ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz — «Бу ҳали ҳолваси бўлиши мумкин» – ўзбекистонликлар электр ва газ таъминотидаги узилишлар оқибатидан хавотирда
  • 14.11.2022
  • 143

Энергетика вазирлиги аҳолини электр ва газ таъминотидаги муаммоларни тўғри тушунишга чақиргани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

 

Иқтисодчи Отабек Бакиров Telegram’даги каналида муаммонинг илдизи бозор йўқлиги билан боғлиқлиги ҳақида ёзган.

Бу ҳали ҳолваси бўлиши мумкин. Чунки биз охирги қизил чизиқни шу йил ёзда, ҳатто компромисс қарор қабул қилиб, кейин ярим тунда ортга қайтганимизда ўтказиб юбордик, назаримда. Ҳали қор тушмади, ҳали ҳарорат мусбат, олдинда қаҳратон қиш.

Тармоқларда ёзилганидек, свет йўқ, чунки газ йўқ, газ йўқ, чунки свет йўқ.

Энергетикадаги иқтисодий популизм туфайли ўзимиз билмай соҳада Венесуэла яратиб қўйдик. Газ қазиб олишга рағбат йўқ, транспортивкага рағбат йўқ, электр ишлаб чиқаришга рағбат йўқ. Чунки бозор йўқ.

Агар охирги тўқ йил, сабримиз узун ва қалин бўлган 2019 йилда қарор қабул қилинганида ҳозир, балки энергобаланс мувозанатга етган, таклиф талабга етиб олган бўларди.

Бугун бошласак, анча узоқ муддат кетади. Аммо сабр ҳам юпқалашган. Лекин бу ишни эртага қолдирсак, бу аниқ — свет ҳам бўлмайди, газ ҳам бўлмайди. Жисмонан бўлмайди, шунчаки ҳеч кимга бўлмайди. Популизмга ҳам ҳожат қолмайди.

Отабек Бакиров, иқтисодчи.Диний уламо Мубашшир Аҳмад Telegram’даги каналида ҳукумат бу муаммога 30 йилдан бери ечим топа олмаётган экан, бутун халқ ечим хусусида бош қотириши зарурлиги ҳақида ёзди.

Электр ва газ бизда 30 йилдан бери ечилмас муаммо. Лекин нега шундай қийинчилик ва муаммода эканимизни билмайман. Қанча газ ёки электр кераг-у, ҳукумат нега булар билан таъминлай олмаётганини тушунмайман. Кичик ва ночор бир рўзғорда ҳам муаммолар аста-секин ечилади. Лекин катта ва энергия ресурсларига бой мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери бу масала нега ҳал этиб бўлмаётганини англамайман.

Совуқ хонада тонг оттириш нима эканини эса биламан. Тана ҳолсизланиб, совуйдиган, шу сабабли ташқаридан иссиқликка муҳтож бўлган қари ва хасталарнинг ҳолларини яхши тушунаман. Қоронғида дарс тайёрлай олмаётган авлоднинг келажагини, метангаз «заправка»ларида вақтлари увол бўлаётган аҳолининг дардларини яхши ҳис қиламан.  Буларни шунинг учун ёзяпман.

Демакки, муаммо бор, ечим йўқ экан (ҳукуматда), келинглар масалани оммага ошкор қилайлик. «Аҳолимизга қанча газ ва қанча электр керак, шундан қанчасини ҳукумат етказа олади ва қолганини қай йўл билан ҳосил қилиш мумкин». Шу каби саволларга жавобларни ҳамма билсин ва ҳамма бош қотирсин. Чунки нон каби зарур бу эҳтиёжларни халқ ҳар йили умид билан кутади. Ёлғон ваъдаларга ишонади ва катта қисми совуқ ва зулматдан қийналиб қиш ўтказса, бир қисми ис газидан заҳарланади ва бир неча ўнлари ўлиб кетади. Қишда машинасини ҳайдай олмайди, қоронғи ва совуқда болалари дарс тайёрлай олмайди. Касал, заиф ва қарилари совуқ ва қоронғиликдан туни билан инграб чиқади.

Муаммо ҳамманики экан, ҳамма бош қотирсин. Уларнинг ечилмас эканини билса, англаса, сабр қилсин ва ваъдаларга суянмасин. Кўмирини, тезагини ғамласин, ёқиб-битирилган дарахтзорларнинг ўрнини тўлдирсин, кейинги ўн йилликлардаги қишларга тайёрлансин. Ҳар кузда дардини достон қилавермасин.

Европа қитъаси уруш гирдобида. Мамлакатларнинг асосий ғами ва бош оғриғи – аҳолини иссиқ ва ёруғликда қишдан олиб чиқиш бўлиб қолган. Россия газидан узилган иқтисодлар олти ой ўтмай энергиянинг янги манбаларини излади, уланди, келтирди ва масалани ҳал қилди. Аҳолисининг энергия таъминотини ечди. Ҳатто урушнинг маркази – Украина учун ҳам босқинчиларга қарши жанглардан кейинги ўринда аҳолини газ ва электр билан таъминлаш асосий масала бўлиб турибди. Рус қўшини электр манбаларига ракета зарбаси берганда, яксон бўлган электр «линия»ларни тезкор янгилаш ёки таъмирлашга ҳаракат қиляпти. Қўшни давлатлар бу борада ҳамкорлик қиляпти.

