Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: “Бизнинг корхона ҳудудидан юқори қувватли электр тармоқлари ўтган...”
  • 18.10.2022
  • 189

Мурожаат эгаси: Абдурасулов Шукрулло Аброр ўғли, “GEOEKOSTART” МЧЖ

Электрон почта: komp700@gmail.com

Мурожаат мазмуни:  Бизнинг корхона Тошкент вилояти, Тошкент тумани, “Сабзавот” МФЙ, Чоштепа кўчаси, 71-уйда жойлашган. Корхона ҳудудидан юқори қувватли электр тармоқлари ўтган.

1) Ушбу тармоқларнинг бино-иншоотлар билан орасидаги муҳофаза ҳудуди ҳақида батафсил маълумот беришингиз сўралади.

2) ушбу тармоқларни корхона ҳудудидан бошқа жойга кўчириш бўйича амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Шукрулло Аброр ўғли! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Аввало, “GEOEKOSTART” МЧЖ ҳудудидан ўтган деб талқин этилаётган юқори қувватли тармоғи қандай кучланишда эканлиги мурожаатда келтирилмагани учун масала бироз мавҳумроқ. Сўнгра, маълумот ўрнида, 10, 35 ва 110 кВ кучланиши электр тармоқлари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ балансида, кам ҳолатларда 110, асосан 220–500 кВ кучланишли электр тармоқлари «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ балансида бўлади.

Юқори кучланишли электр тармоқларининг ҳимоя зонаси, қайси корхона тасарруфида бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон "Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тартибга солинади.

Батафсил: https://lex.uz/docs/4133978

Қўшимча маълумот: АОКАда брифинг: «Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остидаги ер майдонларининг ҳимоя зонаси» https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/1005

 

Мисол учун:

2-боб, 15-банд:  Муҳофаза зоналарида электр тармоғи хўжалиги объектларининг хавфсиз ишлашининг бузилиши, шу жумладан … , шунингдек экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш, жумладан:

а) электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш, шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш;

б) ... электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш;

в) … электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш;

г) ... кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш;

д) ахлатхоналарни жойлаштириш;

е) ... ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қуйиш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади.

 

3-боб. Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш

13. Электр тармоғи хўжалиги объектлари ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилинади.

14. Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича ўрнатилади:

а) электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб — четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб (ҳаво электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги) қуйидаги масофадаги параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми кўринишида кучланиши:

⚡ 35 киловольт кучланишли линиялар учун — 15 метр;

⚡ 110 киловольт кучланишли линиялар учун — 20 метр;

⚡ 220 киловольт кучланишли линиялар учун — 25 метр;

⚡ 500 киловольт кучланишли линиялар учун — 30 метр!

 

Батафсил: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/2531

Ҳурматли фуқаро, Шукрулло Аброр ўғли! Сизга «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ мутахассислари боғланиб, зарурият бўлса, кўрсатилган манзилга ташриф буюриб, батафсил маълумотлар тақдим этишади.

Мутахассислардан жавоб: «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали Сизнинг 2022 йил 18 октябрдаги 01-12-21/431-сонли хатингизга жавобан шуни маълум қиладики, мурожаатда кўрсатилган манзилда “Тошкент МЭТ” филиали балансида бўлмаган юқори кучланишли электр тармоғи ўтган. Икки занжирли 110 кВ Л-ДОК- 1,2 ҳаво тармоқлари "Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси" АЖ (het.uz) балансида эканини маълум қиламиз.

Ў.Аҳмедов, «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали бош муҳандиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>