Янгиликлар
Энергетика вазирлиги Матбуот штаби 14 ноябрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот беради
  • 16.11.2022
  • 138

Кеча, 14 ноябрь куни мавжуд электр станциялар орқали 210,4 млн кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва республика истеъмолчиларига етказиб берилди.

Шунингдек, газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 144,5 млн куб метр табиий газ ва 2,6 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 8 минг 311 тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди.

Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.

Республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида чекловлар (бир соатдан бир ярим соатгача) киритилди. Таъминотдаги узилишлар бўйича истеъмолчилардан 1000дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан электр қурилмаларида юзага келган носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий газ таъминоти бўйича Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда республикамизнинг айрим ҳудудларида газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Натижада истеъмолчилардан 500 га яқин мурожаат келиб тушди. Мавжуд муаммони бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Газ тармоқларида олиб борилган таъмирлаш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилди. Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилиб истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таминлаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, куз-қиш даврини беталафот ўтказиш мақсадида электр тармоқлари корхоналарида 439 та, газ таъминоти корхоналарида эса 244 та носозликларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича бригадалар ташкил этилган.

Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилган тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Ҳурматли истеъмолчилар, электр энергияси таъминоти юзасидан 11-54 қисқа рақами ёки Телеграм‘даги (@HET_admin) админстраторга, шунингдек, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефонлари ёки Facebook   ижтимоий тармоғидаги гуруҳга мурожаат қилишингиз мумкин.

▶️ @minenergy_uz

Манба: https://t.me/minenergy_uz/6320

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>