Янгиликлар
Ўзбекистон–Туркманистон: электр энергетика соҳасидаги ҳамкорлик давом этмоқда
  • 21.10.2022
  • 225

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан айни пайтда расмий ташриф билан Ашхобод шаҳри бўлиб турибди.  

Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан бир дарёдан сув ичиб яшаб келган. Ушбу халқларнинг тарихий илдизлари ва дини бирлиги, тили, маданияти, анъаналарининг муштараклиги Ўзбекистон–Туркманистон ҳамкорлигининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Барчамизга аёнки, Ўзбекистон–Туркманистон ҳамкорлиги энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика  тармоғида ҳам ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ амалга ошириб келинмоқда. Мисол учун, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов ҳам айни пайтда Туркманистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб, Туркманистон энергетика вазири Хажимуҳаммет Режепмуродов қабулида бўлди. Ишчи тартибдаги муҳокамалар учрашувида, шунингдек, Ўзбекистондан «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ҳамда «Туркменэнерго» давлат электр энергетика корпорацияси раиси Дурди Элясов иштирок этди.

Томонлар ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ амалга оширилаётган лойиҳалар, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр жиҳозларини Туркманистон бозорига олиб киришдаги ҳамкорлик, шу жумладан, Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергияси импорти, Туркманистондан Ўзбекистон магистрал электр тармоқлари орқали Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига электр энергияси транзити масалаларини муҳокама этишди.

Эслатиб ўтамиз, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси 15-йиғилишининг (2019 йил 23 ноябрь, Ашхобод шаҳри) қарорига кўра, Туркманистон Республикасидан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш масаласи юзасидан келишувга эришилган. Келишувга мувофиқ 2019 йилнинг декабрь ойидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Туркмененерго» давлат энергетика корпорацияси ўртасида Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>