Янгиликлар
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг икки мингдан зиёд ишчи-ходимлари умумхалқ ҳашарида иштирок этишди
  • 15.03.2020
  • 569

  2020 йил 14–15 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги 136-Ф-сонли «Наврўз» умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг барча ҳудудий филиал ҳамда ижтимоий муассасаларида ўтказилгани каби марказий бошқарув аппаратида биносида ҳам умумхалқ ҳашари ташкил этилди.

  Шу билан бирга, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг 2020 йил 13 мартдаги 84-сонли буйруғига асосан Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг иштирокида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан Тошкент вилоятида жойлашган «Қалдирғоч» дам олиш масканида экоҳашар тадбири ҳам бўлиб ўтди. Жамият таркибидаги ушбу дам олиш масканининг дарахтларининг ости қисми ва бетон тўсиқлари оқланиб, ёш новдаларга ишлов берилди. Муассаса майдони куз-қиш мавсумида тўпланиб қолган барг-хазонлардан тозаланди.

  «Тошкент денгизи» сув омборининг шундоққина шарқий қирғоғида жойлашган дам олиш маскани янги экилган мевали ва манзарали дарахтлар, узоқ муддат гуллаб турадиган гул кўчатларидан янада чирой очиб, файзли масканга айланди, десак айни ҳақиқат бўлади.

  Экоҳашар тадбиридан кўзланган ободончилик ишлари якунлангач, Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси томонидан тузалган дастурхон, миллий таомлар ҳашарчиларни тушликка чорлади. Турли миллий ва спорт ўйинлари тушликдан сўнг ҳашарчиларга маданий хордиқ бахш этди.  Ўтказилган экоҳашардан эстетик завқ олган энергетиклар «Тошкент денгизи» сув омбори соҳилида сайр қилиб дам олишди.

  Наманганлик тиббиёт ходимлари ҳам ҳашарда фаол иштирок этишди

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг барча ҳудудий бўлинмаларида Жамият бошқаруви раисининг 84-сонли буйруғига асосан умумхалқ ҳашарлари ўтказилди.

  Мисол учун, ҳашарда фаол иштирок этган Наманган тиббий-санитария қисми ишчи-ходимлари томонидан 200-300 квадрат метр экин майдонига ишлов берилиб, гул ва бошқа манзарали кўчатлар экишга тайёрлаб қўйилди, 20 туп мевали дарахтлар экилиб, 150 туп гул кўчатлари ўтқазилди.

  Шунингдек, тиббиёт муассасасида 50 дан зиёд дарахтларнинг остки қисми ва 400 метрдан зиёд бетон ажрама тўсиқлари оҳакланди, 150 метрдан зиёд ариқ ва зовурлар тозаланди.

  «Қалдирғоч» дам олиш маскани ободонлаштирилди

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ва Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилотининг ташаббусига кўра «Қалдирғоч» дам олиш масканида экоҳашар ўтказилди. Ҳашарда 100 га яқин ёшлар ва ишчи-ходимлар катнашишди. 30 туп қарағай, 5 тупдан настарин ва сурия атиргули, 100 туп атиргул кўчатлари экилди. Ариқ ва боғлар барг-хазон ҳамда чиқиндилардан халос этилди.

  «Наманган МЭТ» филиалининг «Қизил-Ровот» подстанциясида ҳам ободончилик ишлари олиб борилди

  14 март куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали таркибидаги 220/110/10 кВли «Қизил-Ровот» подстанцияда ҳам Акциядорлик жамияти таркибидаги барча юқори кучланишли подстанциялардаги каби  умумхалқ ҳашари ўтказилди.

  Филиал директорининг 67-сонли буйруғига асосан ҳашарнинг биринчи кунида 23 нафар ишчи-ходимлар катнашди. Улар томонидан узунлиги 670 метр бўлган бетон тўсиқлар оқланди, 185 туп мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, дарахт танасининг остки қисмлари оқланди. Бундан ташқари, подстанция ҳудудидаги 210 метр квадрат ер майдонига ишлов берилиб, подстанциянинг ички ва ташқи кўриниши яхшиланди.

  Эслатиб ўтамиз: «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибидан 77 та подстанция бўлиб, инвестицион лойиҳалар асосида уларнинг сони кўпайиб, хизмат кўрсатиш қуввати ошиб бормоқда.

  Фарғона вилоятидаги «Нурафшон» санаториясида ҳам умумхалқ ҳашари ўтказилди

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг барча ҳудудий филиал ҳамда ижтимоий муассасаларда ўтказилгани каби «Нурафшон» санаторийсида ҳам 14 март куни умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилди. Ҳашарда 62 нафар ишчи-ходимлар қатнашдилар. Шанбаликда 1.5 гектар ер майдони бегона ўт ва хазонлардан тозаланди, 300 метр ариқ тозаланиб, атрофи юмшатилди, 500 дона мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гуллар экилди. Асосий бино ва йўлак ҳамда ётоқхоналар эстетик ҳолати яхшиланди.

  Маълумот ўрнида: «Наврўз» умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўришга бағишланган ҳашарлар «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг барча ҳудудий филиаллари ҳамда ижтимоий муассасаларида давом эттирилиб, унда умумий ҳисобда икки мингдан зиёд ишчи-ходимлар иштирок этишди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>