Тўғри, бизда ҳам қуёш ва шамол энергиясини ҳосил қилувчи улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги газ конлари очилаётгани ҳақида тез-тез ўқиб турибмиз. Лекин ҳар куз муаммо ўша-ўшаку. Нега бундай бўлмоқда? Нега оз бўлса-да, ҳолат яхшиланмаяпти? Ўзи энергия муаммоси қачон батамом ҳал бўлади?

Қишда уйи иссиқ ва ёруғ бўлиши ҳамманинг эҳтиёжи ва ҳақи. Бу ҳақни омматан бера олинмаса ва ҳал қила олинмаса, жуда бўлмаганда муаммо нимада эканини айтиб, ҳисоб-китобни маълум қилиш лозим. Халқнинг ўзи билан маслаҳатлашиш керак. Балки яхши ечим ва таклифлар бўлиб қолар, балки ҳақиқат юзага чиқса, қишга олдинроқдан ўзи тайёргарлик кўрар ёки ҳеч қандай имкони бўлмаса, сабр қилиш учун халқ сабабга эга бўлар.

Лекин нима бўлганда ҳам муаммодан кўз юммаслик керак. Ваъда ва режалар билан аллаламаслик керак. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш керак. Ечим бўлса ечиш, бўлмаса изланиш керак. Аммо булардан ноласи осмонга ўрлаётганлар хабардор бўлиши керак. Шояд уларнинг қарғишлари дуога, норозиликлари тушунишга ва энг асосийси муаммолари ечимга айланса!

Мубашшир Аҳмад, диний уламо.Блогер Зафарбек Солижонов халқни ўйлантирадиган мавсум бошлангани ҳақида ёзган.

Электр, газ ўчиш ҳолатлари кўпайди. Ўйлов мавсуми бошланди. Ўқувчи «қандай қилиб дарсимни қилиб оламан?», она «боламни кечаси қандай эмизиб оламан?», ишдан чарчаб келган эр «қандай қилиб душ қилиб оламан?», уй бекаси «кирларни қандай ювиб оламан?», ҳайдовчи «қачон газ қуяман-у қачон уйимга 5600 сўм олиб кираман», талаба «лаънати конспектни қачон қилиб оламан?», янги келин-куёв нима ўйлашини эса ҳамма билади. Хуллас ҳаммани ўйлантирадиган мавсум бошланди», – деб ёзади блогер.

Фото: Telegram / «Микрофон кўтарган аёл»

Журналист Азиза Қурбонова ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам газ муаммоси юзага келгани ҳақида хабар берган.

Салом, менинг номим-газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман. Эгаларим ўтмишим-ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа.

Манзилим — Учтепа тумани, «Чўпонота» маҳалласи», – деб ёзади у.Блогер Умид Ғофуров қуёш панелларини ўрнатиш муаммога ечимлардан бири эканини ёзган.

Аҳоли ўз уйларига қуёш панелларини ўрнатиши учун имтиёзли (балки фоизсиз) кредитлар бериши керакмикан? Энерготармоқларга сал енгиллик бўлармиди. Қиш совуқ бўлса ҳам, қуёшли. Ёзнику гапирмаса ҳам бўлади.

Инфратузилма бундай кўп қурилишлар ва кўп қаватли уйларга мўлжалланмаган. Шу кўп қаватли уйларнинг томидан ҳам самарали фойдаланса бўлади. Қолаверса Наманганда бу синовдан ўтди. Томларда ўрнатилган қуёш панеллари уйларни электротармоқлардан мустақил бўлишини таъминлаган.Блогер Дима Қаюм Facebook’даги саҳифасида кўп йиллар давомида ушбу оғриқли масала ҳақида постлар ёзиб келади. Шундай постлардан бири маҳаллалардан бирида жойлашган касалхонада «свет» ўчгани билан боғлиқ.

Тошкентда «биз халқ хизматкори» деб билувчи раҳбарлар! Шифохона,  жонлантириш бўлими. Тасаввур қилинг, шу аҳволда отангиз ўлим тўшагида ётибди. Нима қилардингиз? Дўхтирхонага ўт қўясиз,  керак бўлса. Лекин олис қишлоқларда ҳамма сабрли. Ҳатто уруш бўлаётган Украинада ҳам бу аҳвол эмас! Нега қишни ғами ейилмади? Нега тайёргарлик кўрилмади! Қишлоқда бечора электрасветчини сўкиб ётибди. Айбдор Тошкентда», – деб ёзган у.

Умуман олганда, ижтимоий тармоқларда электр ва газ таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ бундай постларни юзлаб учратиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги электр ва газ таъминотидаги муаммоларни тўғри тушунишга чақирганди.

 

Mанба: https://daryo.uz/k/2022/11/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>