Янгиликлар
Хизмат сафари ҳисоботи: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ мутахассислари «Грузия давлат электр тизими» компаниясига ташриф буюришди
  • 27.09.2022
  • 320

SCADA тизимини жорий этиш жараёнини ўрганиш, шунингдек Жаҳон банки кўмагида рақамли подстанцияларни қуриш ҳамда уларни эксплуатация қилиш йўналишида тажриба алмашиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида меҳнат фаолияти юритувчи бир гуруҳ мутахассислар «Грузия давлат электр тизими» (GSE) компаниясининг бир нечта объектларига ташриф буюришди.

GSE — «Грузия давлат электр тизими» (Georgian State Electrosystem / საქართველოს სახელმწიფო ელექტროსისტემა) компаниясининг электр энергетика соҳасини рақамлаштириш бўйича узоқ муддатли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, томонлар мажмуада қўлланиладиган сўнгги технологиялар бўйича фикр алмашишди. Шунингдек, бундай кенг кўламли лойиҳани амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Ташриф давомида ўзбекистонлик энергетиклар энергия тизимининг бир қатор муҳим объектлари, шу жумладан, Грузия энергия тизимини бошқариш мажмуасининг маркази ҳамда 500/400/220 кВли «Ахалцихе» рақамли подстанциясига ташриф буюришди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Жаҳон банки кўмагида «Электр энергетикаси секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш» инвестиция лойиҳаси доирасида SCADA тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича халқаро танлов савдоларига эълон берилган.

Маълумот ўрнида: «Грузия давлат электр тизими» компанияси 2002 йилда «Электродиспетчеризация» МЧЖ ҳамда «Электропередача» ОАЖнинг бирлашиши натижасида ташкил этилган. 2002 йил декабрь ойидан бошлаб компания бошқаруви Жаҳон банки томонидан эълон қилинган «Электр энергиясининг улгуржи бозорини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасининг тендер натижаларига кўра компанияни беш йиллик бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган Ирландиянинг ESB International компанияси томонидан амалга оширилган. 2007 йил ноябрь ойидан бошлаб, юқорида номи тилга олинган лойиҳа тугагандан сўнг, компанияни бошқариш Грузия дирекцияси томонидан давом эттирилмоқда.

Хизмат сафарида бўлган мутахассислар гуруҳи

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>