга тўғри келади. Қолаверса, бу даврда ёз фаслидагидек иссиқ кузатилмайди. Мана шу даврда олдинда турган жазирамага, аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр истеъмоли кескин ортишига тайёргарлик кўриш талаб этилади. Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида тақсимлаш корхоналари, яъни ҳудудий электр тармоқларининг нимстанциялари айнан ёз пайтида таъмирланади, шу боис кўп юк трансформаторлари ишчи ҳолатида бўлмайди.

«Йилдан йилга ёз фаслида юклама ортиб бораётгани яққол кўриниб турган нарса. Соҳа мутасаддилари ҳам шуни ҳисобга олиб таъмирлаш ишларини баҳорга кўчиришлари керак», дейди шахси сир тутилишини сўраган манба.

Энергетика вазирлиги хабар беришича, ўтган ҳафтада электр энергиясига бўлган талаб энг юқори истеъмолни ташкил қилган. Республика бўйича ўтган ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг энг юқори суткасида 224 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йил 22 июл куни энг юқори истеъмол қайд этилиб, 237 миллион киловатт-соат (ўтган йилги кўрсаткичдан 6 фоизга кўп)ни ташкил қилган.

«Хусусан, Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, одатда куз-қиш мавсумида юқори бўладиган истеъмолдан ортди. Ўтган 2021–2022-йиллар куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳрида энг юқори истеъмол 24 миллион киловатт-соатни ташкил қилган бўлса, жорий йил 22 июл санаси бу кўрсаткич 27,5 миллион киловатт-соат ёки 15 фоизга кўпни ташкил этди», дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, ёз мавсумидаги истеъмол рекордига айрим хонадонларда электр энергияси суткалик истеъмоли 1000 киловатт-соатгача етгани ёки ўртача 4-5 ойлик электр энергияси истеъмолини бир кунда сарфлаб юборгани сабаб бўлган.

Шу рақамлар ҳам ёз мавсумидаги муаммолар кўлами куз-қиш мавсумидагидан кам бўлмаётгани, балки ошиб ҳам кетганини кўрсатмоқда. Демак, мутасаддилар экспертларнинг юқоридаги фикрларини инобатга олиши керак бўлади.

«Бошсиз» қолаётган вазирлик

Шу йилнинг 7 апрел куни Алишер Султонов лавозимидан озод этилганидан буён Энергетика вазирлиги раҳбарсиз қолмоқда. Мамлакатда энергетика соҳасини мувофиқлаштириш, энергия манбаларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва диверсификация қилиш мақсадида тариф сиёсатини такомиллаштириш, энергетика соҳасида замонавий корпоратив бошқарувни жорий этишга масъул соҳанинг муҳим паллада етакчисиз қолаётгани тушунарсиз. Уч ярим ойдан буён энергетика вазирлигининг янги раҳбари ким бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Экспертларнинг эътирофича, соҳанинг ортга кетишига кейинги пайтда тайинланаётган раҳбар-кадрлар тизимдан чиқмагани, энергетика муаммоларини ичидан билмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Истеъфога чиқарилган вазир Алишер Султонов ҳам, 2021 йил 31 август куни унга биринчи ўринбосар этиб тайинланган Азим Аҳмадхўжаев ҳам соҳа бўйича ихтисосликка эга эмас. Балки тизимнинг ўзидан чиққан кадрлар малакасига таянадиган, ишонадиган вақт келгандир?

Кечикаётган энергетика ислоҳоти

Энергетика соҳасидаги муаммолар йилдан йўлга бўй чўзиб бормоқда. Ҳукумат электр энергиясини давлат томонидан субсидиялашни бекор қилиш ва табақалаштирилган нархлар белгилашга бу муаммоларнинг ечими сифатида қарамоқда. Шу мақсадда «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида» ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилиши кўзда тутилганди. Бироқ айрим сабабларга кўра бу қарор қабул қилинмади, ислоҳотлар эса номаълум муддатга кечиктирилди. 

Энергетикага бюджетдан субсидиялар «халққа ёрдам бўлиши» учун жорий қилингани рост. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, бундай тизим соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўлиб қолаверади. 

Яна бир муҳим омил – Ўзбекистонда инфратузилманинг самарадорлиги ҳам анча паст. Собиқ иттифоқ даврида қурилган иншоотлардан ҳалигача фойдаланилади. Турли ҳисоб-китобларига кўра, ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 20 фоизи етказиб бериш пайтида йўқолиб кетади. 

Бошланган ислоҳотлар халқ фаровонлиги учун хизмат қилиши рост бўлса, гарчи қийин кечсада, уни охирига етиш зарур. Зеро, бир ерда депсиниб тураверадиган, кези келса олдинга эмас, орқага қараб кетадиган соҳа кескин ислоҳотлар билангина олдинга қараб силжий олади. Кўрилаётган кичик чоралар эса тешик челакда сув ташишдан бошқа нарса эмас.

Жамшид Ниёзов, журналист

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>