Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ: “Нурафшон” сиҳатгоҳи 25 ёшда!
  • 23.09.2022
  • 173

Аввал хабар берганимиздек, Акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Нурафшон” санаторийсининг фаолият бошлаганига роппа-роса 25 йил тўлди. Шу муносабат билан жорий йил 23 сентябрь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ориф Тўхташев ҳамда Бирлашган Касаба уюшмалари қўмитаси раиси ўринбосари Неъмат Абдуллаев Фарғона вилоятининг сўлим Чимён қишлоғида жойлашган санаторийга ташриф буюриб, унда фаолият олиб бораётган кўп сонли шифокорлар ҳамда дам олувчиларга раҳбариятнинг қутловлари, шунингдек, совға-саломларини етказишди.

Тадбирлар мазкур даргоҳда узоқ йиллар ишлаган нуроний ходимлар, Чимён маҳалласи оқсоқолларининг дуо-ю фотиҳалари билан бошланди. Тошкентдан ташриф буюрган меҳмонлар билан учрашув ташкил қилинди ва унда маънавий-маърифий масалаларга оид давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирнинг бадиий қисмида ҳам маслаҳатчи, ҳам шоир Ориф Тўхташ томонидан ватанпарварлик мавзуларида шеърлар тингланди.

Бундан ташқари, мазкур санаторий ишчи-ходимлари ўртасида спорт ўйинлари ташкил қилиниб, ғолибликни қўлга киритганларга ҳам совринлар улашилди. Кабаса уюшмалари қўмитаси томонидан тайёрланган фахрий ёрлиқ ва рағбатлантирилувчи мукофот пуллари "Нурафшон" сиҳатгоҳи фаолиятида алоҳида намуна кўрсатган ходимларга топширилди.

Кечга яқин барча ходимлар ҳамда дам олувчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида бадиий-мусиқий кеча ташкил қилинди.

Фурсатдан фойдаланиб, қарийб чорак аср иш фаолиятига эга сиҳатгоҳ жамоасини юбилей сана билан қутлаймиз! Юртимиз энергетиклари, қолаверса, халқимиз саломатлиги учун хизмат қилаётган “Нурафшон” санаторийси ходимлари соғ-омон бўлишсин!

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>